МРБ собиқ раҳбари: Украина Россия эгаллаб олган ҳудудларни қайтариб олиши мумкин
Дэвид Петреусга кўра, агар НАТО ва ғарб давлатлари ресурсларни ҳозирги суръатда етказиб беришда давом этса, Киев Россия қўшинларининг кейинги олдинга силжишини тўхтата олади.
Марказий разведка бошқармаси (МРБ) собиқ директори ва АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги (CENTCOM) собиқ раҳбари Дэвид Петреус Украина уруш пайтида Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудларни қайтариши мумкин, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда америкалик генерал 30 июль, шанба куни эълон қилинган Bild газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
«Аслида, Украина қўшинлари сўнгги ойларда Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудуднинг ҳаммасини бўлмаса-да, катта қисмини қайтариб олиши эҳтимоли ортиб бормоқда», - деди Петреус. «Агар НАТО ва ғарб давлатлари ҳозирги суръатда ресурслар етказиб беришда давом этса, ўйлайманки, Украина кучлари Россиянинг кейинги олға силжишини тўхтата олади ва 24 февралдан бери руслар томонидан эгаллаб олинган ҳудудларни қайтариб олишни бошлайди», — деди нашр суҳбатдоши.
МРБ собиқ раҳбари, шунингдек, Россиянинг эҳтимолий ғалабаси Европа учун қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида огоҳлантирди ва Шимолий Атлантика альянси буни аллақачон англаб етганини айтди. «Россиянинг Украинадаги ҳарбий муваффақияти - мен буни эҳтимолдан йироқ деб ҳисоблайман - Европа хавфсизлиги учун фалокатли бўлади», - деди генерал.
«Очиғини айтсам, НАТО ва унга кирмайдиган ғарб давлатлари етакчилари буни тан олди ҳамда Россия муваффақият қозонишига йўл қўймаслик учун зарур чораларни кўрмоқда», - дея қўшимча қилди у.
Май ойи бошида DW’га берган интервьюсида Петреус Россиянинг ядро ёки бошқа оммавий қирғин қуролини қўллаш эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Москва таҳдидларига жиддий баҳо беришга чақирганди, бироқ хавфнинг ўзини паст деб ҳисоблаганди. «Мен ядро ёки кимёвий қуролдан фойдаланиш эҳтимолдан йироқ эмас, деган фикрга мойилман. Бунда умумий фикр бор, чунки бу қизил чизиқларни кесиб ўтиш жуда жиддий оқибатларга олиб келади», деб тушунтирганди генерал.
МРБ собиқ раҳбари Киев ва Москва ўртасидаги тинч музокаралар имконияти ҳақида гапирар экан, бу жараёнда Украина президенти Володимир Зеленский асосий рол ўйнаши кераклигини таъкидлади. «Ахир, айнан унинг мамлакати Россиянинг бузғунчи ҳаракатларига чидашга мажбур бўляпти», деди у. Петреуснинг фикрича, бу масалада Ғарб давлатлари Киевнинг позициясидан келиб чиқиши керак: «Ўйлайманки, агар Зеленский ва унинг атрофидагилар музокара олиб боришни истаса, биз, албатта, бу борада ҳамкорлик қиламиз ва ёрдам берамиз». «Владимир Путинга музокаралар Украина билан содир бўлаётган воқеалар туфайли эмас, балки санкцияларнинг Россия иқтисодиётига таъсирини юмшатиш учун кераклигини ёдда тутиш керак», деди генерал.
Дэвид Петреус 2007 йилда тўрт юлдузли генералга айланган. 2008 йилдан 2010 йилгача у АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлигини бошқарган, Ироқ, Афғонистон, Яқин Шарқ ва Марказий Осиёдаги операциялар учун масъул бўлган. 2011 йилдан 2012 йилгача МРБ директори бўлган. 2012 йилда оилавий можаро туфайли у истеъфога чиқишга мажбур бўлди. Петреус махфий маълумотларни, жумладан, расмий электрон почтасига кириш имкониятини таржимаи ҳолини ёзган ва ўзаро шахсий муносабатлари бўлган журналист Пола Бродуэллга берган.
Суриштирув давомида у тергов билан келишувга эришди ва «махфий материаллар билан нотўғри ишлаш ҳамда ФҚБга нотўғри маълумот тақдим этиш орқали одил судловга тўсқинлик қилиш»га алоқадор эканини тан олди. 2015 йилда у шартли равишда икки йилга озодликдан маҳрум этилди ва 100 минг доллар (98 минг евро) миқдорида жаримага тортилди.