Жаҳон | 17:56 / 15.09.2022
32522
13 дақиқада ўқилади

Ўнлаб танклар, дронлар ва разведка тизимлари. Украина Харкивда қандай ўлжаларга эга бўлди?

Украина армияси Харкив йўналишида кутилмаган қарши ҳужумни амалга оширди ва россиялик ҳарбийларнинг кўплаб техникаларини қўлга киритди. Улардан баъзиларини Россия қуролли кучлари тарихда биринчи марта рақибга бериб қўйди.

Фото: Украина қуролли кучлари

Россия мудофаа вазирлиги Харкивдаги вазиятни «қўшинларни қисқартириш ва Изюм-Бакалия гуруҳи кучларини кўчириш» деб атади ҳамда буни «чалғитувчи ҳаракатларнинг бир қисми» дея таснифлади.

Агар бу баёнот жиддий қабул қилинса, Россия қўшинлари бундай «чалғитиш» кампанияси доирасида Изюмда бутун бир танк ротаси, дронлар комплекти, ноёб разведка станцияси ва унинг ҳужжатларини Украина қуролли кучларига ташлаб кетган.

Украина армияси Харкивда қандай «ўлжалар»га эга чиқди?

Россия қўшини чекиниш вақтида жуда кўп техникаларни қолдириб кетди. Фото: Reuters

«Бутун бирлашган армиянинг захира қисмлари Изюмда жойлашгани сабабли, бу ерда қўлга киритилган техникалар олдингиларидан технологик жиҳатдан анча илғорроқ», — дейди ҳарбий тарихчи ва публицист Михаил Жирохов BBC нашри билан суҳбатда.

Бирлашган армия мустақил равишда ҳам, йирик тузилмаларнинг бир қисми сифатида ҳам турли ҳарбий амалиётларни мустақил ўтказиш учун мўлжалланган (масалан, Иккинчи жаҳон уруши фронтларидаги каби), шунинг учун у одатда ўз техникавий мустақиллигини таъминлаш учун кенг турдаги ҳарбий техникага эга бўлган.

Россия армиясининг «Изюм-Балаклия гуруҳи» ҳам шу турдаги тузилма бўлиб, турли ҳисоб-китобларга кўра, у бир нечта батальон-тактик бўлинмаларидан ташкил топган ва ундаги аскарлар сони 10 мингдан кўпроқ бўлган. Унинг асосий техникалари Изюмда жойлашганди.

Айнан шу сабабдан, Украина қуролли кучлари томонидан Изюмда қўлга киритилган рус ҳарбий техникасининг миқдори жуда кўп ва улар одатда қўшин орқасига жойлаштирилувчи ноёб ва янги моделлардир.

Украина ижтимоий тармоқларида ҳатто «Россия ленд-лизи» (Иккинчи жаҳон уруши даврида АҚШ СССРга шу дастур доирасида қурол-яроғ етказиб берган) ҳақидаги мемлар ҳам пайдо бўлди. Бунга сабаб, Украина ҳарбийлари томонидан қўлга киритилган ҳарбий ускуналар шунчалик кўпки, бу Россияга қарши курашиш учун Ғарб давлатлари Украинага юборган қуроллар пакетига ўхшайди.

Россияликлар қолдирган гранатомётлар

«Орлан-10 дронлари тўплами, унинг бошқариш станцияси ва ҳужжатлари Украина ҳарбийлари қўлига ўтганини муваффақият деб айтиш мумкин. Дронларга қарши курашиш тизимларини ишлаб чиқиш бўйича мутахассислар учун бу ҳақиқий совғадир», — дейди Михаил Жирохов.

«Бундан ташқари, Украина қуролли кучлари кузатув ва алоқа тизимларининг ҳарбий мажмуалари, хусусан, ПСНР-8Р разведка мажмуасини (артиллерия қуролларига қарши) қўлга киритди», — дея қўшимча қилади у.

Шу билан бирга, ҳозирда Украина армияси томонидан қўлга киритилган рус ҳарбий техникалари асосан бу уруш учун стандарт турдаги қуроллар — турли модификациядаги Т-72 ва Т-80 танкларидан иборатдир.

