15:28 / 30.09.2022
22096

«Россия? Ватан? Нима бу? Биз эртароқ кетишимиз керак эди». Грузияга ўтаётган россияликлар ҳикоялари

Минглаб россияликлар бир неча кундан бери Грузия билан чегарадаги тирбандликда яшаб, сафарбарликдан қочишга уринмоқда.

Россия-Грузия чегараси. Irakli Gedenidze / Reuters / Scanpix / LETA

27 сентябр куни Россия-Грузия чегарасидаги тирбандлик 20 километрдан ортиб кетди. Сафарбарликдан қочаётган россияликлар мамлакатни тарк этиш учун бир неча кун сарфламоқда. Шимолий Осетия ҳукумати бир вақтнинг ўзида чегарада ҳарбий комиссариатнинг мобил пунктини ишга туширди. «Медуза» Россияни тарк этаётганлар билан суҳбатлашди.

«Эшикни очмадик, ким тақиллатгани ҳам номаълум»

Тбилиси аэропортининг кутиш зонасида қирқ ёшлардаги аёл ва унинг икки ўғли атрофга саросима билан қарайди. Улар ҳозиргина Грузия пойтахтига етиб келишди. Оила об-ҳавога мос бўлмаган тарзда кийинган: Тбилисида ҳаво ҳарорати +18 бўлса-да, уларнинг эгнида куртка ва шарфлар бор.

Валентина ўн уч ва тўққиз ёшли фарзанди билан Россиянинг Уфа шаҳридан учиб келди. Унинг эри, захирадаги ҳарбий офицер ҳозир Грузия чегарасидаги тирбандликда турибди.

Россиядан Грузияга қуруқлик орқали кириш мумкин бўлган ягона жой –  «Верхний Ларс» назорат пункти ҳисобланади. У Шимолий Осетия маркази Владикавказдан 35 километр узоқликда жойлашган. Ҳудуд расмийларига кўра, 27 сентябр куни чегарани кесиб ўтмоқчи бўлганлар тирбандлиги узунлиги 20-30 километрни ташкил этган, унда 5,5 мингдан ортиқ автомобил турган. Бу масофани уч ёки тўрт кун ичида босиб ўтиш мумкин. Сафарбарликдан қочаётган кўплаб россияликлар буни ҳисобга олмаган ва озиқ-овқат билан сувни захира қилмаган.

Сафарбарлик эълон қилингандан сўнг, Валентинанинг оиласи Россиядан чиқиб кетиш масаласида узоқ вақт иккиланиб турди. Аммо квартира эшиги тақиллаганидан кейин улар фикрини ўзгартиришди.

«Ким тақиллатгани ҳам номаълум. Биз очмадик. Аммо гўё пломба йиртилгандек эди», деб эслайди аёл.

Эртаси куни оила мушукни уйда қолдириб, мамлакатни тарк этиш учун машинага ўтирди. Квартиранинг калити «тош остида» қолдирилди, шунда қариндоши мушукни боқиш ва гулларни суғориш учун уйга кира оларди. Энди Валентина ва унинг эри «шошиб қолишганидан» афсусда. Уларнинг сўзларига кўра, «ватанда уларни нима кутаётгани аниқ эди, гарчи бу яхшилик бўлмаса ҳам», Грузияда эса «нима кутаётгани аниқ эмас, бироқ яхшилик бўлиши ҳам даргумон». Валентинанинг ёнида хорижда амал қилмайдиган «Мир» картаси ва бироз нақд пул бор. Тбилисида танишлари йўқ.

Валентина эри билан «Казбеги / Верхний Ларс» назорат-ўтказиш пунктидан бир неча километр узоқликдаги Степанцминда қишлоғида учрашишга келишиб олган. Аэропортда маҳаллий такси ҳайдовчиси тезда унинг олдига келади ва Степанцминдага 15 минг рублга олиб бориши мумкинлигини айтади: «Барибир бундан арзонини топмайсиз. Бу ерда тургандан нима фойда, кимни кутяпсиз?». Валентина рози бўлади.

