Жаҳон | 08:02 / 28.09.2022
18021
4 дақиқада ўқилади

Германия ва Дания «Шимолий оқим»даги эҳтимолий саботажни текширмоқда

«Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларида учта шикастланиш аниқланган. Германия ва Дания расмийлари ҳодиса сабабларини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

Фото: Shutterstock

«Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларида бир вақтнинг ўзида учта шикастланиш аниқланганидан сўнг, Германия ва Дания расмийлари ҳодиса сабабларини ўрганишга ҳаракат қилмоқда. Дания ҳарбий-денгиз кучлари ва Германиядан келган мутахассислар суриштирув ишларини олиб бормоқда, деб хабар берди dpa агентлиги 27 сентябр, сешанба куни ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга таяниб.

Агентлик суҳбатдошларига кўра, сизиб чиқиш сабаблари ҳали аниқланмаган, аммо баъзи маълумотлар саботаж эҳтимолини кўрсатмоқда ва агар гап атайлаб зарар етказиш ҳақида кетаётган бўлса, унда техник қийинчиликларни ҳисобга олган ҳолда, зарар учун фақат давлат жавобгар бўлиши мумкин.

26 сентябрга ўтар кечаси учта сизиб чиқиш - биттаси «Шимолий оқим-2»да ва иккитаси «Шимолий оқим-1»нинг иккала тармоғида аниқланди. Учаласи ҳам Борнҳолм оролининг шимоли-шарқидаги Дания махсус иқтисодий зонасида содир бўлган.

Полша газ қувурларидаги сизиб чиқиш Россия провокацияси бўлиши мумкинлигини истисно қилмади. «Биз юқори халқаро кескинлик ҳолатидамиз. Афсуски, шарқий қўшнимиз доимий равишда агрессив сиёсат олиб бормоқда. Агар у Украинада агрессив ҳарбий сиёсат олиб боришга қодир бўлса, Ғарбий Европага ҳам провокацияни инкор этиб бўлмаслиги аниқ», деди Полша ташқи ишлар вазири ўринбосари Маркин Пшидач.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Россия газ қувурларидаги вазиятдан қаттиқ хавотирда. «Ҳақиқатан ҳам, босим сезиларли даражада камайди ва бу ҳақиқатан ҳам мисли кўрилмаган ҳолат бўлиб, шошилинч тергов талаб қилади. Биз бу янгиликдан жуда хавотирдамиз», - деди Песков журналистларга.

Еврокомиссияга учта жойда сизиб чиқиш рўй бергани ҳақида маълумот тақдим этилган - улардан иккитаси «Шимолий оқим»да ва биттаси «Шимолий оқим-2» да. ЕИнинг энергетика масалалари бўйича вакили Тим Макфининг сўзларига кўра, бу Европа иттифоқига газ етказиб бериш хавфсизлигига таъсир қилмади. «Сизга маълумки, сўнгги пайтларда «Шимолий оқим» орқали ҳеч нарса етказилмаган, «Шимолий оқим-2» эса ишлаш учун рухсатнома олмаган», — дея аниқлик киритди у 27 сентябр куни Брюсселдаги брифингда.

Ҳозирда парник газлар сизиб чиқиши эҳтимоли баҳоланмоқда, шунингдек, газ қувурларидаги сизиб чиқиш денгиз навигациясига таъсир қилганми ёки йўқми ўрганилмоқда. Воқеа содир бўлган ҳудудларда маҳаллий ҳокимиятлар махсус кириш тақиқланган зоналарини ташкил этди.

Россиядан Германияга олиб борадиган «Шимолий оқим-2» газ қувури 2021 йилнинг кузида қуриб битказилди, бироқ ишга туширилмади. 22 февраль куни Германия Россиянинг ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР» мустақиллигини тан олишига жавобан уни ишга тушириш жараёнини тўхтатди. Шу билан бирга, ШО-1 газ қувури 24 февралда Россиянинг Украинага қуролли бостириб кириши бошланганидан кейин ҳам ишлашда давом этди.

Россия бу қувур орқали газ оқимини аввалига камайтирди, кейин эса ягона ишлайдиган турбинанинг носозлигини айтиб, бутунлай тўхтатди. Кремль Россиядан унинг агрегатларига техник хизмат кўрсатишга тўсқинлик қилаётган санкциялар бекор қилинмагунча газ қувури ишга туширилмаслигини билдирди.

Мавзуга оид