АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга бир кунлик ташрифи итоатсиз орол атрофидаги кескинликни кучайтирди: пайшанба куни Хитой машғулотлар чоғида орол томон ўндан ортиқ баллистик ракеталар учирди, унинг акваториясида хитойликларнинг ҳарбий кемалари манёврлар қилмоқда, Тайван ҳукумати эса давлат идоралари сайтларига киберҳужумлар уюштирилганини маълум қилди.
Нэнси Пелоси 4 август куни Жанубий Кореяга учиб кетди, у бу сафар доирасида Корея демилитаризация ҳудудининг Шимолий ва Жанубий Корея ҳарбийлари юзма-юз турадиган ягона қисми - Қўшма хавфсизлик зонасига ташриф буюришни ҳам режалаштирган.
Тайван атрофидаги сувлар ва осмонда нималар бўлмоқда?
Тайван мудофаа вазирлиги маълум қилишича, пайшанба куни Хитой орол атрофида сув ва ҳавода ўтказилаётган мисли кўрилмаган ҳарбий машғулотлар вақтида ўндан ортиқ баллистик ракеталар учирди.
Тайван ҳарбийлари даъво қилишича, қўшнилар оролнинг шимолий, жанубий ва шарқий қирғоқлари яқинидаги ўқув нишонлари томон ана шундай 11 та ракетани учиришган. Бундан ташқари, ракеталар Тайваннинг Мацзу ороллари томон ҳам учиб келган.

Хитой ўтказилаётган машғулотлар - олдиндан режалаштирилгани, ракеталар эса денгизнинг Тайвандан шарқдаги қисмида жойлашган нишонларга аниқ боргани ҳақида маълум қилган. Тайван ҳарбийлари ракеталар қаерга қулагани ёки улар орол устидан учиб ўтган-ўтмагани борасида аниқлик киритмаган.

Режалаштирилган машғулотлар ҳақидаги даъволарга қарамай, Тайвандагилар Пекин уларни оролга сўнгги 25 йил ичида келган энг юқори мартабали америкалик сиёсатчи Нэнси Пелосининг ташрифига жавобан бошланган деган фикрда.
Хитой спикер Пелосининг Пекин ўзининг ажралиб чиққан провинцияси деб биладиган оролнинг ўзини-ўзи бошқарувчи демократиясини қўллаб-қувватлаш учун келганидан дарғазаб бўлди.
Машғулотлар дунёнинг энг гавжум бўладиган сув йўллари бўйлаб ўтказилмоқда, бу эса оролга сув орқали бориш ва келиш йўлларини тўсиб қўйган, шунингдек оролга рейслар амалга оширилишига тўсқинлик қилмоқда.
Тайвандаги Тайюан Усу халқаро аэропорти пайшанба куни хитойликларнинг машғулотларида ўт очилаётгани туфайли 50 дан ортиқ халқаро рейсларни бекор қилди.



