Тбилисидан чиқиб кетиш йўлидаги автомобилларнинг қарийб ярми Россия рақамларига эга, уларнинг аксарияти Москваники. Шунингдек, Краснодар, Ростов-на-Дону, Ставропол рақамлари ҳам бошқаларга қараганда кўпроқ. Сафарбарлик бошланганидан кейин россияликлар томонидан ташкил этилган телеграм чатларда Қрим рақамига эга машиналар Грузияга киритилмаётгани ёзилмоқда. Шунингдек, бу ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ЛХР» ва «ДХР» рақамлари бўлган машиналарга ҳам тегишли.

Шимолий Осетиядан ҳам кўплаб машиналар бор. Маҳаллий ҳайдовчиларнинг сўзларига кўра, улар Владикавказдан Тбилисига одам ташиётган «киракашлар».

«Пул шилишни бас қилинг»

Икки ёш йигит велосипедда Грузия чегарасини кесиб ўтишди. Улар ҳўл скамейкага ўтириб, осмонга қараб, юзларини ёмғирга тутиб, бахтиёр табассум қиладилар.

Йигитлар, қаерга кетяпсизлар? – деб сўрайди маҳаллий такси ҳайдовчиси.

«Билмаймиз», деб жавоб беради улардан бири жилмайиб.

Саша ва Дима Грузияга Ставрополдан келишди. Улар Владикавказга автобусда боришди, сўнгра велосипед сотиб олиб, «Верхний Ларс» назорат-ўтказиш пунктига йўл олишди. Тирбандлик бошланган жойга етиб олгач, пиёда юра бошладилар, чунки йўл тоғга қараб кетган, велосипедда ҳаракатланиш оғир эди. Иккаласи ҳам ҳарбий хизмат қилмаган, ҳарбий мутахассисликка эга эмас, дизайнер бўлиб ишлайди. Уларни ҳарбий комиссариат безовта қилмади, аммо «сўнгги воқеаларни кўриб», «жуфтакни ростлашга» қарор қилишди. «Кўчада юриш қўрқинчли бўлиб қолди. Россия? Ватан? Бу нима? Эртароқ кетишимиз керак эди», дейди Дима.

«Бу одамларга қараганда бизга осонроқ», дейди Дима чегарада турган машиналарга ишора қилиб. «Ҳамма нарсамиз ўзимиз билан», деб қўшимча қилади калласини кўрсатиб. Саша ва Диманинг сўзларига кўра, Россияда «ота-оналаридан бошқа ҳеч ким қолмаган».

Бироз дам олгач, йигитлар велосипедларга ўтиришди. «Энди қаерга боришимизни биласанми?», деб сўради Саша. «Йўқ», деб жавоб берди Дима. Иккаласи ҳам жилмайишди. Бир ярим соат ўтгач улар чегарадан 25 километр узоқликдаги Тбилисига олиб борадиган катта йўлга етиб олишади.

27 сентябр куни эрталаб Шимолий Осетия маъмурияти «автомобиллар оқими» кўпайгани ва «вазият жиддийлашгани» сабабли чегарани пиёда кесиб ўтишга рухсат берди. Бунгача назорат пунктидан фақат автомобил, велосипед, скутер ёки ҳатто моноғилдиракда ўтиш мумкин эди. Шу сабабли, Россиядан Грузияга кетмоқчи бўлганлар мулоқот қиладиган телеграм чатларида велосипед, самокат сотиш ҳақидаги эълонлар кўпайиб кетди: «Учта велосипедни 20 минг рублга сотаман», «Американинг Scott aspect 960 велосипедини сотаман. Каттароқ одамни кўтаради, ўзим сотиб олган нархда бераман» ёки шунчаки «Назорат пункти олдида велосипед сотаман».

