Ўзбекистон | 20:03 / 12.09.2022
22522
2 дақиқада ўқилади

"Билими мендан яхши бўлган синфдошим қоровуллик қиляпти" – Тошқулов эски тизим қобилиятларни бой бергани ҳақида

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ўқишга киришда 5 та йўналиш танлаш имконияти аҳамиятини исботлаш учун ўз ҳаётидан мисол келтирди.

Талабаларни турар жой билан таъминлаш ва контракт мавзуларига бағишланган матбуот анжуманида Абдуқодир Тошқулов ОТМга ўқишга ҳужжат топширишда 5 йўналишни танлаш имкониятига тўхталди. Вазирнинг таъкидлашича, эски таълим тизими қобилиятли кишиларни бой бериб қўйган.

“Менинг бир синфдошим, тан олишим керак, кўпгина фанлардан билими мендан яхшироқ эди. Мен 5 дақиқада математикадан мисол ечсам, у бошқа йўл билан 3 дақиқада ишлар эди. У нуқул Тошкентга келди. Ўша даврларда иқтисодий йўналишлар ўтиш балли 200 дан паст эмасди. Келади, 189 балл олади, қайтади, 192 балл олади, қайтади.

Мен 177 балл билан ўзимнинг вилоятимда ўқиб, мана бугун сизга ҳисобот берадиган даражада президент ва халқ ишончи билан келдим. У 5 йил шунақа бўлиб, шу билан ўқимади. Яқинда бориб, касбини сўрасам, мактабда қоровул экан. Кўзимдан ёш чиқиб кетди. Ўша даврдаги таълим сиёсати шунақа қобилиятни бой бериб қўйди.

Ҳозир ҳам ўқисам бўладими, деб сўраяпти. Ҳалиям олови ўчмаган. Ҳозир 5 та йўналишни белгилаш қанчалик катта имкониятлигини шу мисол билан призмадан бир ўтказиб кўринг. У бир жойда ўқиб, давлатга яхши хизмат қиладиган мутахассис бўла оларди.

Мен қоровуллик касбини пастга урмоқчи эмасман. Ҳар ким қобилиятига, шароитига яраша ишни қилиши керак. Биз қобилиятни йўқотиб қўйдик”, – деди вазир. 

Мавзуга оид