11:23 / 02.09.2022
18618

Грециянинг кичик порти Россия ва АҚШ ўртасидаги қарама-қаршилик майдонига айланди

Пентагон Александруполисдан Европадаги базаларига қурол-яроғ етказишда фойдаланишини тасдиқлайди, бу йўналиш орқали Украинага ҳам қуроллар етказилиши мумкин.

Александруполис порти. Diego Cupolo / NurPhoto / Shutterstock / Vida Press

Александруполис шаҳарчаси Грециянинг шимоли-шарқий қисмида, Туркия ва Болгария чегараларига яқин ерда жойлашган. 2021 ва 2022 йиллардаги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, у ерда 60 мингдан камроқ одам яшайди. Август ойида The New York Times газетаси журналистлари бу шаҳарчанинг порти кутилмаганда АҚШ ва Россия учун катта стратегик аҳамиятга эга бўлиб қолганини аниқлади.

Америкаликлар ундан Шарқий ва Шимолий Европага қурол-яроғ ташишда фойдаланмоқда, бу эса Москвани ғазаблантиряпти. Яна бир манфаатдор томон – Эгей денгизидаги баҳсли ҳудудлар бўйича Греция билан зиддиятда бўлган Туркия.

Турк самолётлари ва Америка кемалари

Бир қарашда Александруполис муҳим геосиёсий марказга деярли ўхшамайди. Бироқ, Вашингтон Шарқий Европадаги Америка базаларига қурол жўнатиш учун айнан шу портдан фойдаланади. АҚШнинг бу ҳаракатлари нафақат Россия, балки Туркиянинг ҳам салбий муносабатига сабаб бўлди.

Россия билан тарихий, иқтисодий, маданий ва диний алоқаларга қарамай, Греция биринчилардан бўлиб Украинани ҳарбий ресурслар билан қўллаб-қувватлади ва бунинг учун Москва уни «нодўст давлатлар» рўйхатига киритди.

Греция узоқ вақтдан бери Эгей денгизидаги баҳсли орол ҳудудлари ва Кипрдаги вазият юзасидан Туркия билан кескин муносабатларда бўлиб келади. 1974 йилда Туркия ҳукумати Кипрнинг шимолий қисмини мустақил давлат сифатида тан олди ва амалда уни босиб олиб, ўз қўшинларини жойлаштирди.

Россия ва Туркия расмийлари АҚШнинг минтақада таъсири кучайишини миллий хавфсизликка таҳдид сифатида талқин қилишди. Туркия президенти Ражаб Эрдўған Қўшма Штатларнинг Греция орқали қурол олиб ўтиш амалиётини кескин танқид қилди. Май ойида эса Греция ташқи ишлар вазирлиги турк ҳарбий самолётлари давлатлар чегарасидан 20 километрдан камроқ масофада жойлашган Александруполис ҳаво ҳудудига кирганини эълон қилди. Маҳаллий аҳоли Туркия ўз ҳудудларини (Шимолий Кипрда бўлгани каби) босиб олишга ёки бошқа йўллар билан назоратга олишга тайёрланаётганидан хавотирланишади.

Туркия томонидан эҳтимолий экспансия хавфи борлиги ва украинлар билан бирдамлик масаласи юнонлар учун устувор йўналишларни белгилаб берди. Греция ҳукумати Қўшма Штатларга минтақада ҳарбий салоҳиятини оширишга ва Александруполисдан қурол-яроғ ташиш учун фойдаланишга рухсат берди.

Кичик портдаги кўп сонли денгизчилар

Америкаликларнинг келиши Александруполисдаги ҳаётни кескин ўзгартирди. Чўкиб кетган баржа кириш йўлини тўсиб қўйгани сабабли, шаҳар порти 10 йилдан буён фаолият юритмаётганди.

АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари 2019 йилда муаммони ҳал қилишди ва шундан бери қурол ортилган ҳар бир кеманинг келиши шаҳарни «жонлантириб» қўяди. Юкларга ҳамроҳлик қилаётган америкалик денгизчилар дўконларда савдо қилишади, турли маиший хизматлардан фойдаланишади.

2021 йилда Америка томонидан Александруполис орқали ташилган юклар ҳажми 14 баравар ошди ва 3100 «бирлик»ни ташкил этди (Пентагон танклардан тортиб ўқ-доригача бўлган ҳар қандай қуролни шундай номлайди). 2022 йилда юк ташишнинг бундай ҳажмига август ойидаёқ эришилди. Бунда Вашингтон қурол-яроғ фақат Украина учун эмас, балки Шарқий ва Шимолий Европадаги базалари учун ҳам мўлжалланганини даъво қилмоқда.

Америка кемалари етиб боргунга қадар шаҳар худди аввалгидек осойишталигича қолади. Порт кранлар етишмаслиги туфайли денгиз савдосида деярли иштирок этмайди. Бироқ Пентагон кўпроқ ҳарбий юкларни қабул қилиш имкониятига эга бўлиши учун портга ускуналар ўрнатишга ҳомийлик қилмоқда. Маҳаллий маъмурият Америка ёрдами туфайли кейинчалик шаҳар Болгария, Руминия ва бир кун келиб ҳатто Украина учун ҳам машҳур савдо пунктига айланишига умид қилмоқда.

Россиялик ишбилармонлар Америка конгломератларига қарши

Александруполис портини назорат қилиш учун тўртта компания рақобатлашмоқда. Иккитаси Вашингтон томонидан қўллаб-қувватланса, яна иккитаси Россия билан алоқадор.

Американинг BlackSummit Financial Group компанияси эгаси Жон Ҳараламбакис биринчи марта Александруполис портига 2018 йилда қизиқиб қолган. Ўша пайтда АҚШнинг Грециядаги элчиси Жеффри Пайетт унга Америка компаниялари минтақага таъсир ўтказиш учун Хитой ва Россия билан фаолроқ рақобатлашиши кераклигини айтганди. Портни сотиб олишга уринаётган Quintana Infrastructure & Development компанияси эса ўз режалари ҳақида изоҳ беришдан бош тортди.

2022 йил август ойида Нью-Жерси штатидан сенатор Роберт Менендес шаҳарга ташриф буюрганида АҚШнинг Александруполисга бўлган эътибори яна бир бор тасдиқланди.

Россиянинг Dimera компанияси ўзини «келиб чиқиши юнон, ҳаётда россиялик, дини эса православ» деб атайдиган тадбиркор Иван Саввиди томонидан бошқарилади. Аммо у монополияга қарши қонунлар бузилиши сабабли портни қўлга кирита олмайди. Чунки у Грециянинг Салоники шаҳридаги иккинчи энг йирик портга эгалик қилади.

Александруполис портига даъвогар иккинчи компания «Газпром» билан ҳамкорлик қилувчи ва Грецияга табиий газ етказиб берувчи Copelouzos Group конгломерати ҳисобланади.

Худди шу компания Санкт-Петербургдаги аэропорт қурилишига масъул бўлган ва 2016 йилгача унинг ишини бошқарган. Америкалик рақобатчилар тахминига кўра, Copelouzos Group асосчиси Димитрос Копелузос «Газпром» билан ҳамкорлиги туфайли Кремль босимига дуч келиши мумкин.

Аммо санкциялар остида қолган Россия энди Греция расмийлари ва тадбиркорларига аввалгидек истиқболли ҳамкор кўринмайди. Александруполисдаги вазиятнинг ўзи ҳам худди шундай прагматик баҳоланмоқда: маҳаллий ишбилармонлар Америка компаниялари портни Украинани қурол-яроғ билан таъминлашнинг муҳим йўналишига айлантириб, Греция акваториясини бу борада Туркия назорати остидаги Қора денгиз бўғозларидан ўзиб кетишига имкон беришидан умид қилмоқда.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top