Қизиқ томони – ташлаб кетилган техникалар орасида модернизация қилинган ўзиюрар гаубица «Мста-С» (1976 йилда ишлаб чиқарилган) ва ҳатто ўзиюрар миномёт «Нона-СПК» (1981 йилда ишлаб чиқарилган) ҳам мавжуд», — дея қайд этади таҳлилчи.

«Нона-СПК» ўзиюрар миномёт

«Қўлга киритилган ҳаво ҳужумидан ҳимоя техникаларига ‘Оса-АКМʼ зенит-ракета тизимини ташиш учун мўлжалланган юк машинаси ва асосийси, ушбу мажмуа учун ракеталар киради», — деган Жирохов.

У шунингдек Украина қуролли кучлари жуда кўп ўқ-дорилар захираси қўлга киритгани, уларнинг миқдори камида ўн минг тоннани ташкил қилишини айтган.

Қуйида Украина қуролли кучлари қўлга киритган бир неча ҳарбий техникалар ва улар ҳақида кенгроқ маълумотлар келтирилади.

«Кантемиров» танк дивизияси

Изюмдаги ташлаб кетилган кўплаб рус танкларининг фотосуратлари Россия қўшини кетишни деярли режалаштирмагани, чекиниш ўта шошилинч тарзда рўй берганининг ёрқин далилларидан биридир.

Изюм ҳудудида ўнлаб ташлаб кетилган танк ва зирҳли техника воситалари бир жойдан топилган. Бундай жойлар ҳали яна кўплаб топилиши мумкин.

Ўнта танк — бу танк ротаси, механизациялашган ёки танк бригадаларининг тўлиқ тактик бирлиги.

Фото: Левко Стек

Ҳарбий кузатувчи Кирилл Данилченконинг сўзларига кўра, гап Украинага бостириб киришдан олдин Россия армиясидаги элита бўлинмаларидан бири ҳисобланган «Кантемиров» 4-танк дивизиясига тегишли бўлган, модернизация қилинган Т-80БВ танклари ҳақида бормоқда.

«Ёки уларнинг ёнилғиси тугаган ёки унга ўтирадиган ҳеч ким топилмаган», — дея изоҳ беради Данилченко.

Т-80 танклари —Украина армиясида хизмат қилган ва ҳозир ҳам ишлатилаётган танк. Қўлга киритилган ушбу танклар, эҳтимол, яқин келажакда Украина қуролли кучларининг механизациялашган ёки танк бригадаларидан бирига қўшилади.

Ўзиюрар артиллерия қурилмалари

Мста-С ўзиюрар гаубицаси

Танклардан ташқари Украина қуролли кучлари ҳарбий техникаси парки ўзиюрар артиллерия қурилмалари билан ҳам тўлдирилди.

152 мм калибрли ўзиюрар артиллерия қурилмалари сонидаги устунлик русларга Донбассда муваффақиятли ҳужумга ўтиш ва Луҳанск вилоятини эгаллаш имконини берган эди.

Мантиқан уларнинг кўпчилиги Харкивда жойлашгани тўғри ва улар ҳозирда Украина ҳарбийлари қўлига ўтган.

«Янги совға — 2C19 ‘Мста-Сʼ 152 мм калибрли ўзиюрар артиллерия қурилмаси. Рус оккупантлари «Биз ўзимизникиларни ташлаб кетмаймиз» дейди. Амалда бизнинг аскарлар билан тўқнаш келишганда қуролдошларини ҳам, ҳарбий техникаларини ҳам ташлаб, қочиб кетишади», — дейди Украина ҳаво кучлари 25-бригадаси аскари.

Ҳарбий мухбир ва «Цензор.Нет» сайти муҳаррири Юрий Бутусов рус қўшинларидан озод қилинган Купянскда яна бир ўзиюрар артиллерия қурилмаси — «Акация» ташлаб кетилганини ёзган.