«Верхний Ларс — Чат» гуруҳи энг йирикларидан бири, унда 130 мингдан ортиқ аъзо бор. Кундалик ёзувлар сони 35 мингга етади. Одамлар «оддий велосипед»да чегарадан ўтиш мумкинми деб сўрашади, қўшимча ҳақ эвазига жомадонни ташиб беришни таклиф этишади, у ёки бу қишлоқдан тирбандлик бошланган жойгача етказиб қўйиш қанчага тушиши билан қизиқишади. 

«Йигитлар, нима қиляпсизлар? Велик учун миллион, бензин учун самолёт қанотини сўраяпсизларми?, деб ғазабланишади. Ҳаммамиз ягона сабаб билан бу жойдамиз, ҳаммамиз эртага беҳуда ўлиб кетишни истамаймиз, одамга ўхшаб яшаш учун келганмиз. Келинглар, бир-биримизга ёрдам берайлик! Пул шилишни бас қилайлик!».

26 сентябр куни Грузия чегарасига зирҳли транспортёрлар етиб келди. Бу чатларда ташвишли хабарлар тўлқинига сабаб бўлди. Баъзилар ҳазиллашишга ҳаракат қилишди: «ЛХР» ва «ДХР» чегарасигача зирҳли транспортёрда иккита ўриндиқ бор». Бошқалар: «Биоҳожатхоналар келтиришгани яхши эди», деб эътироз билдиришди. Кейинроқ чегара бошқармаси «фавқулодда вазиятнинг олдини олиш учун» транспортёрлар келтирилгани ҳақида маълумот берди. Сўнгра «Верхний Ларс»да ҳарбий комиссариат сафарбарлик пункти ташкил этилди. Шимолий Осетия маъмурияти у ерда фақат маҳаллий аҳоли учун чақирув қоғози берилишини айтди.

Маҳаллий такси ҳайдовчилари назорат-ўтказиш пункти ортида россияликларнинг чегарадан ўтишини кутиб, навбатчилик қилишмоқда. Тбилисига етказиб қўйиш – беш мингдан ўн минг рублгача. Агар назорат пунктидан сал узоқлашсангиз, уч мингга ҳам келишса бўлади, велосипедни ташиш учун яна минг рубл қўшиш керак. Агар маҳаллий валюта – «лари» билан тўласангиз, янада арзонроқ етиб олса бўлади. Бироқ, чегарадан ўтганларда фақат рубл бор.

Хотиним «кетавер» деди

«Яндекс. Карта» маълумотларига кўра, 27 сентябр оқшомида тирбандлик «Верхний Ларс» пунктидан Балта қишлоғигача чўзилган, бу қарийб 20 километр.

«Омадимиз келди, бор-йўғи саккиз соат кутиб турдик», дейди назорат пунктидан ўтган Егор. Унинг сўзларига кўра, Владикавказ яқинидаги тирбандлик сунъий тарзда яратилган: йўл ўртасига фуқаро автомобили қўйилган, уни айланиб ўтиш учун қарама-қарши йўналишга чиқишга тўғри келади. Яқин атрофда эса йўл ҳаракати хавфсизлиги полицияси ходимлари бор, лекин улар пайдо бўлган тўсиққа эътибор бермаяпти. Егорнинг сўзларига кўра, «кўзини олиб қочишяпти». Шимолий Осетия рақамларига эга машиналар тўсиқни бемалол айланиб ўтмоқда, уларнинг ортидан бормоқчи бўлганлар эса тўхтатиляпти. Полиция уларга «минг доллар эвазига» милтиллаган чироқ ва сирена билан назорат пунктигача кузатиб қўйишни таклиф этмоқда. «Бу қонунга хилоф», дейди Егор.

43 ёшли алоқачи, ҳарбий хизматга мажбур Сергей (ўзининг илтимосига кўра исми ўзгартирилган) ҳам тирбандликда чегарадан ўтиш учун навбат кутмоқда. У узоқ вақтдан буён армияда хизмат қилмаяпти, интернетда реклама билан шуғулланади. Аввалига Сергей Россияни тарк этишни режалаштирмаганди. Сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг, у нотаниш одамларга эшик очмай қўйди, подъезддаги вазиятни кузата бошлади. Сергей ҳарбий комиссариат вакили келса, қишлоқдаги қариндошиникига кетишга қарор қилди. Аммо бу режасидан шубҳаланди: «Ҳозир одамлар айнан қишлоқдан олиб кетиляпти».

