11:12 / 19.09.2022
5920

Евроиттифоқнинг тўртта давлати россиялик сайёҳлар учун чегараларини ёпди

Полша, Эстония, Латвия ва Литва сайёҳлик ва бизнес-визаси, шунингдек, маданий ва спорт тадбирларида иштирок этиш учун визага эга россияликларнинг ўз ҳудудига киришини тақиқлади.

Фото: Getty Images

Европа иттифоқининг тўртта давлати – Эстония, Латвия, Литва ва Полша россияликларнинг ўз ҳудудига киришини чеклади. 19 сентябр, душанба кунидан бошлаб улар туристик визалар, жумладан, учинчи давлатлар томонидан берилган Шенген визаларига эга бўлган Россия фуқароларини киритмайди.

Чекловлар фақат сайёҳлар, ишбилармонлар, шунингдек, маданий ва спорт тадбирлари иштирокчиларига тегишли. Россияликлар Шенген ҳудудида яшовчи яқин қариндошлари ёки умумий вояга етмаган болаларини тарбиялаётган шахсни кўриш учун чегарани кесиб ўтишлари мумкин.

Бундан ташқари, истисно дипломатлар, қисқа муддатли виза берилган ва ишлаш учун рўйхатдан ўтган Россия фуқаролари, қисқа муддатли ўқиш визаси эгалари, шунингдек, халқаро товарлар ва йўловчи ташиш соҳасидаги ишчилар учун амал қилади. Инсонпарварлик нуқтайи назаридан айрим шахсларга, жумладан диссидентлар учун ҳам киришга рухсат берилади.

Болтиқбўйи давлатлари ва Полша Россиянинг Украинага қарши бошлаган кенг кўламли уруши муносабати билан русларга визалар ва яшаш учун рухсатномалар беришни сезиларли даражада чеклаганди. Бироқ шу пайтгача бу давлатлар орқали Европа иттифоқининг қолган мамлакатларига саёҳат қилиш мумкин эди. Россияликлар улардан, шунингдек, Финландиядан Европа иттифоқига қуруқлик чегараси орқали кириш учун фойдаланган. 

Эстония бош вазири Кая Каллас Европа иттифоқининг бошқа давлатларини ҳам ушбу тақиққа қўшилишга чақирди. «Биз Россияни урушни тугатишга мажбур қилиш учун барча воситалардан фойдаланишимиз керак», деди у. Каллас айтишича, россияликларнинг атиги 30 фоизида хорижга чиқиш паспорти бор, улар Россия элитасига мансуб ва Кремл қарорларига таъсир ўтказиш имкониятига эга. 

Европа иттифоқи Россия билан виза режимини соддалаштириш бўйича келишувни бекор қилди, бироқ россиялик сайёҳларнинг умумий Европа даражасида киришини тақиқлашдан бош тортди. 

Top