«Ўзиюрар артиллерия қурилмаси «Акация» Купянскда. У хочлар билан бўялган (Харкив вилоятида қарши ҳужум ўтган Украина бўлинмаларининг ўзига хос белгиси), аммо у аниқ Украина қуроллари кучлариники эмас. Бу ўлжа», — деган Юрий Бутусов. 

Гап шундаки, 2014 йилдан бери (Россия Қримни босиб олган йил) Украинадаги артиллерия омборларида содир бўлган кўплаб ёнғинлардан сўнг Украина қуролли кучларида 152 миллиметрли снарядлар етишмаслиги муаммоси пайдо бўлди ва Россия босқинининг дастлабки ойларида қолган снарядлар ҳам деярли тўлиқ ишлатиб бўлинди. Ҳозирда Украина армияси асосан 155 мм калибрли НАТО снарядларидан фойдаланади.

Шу сабабли, Украина қуролли кучлари Харкивда қўлга киритган Россиянинг ўзиюрар артиллерия қурилмаларини фронтда қандай ишлатиши ҳақидаги савол очиқлигича қолмоқда. Бироқ қўлга киритилган ўқ-дорилар ҳисобга олинса, олдинги чизиқда камида бир нечта артиллерия бўлинмалар пайдо бўлиши мумкин.

«Тор-М1» зенит-ракета тизими

Фото: БУТУСОВ ПЛЮС

Балаклия шаҳари яқинида украиналик аскарлар «Тор-М1» зенит-ракета тизимини (ЗРТ) «топиб олган».

Бу Украина қўлга киритган ўлжалар орасида янгилик эмас. Oryx нашри кузатувчилари маълумотларига кўра, Украина қуролли кучлари аллақачон турли модификациядаги камида тўртта шундай комплексни қўлга киритган.

«Тор» ЗРТ — бу дивизия даражасида ҳаво мудофааси ва ракетага қарши мудофаа вазифаларини бажаришга мўлжалланган, ҳар қандай об-ҳавога мослашган тактик зенит-ракета тизими. «Тор-М1» ЗРТ 1991 йилда фойдаланишга топширилган модификация», — деб ёзади Украинанинг «Военний портал» нашри.

Россия ҳарбийлари бу турдаги тизимлардан баъзи ҳарбий кемаларининг ҳаво мудофааси учун фойдаланади. Шу турдаги комплекс «Байроқдор» дрони томонидан йўқ қилинган Илон (Змеиний) оролига ҳам ўрнатилганди.

«Тор» Украина армиясида ҳам ишлатилади ва шу боис уни Украина зенит-ракета тизимларига мослаштиришда ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

Разведка станцияси

Михаил Жирохов тилга олган ПСНР-8Р — бу «Кредо-М1» портатив ер усти разведка станциясидир. У артиллериянинг нишонга олиш самарадорлигини сезиларли даражада оширишга имкон берувчи сўнгги рус разведка тизимларидан бири.

2020 йилда InformNapalm ҳамжамияти Украина қуролли кучларининг 24-бригадаси Донбасcда шундай станцияни йўқ қилгани ҳақида хабар берганди.

Аммо украиналик ҳарбийлар Кредо-М1’ни қўлга киритишга муваффақ бўлгани ёки йўқлиги ҳозирча номаълум. Бу тарихда биринчи марта юз берган бўлиши мумкин.

Разведка станциялари камёб ва юқори технологияли ускуналар бўлиб, уларни тегишли йўриқнома-ҳужжатисиз ўрганиш жуда қийин, шу боис, Украина қуролли кучларига ушбу ўлжани ўзлаштириш учун вақт керак бўлади.

«Зоопарк 1-М»

Украина аскарлари Харкивда ракета ва артиллерия қуроллари позицияларини аниқловчи яна бир юқори технологияли разведка тизими — «Зоопарк 1-М»ни ҳам қўлга киритган.

«Ушбу тизим миномёт, артиллерия ва бирваракайига ўқ узувчи тизимларининг ўқ узиш позициялари, тактик ракеталарни учириш нуқталари ва ўзи каби ўқ отиш (учириш) йўли билан разведка қилувчи ускуналарни аниқлаш учун мўлжалланган», деб ёзади Украинанинг Defense Express нашри кузатувчилари.

