Нэнси Пелоси Тайванда. Хитой жиддий оқибатлар билан таҳдид қилди, аммо ҳозирча фақат машғулотлар ўтказмоқда
АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Хитойнинг таҳдидларига қарамай сешанба куни кечқурун Тайванга келди. Оқ уй Хитой бу ташрифга ҳарбий провокациялар билан жавоб қайтариши мумкинлигидан огоҳлантирганди. Хитой ҳозирча Тайван атрофида ҳарбий машғулотлар ўтказиш ҳақида эълон қилган.
АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси 2 август куни маҳаллий вақт билан кечқурун (Тошкент вақти билан 18:45) Тайванга қўнди. Унинг ташрифи сўнгги кунларда жаҳон янгилик сайтларининг асосий мавзусига айланди, оролни де-факто ўз ҳудуди деб ҳисоблайдиган Хитой ва Америка муносабатлари кескинлашди.
Америкаликлар делегацияси самолёти Тайбэйга қўнишига бир неча соат қолганида самолётлар ҳаракатини кузатиб борувчи FlightRadar24 сайтида узилишлар кузатила бошлади; компаниядагилар буни ушбу рейсга ҳаддан ташқари юқори қизиқиш билан изоҳлади, кейинроқ маълум бўлишича, самолёт йўналишини бир вақтнинг ўзида 700 мингдан ортиқ киши кузатиб борган.
Тайванда 500 метрли «Тайбэй 101» осмонўпар биносида америкаликлар делегацияси ташрифи арафасида «Speaker Pelosi, Welcome to TW» ва «TW ❤️US» ёзувлари акс этди.
Самолёт қўнгач Пелосининг офиси расмий баёнот берди, унда Конгресс делегацияси ташрифи Американинг Тайван демократиясини «қўллаб-қувватлашда иккиланмаслиги» ҳамда бу ташриф Американинг Хитой бўйича сиёсатига «ҳеч қанақасига зид эмаслиги» келтирилган.
Тайбэйдаги аэропортда Пелоси хонимни Тайван ташқи ишлар вазири Жозеф У кутиб олди, шундан кейин у маҳаллий парламентга йўл олди. У Тайван парламентидаги чиқишида Тайван жамоатчилигини «дунёдаги энг эркинларидан бири» деб атади. У хавфсизлик ва иқтисодиёт масалалари муҳокамаси учун Тайван билан парламентлараро алоқаларни кенгайтиришга чақирди.
Парламентда Пелоси хонимни спикер ўринбосари Сай Сичан қабул қилди ва уни «Тайван халқининг катта дўсти» деб атади. Унинг делегацияси ташрифи «демократия ва эркинлик қадриятлари ҳимояси»дан гувоҳлик бериши таъкидланди. Спикернинг ўзи Ю Сикун коронавирус туфайли карантинда.
Парламентга ташрифдан кейин Пелоси Тайван президенти Сай Инвен билан учрашиш учун йўл олди. У Тайван маъмурияти раҳбарига АҚШ делегацияси оролга уни қўллаб-қувватлашга содиқлигини тасдиқлаш учун келганини айтди. Сай Инвен эса Вакиллар палатаси спикерига Тайванни қўллаб-қувватлов учун миннаторчилик билдирди, «Тайван ҳарбий таҳдидлар қаршисида чекинмаслиги»га ваъда берди ва унга ҳукумат ишонч ёрлиғини топширди.
Чоршанба куни америкалик мулозим Тайван жамоатчилиги вакиллари гуруҳи билан учрашади. Учрашув Нью-Тайбэйдаги Инсон ҳуқуқлари миллий музейида ўтказилади.
Шу билан бир вақтда The Washington Post газетаси Нэнси Пелосининг колонкасида «Мен нима учун Тайванга Конгресс делегациясига раҳбарлик қиляпман» сарлавҳали мақола чиқарди. Унда конгрессвумен АҚШ Тайван хавфсизлигини таъминлашга ваъда бергани ва ҳозирда Тайван демократияси Хитой томонидан хавф остида қолганини унутмаслик кераклигини айтади: Пелосининг сўзларига кўра, Пекин сўнгги йилларда орол атрофида ҳарбий фаолликни шу қадар оширганки, бу АҚШ Мудофаа вазирлигини Хитой Тайванни куч билан қўшиб олишга тайёрланаётгани ҳақида хулоса чиқаришга мажбур этган.
