Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ОАВ: Украинада сафарбарлик тўғрисидаги қонун лойиҳаси демобилизацияни ўз ичига олмади
Ҳарбий хизматчиларнинг демобилизацияси ва ротациясини Украина қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский алоҳида қонун лойиҳасида норма сифатида белгилашни таклиф қилди. Радада сафарбарлик тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.
Украина Олий радаси сафарбарлик тўғрисидаги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрламоқда, бироқ миллий хавфсизлик ва мудофаа қўмитаси ундан ҳарбий хизматчиларни демобилизация ва ротация қилиш тўғрисидаги низомни олиб ташлади, деб хабар беради «Украинска правда» нашри 9 апрел, сешанба куни тегишли ҳужжатларни эълон қилиб.
Нашрнинг ёзишича, қонун лойиҳасидан демобилизация тўғрисидаги бандни чиқариб ташлаш Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский томонидан Украина мудофаа вазири Рустем Умеровга йўллаган мактубида таклиф этилган бўлиб, «айрим қоидалар қонун лойиҳасининг кўп сонли парламент тузатишларини ҳисобга олган ҳолда, батафсил таҳлил ва қўшимча ўрганишни талаб қилади».
Сирскийнинг таклифига кўра, «ҳарбий хизматдан бўшатиш учун асослар, шунингдек, ҳарбий хизматчиларни қонунчилик даражасида ротация қилишни жорий этиш масаласини бошқа қонун лойиҳасида кўриб чиқиш орқали алоҳида тартибга солиш таклиф этилади».
Шу куни ҳукумат йиғилиши бўлиб ўтди, унда Мудофаа вазирлиги таклифи қабул қилинди. Ҳукумат сафарбарлик тўғрисидаги қонун эълон қилинганидан кейин саккиз ой ичида парламентга ушбу моддалардан иборат алоҳида қонун лойиҳасини тақдим этиши керак, деб ёзади «Украинска правда».
Украинада сафарбарлик тўғрисидаги қонун лойиҳаси
Россия ҳужумини қайтариш зарурати билан боғлиқ ҳолда ишлаб чиқилган Украинада сафарбарлик тўғрисидаги янги қонун лойиҳаси 2023 йил 25 декабрда рўйхатга олинган, бироқ танқидлар тўлқинидан сўнг у қайта кўриб чиқилиб, Радага киритилди. Қонун лойиҳаси 2024 йил феврал ойида биринчи ўқишда қабул қилинган эди.
Айни пайтда, 4 апрел куни Украинада сафарбарлик ёшини 27 ёшдан 25 ёшгача қисқартирувчи қонун кучга кирди. Бундан ташқари, Мудофаа вазирлиги турли давлат реестрларидаги 17 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни олиш имкониятига эга бўлади: солиқ хизмати, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Марказий сайлов комиссияси, давлат миграция хизмати ва бошқа идоралардан. Ҳарбий хизматга «чекланган яроқлилик» мақоми ҳам бекор қилинмоқда – мазкур қонун 2024 йил 4 майдан кучга киради.