10:17 / 24.09.2022
1870

Бишкекда Ўзбекистон - Қирғизистон жамғармаси тақдимоти ўтказилди

Ўзбекистон саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналари вакилларининг Бишкекка бизнес ташрифи ташкил этилди.

Фото: Dunyo

Ўзбекистон элчихонаси томонидан мамлакат саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналари вакилларининг Бишкекка бизнес ташрифи ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Амалий сафарда мамлакатнинг 40 дан зиёд тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, фармацевтика, совға ва ҳунармандчилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, пластмасса буюмлари, уй жиҳозлари, мебел ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари иштирок этди.

Бизнес миссия доирасида Бишкекда Қирғизистон тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ва В2В музокаралари бўлиб ўтди. Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг кўргазмаси ташкил этилди.  

Ҳамкорликда ўтказилган бизнес-форумда Ўзбекистон - Қирғизистон ривожланиш жамғармаси тақдимоти бўлиб ўтди. 500 нафарга яқин қирғиз тадбиркорлари иштирок этган бизнес-форум давомида 300 дан зиёд В2В шаклидаги икки томонлама учрашувлар ташкил этилди.

Бизнес сафари натижасида 600 дан зиёд тадбиркорлар билан музокаралар олиб борилди, 31 та корхона салкам 3,5 миллион АҚШ доллари ҳажмида маҳсулотлар бирламчи экспортини амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришди. Иккита корхона ўз маҳсулотлари дистрибьюторлик шартномасини имзолаш бўйича музокаралар олиб борди, 38 та корхона маҳсулотларини сотиш бўйича «Дордой» бозоридан бир нечта улгуржи савдо қилувчи мижозлар билан келишиб олди.

Top