Алалоқибат, «SULTON TEX GROUP»га пахта етиштириш ажратилган 15 минг гектар ер қайтариб олинди, Қарши тумани фермерларига корхона билан шартнома имзолаш эса ўшандаёқ тақиқланган эди.
Шунча тўсиқлар ва қийинчиликларга қарамасдан, ип йигирув, тўқимачилик ва трикотаж-тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона ўз олдига қўйган мақсадларга етишиш йўлида собитқадам бўлди.

Ўтган қисқа давр ичида корхонада ишлаб чиқариш ҳажми оширилган, корхона анча кенгайтирилган ва Қашқадарёнинг экспорт салоҳиятига ҳисса қўшишда давом этмоқда.

Корхона аҳлининг фидокорона меҳнатлари бесамар кетмади. Корхона раҳбари Нурбек Эргашев тадбиркорлар кунида президент фармонига кўра «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.

Биз корхонага етиб борганимизда, меҳнат жамоаси бошлиқларини байрамона кутиб олгани устидан чиқдик. Шу куни байрам бўлди. Ишчи-ходимларга зиёфат дастурхони ҳам ёзилди.
Нурбек Эргашев биз билан суҳбатда юксак мукофотга лойиқ кўрилгани, билдирилган ишонч учун давлат раҳбарига, Қашқадарё вилояти мутасаддиларига ўз ташаккурини изҳор этди.

Шундан сўнг Нурбек Эргашев ўзи раҳбарлик қилаётган корхонани айлантирди, амалга оширилган ва келгусида режалаштирилаётган ишлар хусусида ҳикоя қилиб берди.
Корхонада ўзлари 74 гектар далада етиштираётган, Касби тумани фермерларидан ва биржадан харид қилаётган пахтани тозалаб, ундан ип йигирмоқда. Маълум бўлишича, 2022 йил март ойида корхонада янги ип йигирув цехи ишга туширилган. Замонавий ип йигирув цехи ишлаб чиқараётган маҳсулотлар тўлиқ хорижга экспорт қилинади.




























