09:05 / 01.10.2022
7770

Ҳуқуқ ҳимоячилари россияликлар учун виза қоидаларини кучайтиришга қарши чиқди

Pro Asyl ташкилоти ва Германиянинг «Республика адвокатлар уюшмаси» вакиллари Украинага қарши урушда қатнашишни истамаган россияликлар учун Европа иттифоқи чегараларини очишга чақирди.

Фото: Unsplash

Германиядаги ҳуқуқ фаоллари 30 сентябр, жума куни Еврокомиссиянинг россияликларга Шенген визаси берилиши устидан назоратни кучайтириш бўйича шу куни эълон қилинган тавсияларини кескин танқид қилди.

«Ильва Йоханссон матбуот анжуманида бир неча бор янги қоидалар бошпана олиш ҳуқуқига таъсир қилмаслигини такрорлаган бўлса-да, бу муаммонинг моҳиятини акс эттирмайди. Агар Европа иттифоқига кириш имкони бўлмаса, у ҳолда ҳарбий хизматдан бош тортган фуқаролар, мухолифат фаоллари ёки журналистлар бошпана сўраб мурожаат қила олмайди», — дейилади Pro Asyl инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва «Республика адвокатлар уюшмаси» қўшма баёнотида.

Улар «ҳақиқий қочиш йўлларини яратиш ҳамда жиноий режим ва урушдан қочиб қутулишни истаган одамларни ҳақиқий ҳимоя қилишни» талаб этмоқда.

«Россиядан урушда қатнашишни истамаганларни ҳеч қандай баҳонасиз дарҳол ҳимоя қилиш керак!» - дейилади ҳужжатда. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, Россиядан келган уруш мухолифларига нисбатан Германия ҳукумати ўзининг инсонпарварлик масъулияти ва инсон ҳуқуқлари бўйича мажбуриятларига мувофиқ ҳаракат қилиши керак.

«Ҳукумат аъзоларининг урушдан қочмоқчи бўлганлар ҳимоя қилинади, деган баёнотларидан сўнг самарали чоралар кўрилиши керак», - дея ишонч билдирган ҳужжатга имзо қўйганлар.

Европанинг Pro Asyl бўлими раҳбари Карл Копп аввалроқ DW нашрига берган интервьюсида урушдан қочган россияликларнинг Европа иттифоқига кириши учун умумевропа ечимини топишга чақирган эди.

Европа иттифоқининг ички ишлар бўйича комиссари Ильва Ёханссон 30 сентябр куни Россия фуқароларига виза беришда Европа иттифоқига аъзо давлатлар хавфсизлик назоратини кучайтириши кераклигини айтди. Бундан ташқари, Европа иттифоқи давлатлари бу борада чегара назоратини кучайтириши керак, деди у.

Европа комиссияси (ЕК) сайтида айтилишича, Европа иттифоқи визаларини беришнинг қаттиқ қоидалари сафарбарликдан қочган россияликларга ҳам тегишли. «Агар ариза берувчи (масалан, сафарбарликдан қочган шахс) Европа иттифоқида узоқ вақт қолишни режалаштирса, аъзо давлатлар консулликлари унинг аризасини узоқ муддатли визалар бериш бўйича амалдаги миллий қоидаларга мувофиқ кўриб чиқиши керак», - дейилади ЕК матбуот хизмати хабарида. 

Шу билан бирга, Европа иттифоқининг ҳар бир давлати ҳар бир алоҳида ҳолатда инсонпарварлик визаси бериш мақсадга мувофиқлигини мустақил баҳолаш ҳуқуқига эга, дейилади ЕК баёнотида.

«Бугунги йўл-йўриқ - президент Путин томонидан бошланган урушнинг яқинда авж олганига муносабат. Хавфсизликка таҳдид реал нарсадир, - дея тушунтирди Йоханссон. - Европа иттифоқи ўзини ва фуқароларини ҳимоя қилади. Россия фуқароларининг Европа иттифоқида қисқа муддатли бўлиши учун визаларга нисбатан қатъий қоидаларни таъминлаймиз, аммо ҳимояга муҳтож бўлганлар учун эшикларни ёпмаймиз».

Айни вақтда, Еврокомиссия Европа иттифоқига аъзо давлатларга Россия фуқаролари учун чегара назоратини кучайтиришни ва илгари берилган Шенген визаларини «ҳозирги геосиёсий контекстдаги индивидуал вазиятдан келиб чиқиб қайта кўриб чиқишни» тавсия қилди.

«Виза кодексининг 30-моддасига кўра, визага эга бўлиш ўз-ўзидан Шенген ҳудудига кириш ҳуқуқини бермайди. Агар визани бекор қилиш ёки олиб қўйиш учун асослар мавжуд бўлса, чегара қўшинлари визани берган аъзо давлат қароридан қатъи назар, тегишли қарор қабул қилиши мумкин», - дея таъкидлайди Европа комиссияси.

Шу билан бирга, ЕК билдирилган тавсиялар сиёсий бошпана олиш ҳуқуқини чекламаслигини қайд этди.

Мавзу
Россияда сафарбарлик
21 сентябр куни Путин Россияда қисман сафарбарлик эълон қилди. Украинадаги уруш учун яна камида 300 минг киши жалб этилади.
Барчаси
Top