Жаҳон | 09:25 / 23.09.2022
4229
2 дақиқада ўқилади

Британия сланец газини қазиб олишга мораторийни бекор қилди

Мамлакат ҳукумати 2019 йилдан бери зилзила хавфи туфайли тақиқлаб қўйилган газни гидравлик йўл билан қазиб олишга рухсат берди.

Фото: Getty Images

Буюк Британия ҳукумати 22 сентябр, пайшанба куни мамлакатнинг «энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш» мақсадида сланец табиий газини гидравлик йўл билан қазиб олишга қўйилган мораторийни бекор қилди.

Буюк Британия ҳукумати Англияда сланец газини қазиб олишга қўйилган мораторийни бекор қилди ҳамда нефть ва газ лицензиясининг янги босқичини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади, дейилади хабарда. Расмийлар янги конларни ўзлаштирувчиларга 100 дан ортиқ лицензиялар бериши кутилмоқда, шундан сўнг улар маҳаллий ҳокимият ва назорат органларидан кон қазиш учун рухсат олишлари керак.

«Путиннинг Украинага ноқонуний бостириб кириши ва энергияни қуролга айлантириши нуқтайи назаридан, энергетика хавфсизлигимизни мустаҳкамлаш мутлақ устувор вазифадир. Биз барча мавжуд вариантларни ўрганишимиз керак, шунинг учун ҳар қандай потенциал манбаларни амалга ошириш учун мораторийни бекор қилганимиз тўғри бўлди», - дея таъкидлади ҳукумат.

«Мораторийнинг бекор қилиниши сланец саноатига Буюк Британиянинг келгуси ўн йилликларда эҳтиёжларини қондириш учун етарли миқдорда табиий газни олишга ёрдам беради», дея мамлакатдаги энг йирик қазиб олиш қудуқларига эгалик қилувчи Cuadrilla компанияси ҳукумат қарорини олқишлади.

Буюк Британияда 2019 йилдан бери зилзила хавфи туфайли газ қазиб олишда гидравлик ёриқлар усулидан фойдаланиш тақиқланган. Атроф-муҳит фаоллари сувнинг заҳарли кимёвий бирикмалар билан ифлосланиши эҳтимоли туфайли фрекингга қарши.

Reuters агентлиги билан суҳбатлашган экспертлар мораторийни бекор қилиш энергия нархини пасайтиришга ёрдам беришига шубҳа қилишди, чунки саноатни ривожлантириш учун кўп йиллар керак бўлади.

«Хавфлар бошқарилиши мумкин ва мақбул бўлиб чиқса ҳам, сланец гази келгуси ўн йил ичида минглаб муваффақиятли конлар қазилса, Буюк Британия таъминотига сезиларли таъсир кўрсатади», деди Дарем университети профессори Эндрю Аплин агентликка.

Мавзуга оид