23 сентябр куни Сергей хотини билан Россияни тарк этиш масаласини муҳокама қилди. «Иккимиз ўтириб, бугунги қонунлардан келиб чиққан ҳолда ҳаётимизни режалаштиряпмиз. Аммо улар қонунларни ҳар куни ўзгартиришяпти», дедим. Хотиним: «Кетавер», деди. Шундан сўнг, у кетди.

«Верхний Ларс» пунктидан 120 км, Владикавказдан 90 км узоқликдаги Моздок яқинида полиция постига дуч келдим, дейди Сергей. – 3 минг рубл пора талаб қилишди, акс ҳолда, «сафарбарлик билан боғлиқ муаммо» пайдо қилишларини айтишди. Минг рублга келишдик».

Сергейнинг таъкидлашича, Владикавказ яқинида йўл полицияси атайлаб ҳаракатни секинлаштирмоқда. «Полициячи машиналарни тўхтатиб, «Верхний Ларс»да катта тирбандлик борлигини, кутишимиз кераклигини айтди. Машиналар 20 тадан гуруҳга ажратилиб, ҳар 20-30 дақиқада ўтказилди».

Сергейнинг сўзларига кўра, владикавказликлар 2 минг рубл эвазига Грузияга олиб борувчи айланма йўлларни кўрсатишни таклиф этишди. Аммо Сергей «Яндекс.Карта»ни ўрганиб, йўлни ўзи топиб олди.

25 дан 26 сентябрга ўтар кечаси транспорт ҳаракати янада секинлашди ва айланма йўллар учун маълумот нархи қирқ минг рублгача кўтарилди, деб эслайди Сергей. Унинг сўзларига кўра, бундай пул эвазига маҳаллий аҳоли тоғлар орқали Владикавказ постларини айланиб ўтувчи йўлни кўрсатишни таклиф қилишган: «Кимдир рози бўлди, навбат ҳам бироз силжиди».

Сергейнинг ҳисоб-китобига кўра, тирбандликдаги тезлик инобатга олинса, йўлда 3-4 кун туришга тўғри келарди. Дастлаб Сергей бунга ишонмади, ҳатто унинг ёнидагилар ҳам. Навбатда турганлар 1 кун ичида чегарадан ўтишга умид қилишган, 7 километр масофани босиб ўтиш учун 3-4 кун сарфлашга ҳеч ким тайёр эмасди.

26 сентябр куни Сергей чегарагача бўлган ҳаракат тезлигини ҳисоблаб чиқди: у 9 соат ичида 500 метр масофани босиб ўтган эди. 27 сентябр куни тонгда уйидан олиб келган саёҳатчи плиткасида тезпишар лағмонни тайёрлади ва кофе дамлади. Нонуштадан сўнг, машинасини йўл четида қолдириб, ўзи билан олиб келган велосипедга ўтирди. Хаёлан машинаси билан хайрлашди. Грузияга ўтгач, уни олиб келувчи шахсни излаб топишга умидвор бўлди.

Сергей тирбандликдан чиқиб кетаётганида, навбатда турган машиналардаги ўриндиқнинг нархи 25 минг рублга етганини эшитди. Шу билан бирга, назорат-ўтказиш пунктини айланиб ўтувчи йўлларни кўрсатиш, яъни, амалда Грузия ҳудудига ноқонуний кириб олишнинг нархи 300 минг рублга чиқди. Бундан ташқари, ташлаб кетилаётган машиналарни сотиб олишни истаганлар ҳам пайдо бўлди.

Назорат пунктига борадиган йўлни автомобилсиз нисбатан тезроқ, 1 кунда босиб ўтиш мумкин эди.

