Фан-техника | 23:11 / 10.09.2022
59443
6 дақиқада ўқилади

Энг кучли Android-смартфонлар, учар меҳмонхона ва 81 долларлик Redmi — ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

Энг кучли Android-смартфонлар

Asus ROG Phone 6

Август ойининг энг кучли Android-смартфонлари рейтинги эълон қилинди. Биринчи ўринни Asus ROG Phone 6 смартфони эгаллади. У Snapdragon 8+ Gen 1 процессори билан жиҳозланган бўлиб, тезкор хотираси 16 ГБ ва доимий хотираси 512 ГБ.

Иккинчи ўринга худди шу процессор ўрнатилган iQOO 9T смартфони жойлашди. Унинг тезкор хотираси 12 ГБ ва доимий хотираси 256 ГБ.

Snapdragon 8 Gen 1 процессорига эга ZTE Nubia Red Magic 7 учинчи ўринни эгаллади. Унинг тезкор хотираси 16 ГБ ва доимий хотираси 25 ГБ. 

Шунингдек, рўйхатга Xiaomi 12S Ultra, Black Shark 5 Pro, Vivo X80, Motorola Edge 30 Pro, Vivo X80 Pro, Samsung Galaxy Z Fold4 ҳамда Xiaomi 12 Pro смартфонлари ҳам киритилган.

Apple тақдимоти

Apple компанияси iPhone 14 линиясидаги янги қурилмалари тақдимотини ўтказди. Бу сафар компания iPhone’ларнинг мини моделидан воз кечди ҳамда iPhone 14, iPhone 14 Plus, iPhone 14 Pro ва iPhone 14 Pro Max моделларини намойиш қилди.

iPhone 14 ва 14 Plus А15 Bionic прoцессори билан жиҳозланган. Бу прoцессор iPhone 13’даги А15 прoцессоридан 25 фоизга кучлироқ. Видеотасвирга олиш стабилизацияси учун Action Mode функцияси қўшилган. Орқа – асосий камералар кам ёруғлик шароитида ҳам рангларни 49 фоизга ёрқинроқ кўрсатади, олд – селфи камера эса 38 фоизга ёрқинроқ. Шунингдек, селфи камерада илк бор автофокус функцияси пайдо бўлган.

iPhone 14 бозорларда 16 cентябрдан пайдо бўлади ва унинг АҚШдаги нархи 799 доллар. iPhone 14 Plus эса 899 доллардан бошланади ва 7 октябрдан бозорларга чиқиши айтилмоқда.

Асосий кутилган флагманлар iPhone 14 Pro ва Pro Max қурилмаларида ўзгаришлар қаторида Always-on Display функцияси, экраннинг юқори қисмидаги ўзгариш ҳамда яхшиланган камераларни санаш мумкин.

14 Pro ва Pro Max’нинг экран ёруғлиги 13 Pro’га нисбатан 2 баробар оширилган – 2000 nit.

14 Pro ва Pro Max’га янги 6 ядроли А16 Bionic прoцессор қўйилган. Ишлаб чиқарувчилар у расмлар билан бир сонияда 4 триллион операцияни бажара олишини, шу билан бирга 40 фоизга тезроқ ва 20 фоиз кўпроқ энергия самарадорлигини айтмоқда.

АҚШда iPhone 14 Pro 999 доллардан, iPhone 14 Pro Max 1099 доллардан бошланади. Улар 16 сентябрдан бозорларга чиқиши кутилмоқда.

Робот бош директор

Хитойдаги мобил иловалар ва онлайн ўйинлар ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи NetDragon Websoft компанияси Тан Ю деб номланган сунъий онгга эга гуманоид роботни бош директор этиб тайинлади.

Фото: AP

Компаниядагиларнинг сўзларига кўра, робот иш жараёнларини мувофиқлаштириш билан шуғулланади. Бундан ташқари, Тан Ю барча ходимларнинг иш фаолиятини ҳаққоний баҳолайди.

Роботнинг техник хусусиятлари ҳақида маълумот берилмаган.

Пластмассадан олмос олиш

АҚШ ва Германия олимлари SLAC Миллий лабораториясида пластмассадан олмос олиш усулини топишди. Тадқиқотчилар ҳаддан ташқари юқори босим ва ҳарорат остида углеводородлар сайёра юзасидан бир неча километр пастда кристалли тошларга айланиши мумкинлигини аниқлашган. Шунингдек, Нептун ва Уран каби сайёраларда қимматбаҳо тошлар булутларда ҳосил бўлиши ва ёмғир кўринишида пастга тушиши ҳам тахмин қилинган.

2017 йилда тадқиқотчилар лаборатория шароитида полистиролдан майда олмослар олиш усулини топишган бўлса, эндиликда пластик чиқиндилардан ҳам олмос олишга муваффақ бўлишди.

81 долларлик Redmi

Хитойнинг Xiaomi компанияси жорий йилда ишлаб чиқарилган энг арзон гаджети - Redmi А1 смартфонини тақдим қилди. Моделнинг нархи атиги 81 долларни ташкил этади.

Фото: Redmi

Redmi А1'га MediaTek Helio A22 процессори ўрнатилган, 6,52 дюймли IPS-дисплейи билан жиҳозланган. Смартфон Android 12 операцион тизимида ишлайди, олд камераси 5 Мп, орқа асосий камераси 8 Мп, ёрдамчи камераси эса 2 Мп.

Аккумулятор қуввати – 5000 мА/соат. Bluetooth 5.0, GNSS, иккита сим карта ва микроSD карта жойлаштириш имконияти мавжуд.

Учар меҳмонхона

Яманлик биотехнолог ва илмий коммуникатор Ҳошим ал-Ғайли учар меҳмонхона лойиҳасини ишлаб чиқди ва уни Sky Cruise деб атади.

Фото: Sky Cruise

Учар меҳмонхона атом энергиясидан қувват олади, бу эса унинг доимий равишда ҳавода бўла олишига имкон беради.

Меҳмонлар унга самолётларда келишади, бунинг учун Sky Cruise ўз аэродромига эга бўлиши ҳам кўзда тутилган.

Ғайли концепцияси доирасида сунъий интеллект самолётни бевосита бошқаради, учувчилар эса фақат унинг самарали ишлашини назорат қилади.

Тахминларга кўра, булут кўринишидаги ҳашаматли бино бортида бир вақтнинг ўзида 5000 нафаргача меҳмон яшаши мумкин бўлади.

Технолог ғояси ва аэродинамика қонунлари ўртасидаги зиддият туфайли скептиклар Sky Cruise "ҳаво Титаниги" деб номлашган. Шунингдек, улар бортида ядро реактори бўлган самолёт шаҳар устига қулаб тушса, бу атом бомбаси портлашига ўхшаш даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлашган. 

Мавзуга оид