Қайд этиш жоизки, 1 августдан эътиборан Twitter микроблоглар сервиси блокировкадан озод қилингач, бу ерда ҳам фойдаланувчиларнинг ташаббуслари билан давлат органлари раҳбарлари ҳамда ходимлари фуқаролар билан мулоқот қилишга киришмоқда. Куни кеча ижтимоий тармоқда хусусий мулк дахлсизлиги мавзусида аудиочат ўказилди.

Мулоқотга Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев, президент администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Муҳсинжон Холмуҳамедов, Бош прокуратура Академияси коррупцияга қарши курашиш илмий-маърифий маркази раҳбари Баҳодир Исмоилов, Олий суд судьялари Наврўз Раҳмонов ва Сарварбек Раҳмонов, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Нодир Тиллаев, Молия вазирлиги департамент директори Русланбек Маманов, Қурилиш вазирлиги масъул ходимлари Акбар Ражабов ва Ҳамза Очилов ва бошқалар спикер сифатида таклиф этилди.

Суҳбатни Ҳикматилла Убайдуллаев, Назира Иноятова ва Шуҳрат Шокиржонов олиб борди. Унда турли давлат идоралари масъул ходимлари, судьялар фуқароларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

«Сўнгги йилларда «снос» муаммоси уй-жой дахлсизлигини таъминлаш билан боғлиқ қонунчиликдаги мавжуд камчиликларни кўрсатиб берди. 2020 йилда «снос»га тушган мулкларнинг атиги 45 фоизига компенсация тўлаб берилган, қолган қарздорлик 2021 йилда тўлиқ қоплаб берилган бўлса-да, орада компенсация пулини кутган аҳоли сарсонгарчилигига йўл қўйилди. Конституцияга «Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Суднинг қарорисиз уй-жойдан маҳрум этилишга йўл қўйилмайди» мазмунидаги қоиданинг киритилиши бу муаммога ечим бўла оладими ёки йўқми, деган савол кўпчиликни ўйлантираётгани табиий. Турар жой дахлсизлиги бу эгасининг розилигисиз унинг турар жойига киришга, унга ҳар қандай зарар етказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини англатади», — деди Ҳикматилла Убайдуллаев.

Хусусий мулк масаласи Конституция даражасига кўтаришга нима сабаб бўлди?

«Аслида хусусий мулк дахлсизлиги ва «снос» билан боғлиқ масалалар Ўзбекистон қонунчилигида олдиндан бор эди. Масалан, Фуқаролик ва Шаҳарсозлик кодексларида ва бошқа ҳужжатларда бу ўз аксини топган. Бироқ сўнгги йилларда ушбу соҳадаги ҳужжатлар турли муносабатларни ҳар хил талқин қилишга олиб келди ва бир қатор муаммолар пайдо бўлди. Ушбу масаланинг Конституция даражасига кўтарилиши мулк дахлсизлиги билан боғлиқ устувор йўналишларнинг муҳим жиҳатларини мустаҳкамлашга қаратилган», — деди Баҳодир Исмоилов.