Унинг қўлга киритилгани украиналик жангчилардан бирининг видеосидан маълум бўлди. Видеода у ва унинг шериги ташлаб кетилган Россия станциясига яқинлашиб, мина детектори ёрдамида йўлни текшираётгани тасвирланган.

Defense Express хабарига кўра, бу Россия босқинининг бошидан бери Украина қуролли кучлари томонидан қўлга киритилган иккинчи «Зоопарк» комплекси. Биринчиси украиналик жангчилар томонидан март ойида қўлга киритилганди.

Радар разведка тизимининг фақат бир қисми бўлгани сабабли, украиналик ҳарбийлар ундан фойдалана олиши қийин. Бироқ «Зоопарк»нинг юқори технологияси ва нархини ҳисобга олган ҳолда, уни Харкив вилоятида қўлга киритилган энг қимматли ўлжалардан бири дея тахмин қилиш мумкин.

Россия артиллериясининг «кўзи»

Фото: Паша Кашчук

Бироқ Харкивда қўлга кирилган ўлжалардан бошқа бири резонансга сабаб бўлди. Бу Россиянинг «Орлан-10» дронлари тўплами.

Бу Украина ҳарбийлари томонидан «Орлан-10»нинг барча таркибий қисмлари билан қўлга киритилгани ҳақидаги биринчи хабар.

Фото: Паша Кашчук

«Орлан»лар замонавий рус артиллерияси учун муҳим ёрдамчи ҳисобланади. Улар «Мста-С» ва бошқа рус ўзиюрар артиллерия қуролларининг бирлаштирилган «кўзлари» бўлиб, артиллериячиларга реал вақт режимида фронтдаги нишонларни мўлжалга олиш ва «оловли тўсиқ» яратиш имконини беради.

Ушбу дронларни ясашда арзон ва санкцияларга тушмаган кўплаб фуқаролик компонентларидан (масалан, оптикадан) фойдаланиши сабабли, Россия бундай қурилмаларни катта миқдорда ишлаб чиқарган ва ишлаб чиқаришда давом этмоқда. Улар рус армиясининг фронт чизиғини деярли кеча-ю кундуз кузатишини таъминлайди.

Шу билан бирга, «Орлан-10» нархи уларни уриб туширадиган зенит қуроллариникидан анча паст. «Орлан»ларнинг сони кўплиги ҳисобга олинса, бу муаммо Украина қуролли кучлари учун янада аҳамиятлироқдир.

Шу сабабли, ҳужжатларга кириш, частоталар ҳақида маълумот, кодлашлар, ушбу рус дронининг Украина армияси учун ҳаракатлар протоколлари Украина учун жуда муҳим ҳисобланади. Унинг электрон уруш ва электрон разведка бўлимлари 2014 йилдан бери биринчи марта қўлга киритилди.

Янги танкка қарши мина

Украиналиклар қўлга киритган техникалар орасида энг сўнгги турдаги танкка қарши ПТКМ-1Р миналар тўплами ҳам бор.

Россия бу турдаги миналардан фойдаланиши 2022 йилнинг май ойида улар ташлаб чиқиб кетган Киев вилоятида ушбу турдаги миналар топилганидан кейингина маълум бўлди.

ПТКМ-1Р анча мураккаб ишлаш технологиясига эга ва у ўзи ўрнатилган ерда ҳаракатланаётган зирҳли транспорт воситаларининг юқори ярим шарига зарба беради.

Техника минага 50 метргача масофада яқинлашганда, мина датчиклар ёрдамида нишонни мўлжалга олади ва жанговар зарядни отади.

ПТКМ-1Р’нинг ҳақиқий самарадорлиги номаълум, аммо ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашича, у қалинлиги 70 мм.гача бўлган зирҳларни теша олади.

Харкив вилоятида улар Украина қўшинларининг махсус операцион кучлари транспорт контейнерларида топилган. Эндиликда украиналик сапёрлар уларни батафсил ўрганиши мумкин бўлади.

Мавзуга оид