Сергейнинг рафиқаси ва икки фарзанди Россияда қолди. Улар ҳозирча нима қилиш ҳақида бир қарорга келмаган.

27 сентябр куни кечқурун Шимолий Осетия раҳбари Сергей Миняйло Республика ҳудудига кириш жойларида ва «Верхний Ларс» назорат-ўтказиш пунктида «ҳарбий комиссариат ва ижро органлари вакиллари иштирокида мобил оператив гуруҳлар» ташкил этилгани, ҳарбий хизматга мажбур россияликларга чақирув қоғозларини топшириш жараёни йўлга қўйилганини эълон қилди. Шунингдек, ҳудуд маъмурияти пропискасиз фуқароларнинг автомашинада киришини чеклаши мумкинлигини айтди.

* * *

Бир вақтнинг ўзида Тбилисида уй-жой ва меҳмонхоналарга бўлган талаб ошган. Ижара нархлари кўтарилмоқда, бу ҳодиса аввал ҳам рўй берган, уруш бошланганидан кейин минглаб руслар тўсатдан Грузияга кўчиб ўтганларида содир бўлган эди.

Грузиянинг баъзи фуқаролари кўплаб россияликлар келаётганидан ва мамлакат расмийлари бу оқимни тўхтатмаётганидан норози. Мухолифатдаги «Стратегия Агмашенебели» партияси етакчиси Георгий Вашадзе 27 сентябр куни ҳукуматдан Россия фуқаролари учун чегарани зудлик билан вақтинча ёпишни талаб қилди:

«Владимир Путин «Россия Федерациясининг хориждаги гуманитар сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади, унда Россия Федерацияси Латвия, Литва, Эстония, Молдова ва Грузиядаги русийзабон аҳоли ҳуқуқларига риоя этилишини диққат билан кузатиб бориш белгиланган. Энг хавотирлиси, [ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси раиси] Ираклий Кобахидзе амалда Владимир Путин ва Россия тажовузкорлигини назарда тутувчи Путин доктринаси учун замин яратди. 1990-йиллар бошида Россия ўз ҳужумларини оқлаш учун худди шу стратегиядан қандай фойдаланганини жуда яхши эслаймиз».

«Россия фуқаролари кўп йиллардан буён Грузияга келмоқда, шунинг учун биз ҳозир бу жараёнга тўсқинлик қилмаймиз», деди Грузия ички ишлар вазири Вахтанг Гомелаури 27 сентябр куни. Шунингдек, у ҳозирда ҳар куни 10 мингга яқин россиялик чегарани кесиб ўтаётгани, сафарбарлик бошланишидан олдин бу рақам 6 мингга яқин бўлгани, одатда уларнинг 60 фоизи тез орада Грузиядан чиқиб кетганини айтди.

Грузиянинг «Вақт бўлди» («Дроа») ҳаракати Грузия-Россия чегарасида норозилик акцияси ўтказмоқчи. Намойишчилар баёнотида таъкидланишича:

«Россия фуқароларининг мисли кўрилмаган оқими Грузия хавфсизлиги ва иқтисодиёти учун хатарларни оширади. Мамлакат бундай муҳожирлар оқимига дош беришга тайёр эмас. Бундан ташқари, Грузия Давлат хавфсизлик хизмати ва Россия ФХХ ўртасидаги тасдиқланган ҳамкорлик контекстида чегарани ким кесиб ўтганини аниқлаш имкони бўлмайди.

* * *

Тбилиси меҳмонхоналаридан бирининг ҳовлисида бешта машина бор: бири грузин рақамлари, иккинчиси Москва ва учтаси Краснодар рақамлари билан. Кура устидаги кўприк ёнидаги асфалтга кимдир қизил бўёқ билан: «visa for fucking russians» деб ёзган ва юрак тасвирини чизиб қўйган.

Мавзу
Россияда сафарбарлик
21 сентябр куни Путин Россияда қисман сафарбарлик эълон қилди. Украинадаги уруш учун яна камида 300 минг киши жалб этилади.
Барчаси
Top