«Бизнинг ташрифимиз Тайван ўзини ва ўз эркинлиги ҳимоя қилар экан, Америка унинг ёнида туриши ҳақидаги аниқ баёнот сифатида қабул қилиниши керак. Бугун, дунё автократия ва демократия танлови қаршисида турганида, Америка Тайваннинг 23 миллионлик халқи билан бирдамлик кўрсатиши ҳар қачонгидан муҳим», — деган у. Спикер 1991 йилда Хитойга Конгресс делегацияси билан ташриф буюргани ҳамда Тяньаньмэн майдонида «Хитойдаги демократия учун қурбон бўлганлар хотирасига» ёзуви туширилган лентани кўтаргани ҳақида эслатган. У Хитойда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият тобора ёмонлашаётганини таъкидлаган.
28 years ago, we traveled to Tiananmen Square to honor the courage & sacrifice of the students, workers & ordinary citizens who stood for the dignity & human rights that all people deserve. To this day, we remain committed to sharing their story with the world. #Tiananmen30 pic.twitter.com/7UqiJVRS3t
— Nancy Pelosi (@SpeakerPelosi) June 4, 2019
Самолёт қўнишидан бир неча дақиқа ўтиб Хитой ташқи ишлар вазирлиги баёнот бериб, Пелосининг ташрифини Хитой суверенитетини бузувчи ҳамда Тайван бўғозидаги тинчлик ва барқарорликка хавф солувчи, «ягона Хитой» сиёсатининг «қўпол равишда бузилиши» деб атади, шунингдек «Тайван мустақиллиги» тарафдорларига сигналлар юборди. «Хитой ва АҚШ — икки йирик мамлакат. Уларнинг муносабатлари фақат ўзаро ҳурмат, тинч-тотув яшаш, зиддиятга бормаслик ва ўзаро ҳамкорликда бўлиши мумкин. <…> АҚШ Тайван масаласини чигаллаштиришни ва Хитойнинг ички ишларига аралашишни бас қилиши керак», — дейилган баёнотда.
Хитой мудофаа вазирлиги мамлакат армияси жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирилганини, қарши чора сифатида «қатор мақсадли ҳарбий амалиётлар» ўтказишга тайёрланаётгани ҳамда «миллий суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қила олиши»ни маълум қилди. Хитойлик ҳарбийлар 4-7 август кунлари Тайван атрофидаги олти ҳудудда денгиз ва ҳавода машғулотлар ўтказиши маълум қилинди. FT нашри ёзишича, Пелоси мазкур машғулотлар бошланишидан олдин Тайванни тарк этади.
Ташрифга 20 дақиқа қолганида Хитой телеканалларида хитойликларнинг Су-35 қирувчи самолётлари Хитой ва Тайванни ажратиб турувчи «Тайван бўғозини кесиб ўтаётгани» хабар қилинди. Reuters ўз манбасига асосланиб ёзишича, ўтган кунларда Хитой ҳарбий самолётлари ва кемалари оролга яқинлашибгина қолмасдан, норасмий чегарага «тегиб ўтган» ҳам. Ўтган ҳафта охирида хитойлик ҳарбийлар Тайван бўғози ҳудудида машғулотлар ўтказилиши, шунингдек, ҳарбий самолётлар орол атрофида айланиб учиши анонс қилинганди. The New York Times нашрига кўра, Тайван ҳарбийлари ҳам ўтган ҳафтадан машғулотлар бошлаган.
Мавзуга оид
17:06 / 25.11.2024
АҚШ Японияга HIMARS тизимларини жойлаштиради
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
13:50 / 04.11.2024
Тайван РФга дастгоҳлар етказиб бериш тўлиқ тўхтатилганини маълум қилди
13:10 / 04.11.2024