Асл исми Ҳенрик Голдшмит бўлган ёзувчи 1878 йил июль ойида Варшавада, зиёли яҳудий оиласида туғилган. Януш Корчак унинг тахаллусидир ва у айнан шу ном билан дунёга танилди.

Болалигидан Ҳенрик мактабни севарди, деб айтиб бўлмасди. Ҳатто бир йили синфдан синфга ҳам қолиб кетган. Аммо у кўп вақтини адабиётга бағишларди. Бобоси шифокор, отаси эса тажрибали юрист эди.

11 ёшида унинг отасида оғир руҳий касаллик — шизофрения аниқланади. Отасининг руҳий азоблари бола онгида изсиз кетмади. У улғайганда отасининг касали насл суриб, фарзандлари шундай хасталикдан азият чекишидан қўрқди ва уйланмасликка қарор қилди. Ҳаётини болаларга бағишлади.

Януш Корчакнинг «туғилиши»

Ҳенрик 15 ёшида адабиётдан қўшимча дарс ўтиб, онаси ва синглисига моддий томондан ёрдам бера бошлайди. 1896 йилда Януш Корчак тахаллуси билан ҳафталик «Тиканлар» (Kolce) нашрида «Гордиан тугун» (Węzeł gordyjski) ҳажвиясини нашр этди, бу унинг адабий дебюти ва журналистикадаги карьерасининг бошланиши бўлади.

1898 йилда Варшава Император университетининг тиббиёт факультетига ўқишга киради. Шу билан бирга, Корчак адабий фаолиятини давом эттиради: «Кемалар» ҳафталик журналига мақола ва шарҳлар ёзди, бошқа журналлар билан ҳамкорлик қилди. Корчак илк романини университетда ўқиб юрганида ёзган. «Кўча болалари» (Dziesi ulicy) деб номланган мазкур асари 1901 йилда нашр этилган.

Шу билан бирга у 1900–1915 йилларда болалар кутубхонасида ҳам ишлаган. Корчак ёзги лагер жамиятининг фаол аъзоси эди. Ўқишнинг юқори курсида у ёзги лагерларда ишлай бошлади: 1904 ва 1907 йилларда у Михаловка дам олиш уйига тарбиячи бўлиб ишга қабул қилинди.

Бу Корчакка тажриба ва кейинги ўқитувчилик фаолияти учун асос берди. Болалар лагерларида ишлагандан сўнг иккита китоб ҳам пайдо бўлди: Моски, Иоски и Срули (Mośki, Joski, Srule, 1910 йилда нашр этилган) ва Юзки, Яски и Франки (Józki, Jaśki i Franki, 1911 йилда нашр этилган).

1905 йил март ойида Генрих Голдшмидт тиббиёт даражасини олди ва яҳудий болалар касалхонасида ишлай бошлади. 1905–1906 йилларда рус-япон уруши даврида ҳарбий шифокор сифатида сафарбар қилинган.

Корчак Берлинда бир йил (1907–1908) ва ярим йил Парижда (1910) яшаб, у ерда педагогика ва педиатрия бўйича маърузаларни тинглади. Фурсатдан фойдаланиб, болалар шифохоналари, таълим муассасалари, болалар уйларида бўлди.

Талабалик чоғида у Песталозсининг педагогик назарияси билан яқиндан танишиш мақсадида Швейцарияда бўлган. Ўз маблағи ҳисобидан Aнглия, Германияга саёҳат қилган, у ерда кўп вақтини ёш ҳуқуқбузарлар ва ақли заиф болалар бошпаналарида ўтказган.