Украина портидан буғдой ортилган биринчи кема жўнаб кетди
Туркия Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, Украина портларидан яна иккита юк кемаси чиққан, улардан бирида буғдой бор. Охирги икки ҳафта ичида жами 14 та кема жўнаб кетди.
12 август, жума куни ғалла ташувчи яна иккита юк кемаси БМТ ва Туркия воситачилигида тузилган келишув доирасида Қора денгиздаги Украина портларини тарк этди. Улар орасида буғдой ташувчи кема ҳам уруш бошидан бери биринчи марта портдан чиқиб кетди. Бу ҳақда Туркия Мудофаа вазирлиги Twitter’да маълум қилди.
Маҳкама маълумотларига кўра, Белиз байроғи остидаги Sormovsky юк кемаси Черноморск портидан жўнаб кетган, у Туркия шимоли-ғарбидаги Текирдоғ шаҳрига 3,5 минг тонна буғдой етказиб беради. Маршалл ороллари байроғи остидаги Star Laura кемаси Южний портидан Эронга 60 минг тонна маккажўхори олиб боряпти.
Бу ҳақдаги маълумотни Украина инфратузилма вазири Александр Кубраков тасдиқлади.
Шу тариқа, дон олиб чиқиш битими доирасида сўнгги икки ҳафта ичида Украина портларидан озиқ-овқат юкланган 14 та юк кемаси чиқиб кетди. Ҳозиргача юк ташувларининг асосий қисмида ҳайвонлар учун озуқа ишлаб чиқариш ёки ёнилғига қайта ишлаш учун мўлжалланган дон олиб кетилаётганди.
Улардан бири - Polarnet 8 август куни Измит кўрфазидаги Деринже портига бортда тахминан 12 минг тонна маккажўхори олиб келди. Дон олиб чиқиш ташаббуси доирасида Украина портини биринчи бўлиб тарк этган ва Ливаннинг Триполи шаҳрига йўл олган Razoni кемаси ливанлик мижоз маҳсулотдан воз кечгач, Туркиянинг Мерсин шаҳрида тўхтаб қолган. Энди, Marine Traffic порталига кўра, бу юк кемаси Мисрга йўл олади. Қолган 12 та юк кемалари ҳамон белгиланган портларга жўнаб кетмоқда.
22 июль куни Истанбулда БМТ ва Туркия воситачилигида РФ ва Украина ўртасида келишув имзоланди, унинг мақсади Украина портларини дон олиб чиқиш учун очиб қўйишдан иборат. Ушбу келишувга кўра, ҳозирда Украинада тўсиб қўйилган 20-25 миллион тонна ғалла ниҳоят экспорт қилиниши мумкин. Хусусан, келишув Қора денгизда Украина қирғоқларидан Босфор бўғозигача бўлган хавфсиз йўлакларни назарда тутади.
Ушбу коридорлардаги кемаларга ва тегишли портларга ҳужум қилиш мумкин эмас. Ғалла экспорти Истанбулдаги координация марказида кузатилмоқда. Унда БМТ бошчилигида Россия, Украина ва Туркия вакиллари ишлаяпти. Экспорт Украинанинг учта портидан - Одесса, Чорноморск ва Южнийдан амалга оширилади.
Мавзуга оид
09:22
Украиналик фаоллар яна Навалнаянинг нутқини тўхтатишга уринди
07:56
Пентагон Украинага ёрдам учун қолган пул миқдорини эълон қилди
21:13 / 12.11.2024
Суджаликлар яна бир бор ўз яқинлари эвакуацияси учун гуманитар йўлак сўради
20:43 / 12.11.2024