Жаҳон | 17:54 / 20.10.2022
16602
6 дақиқада ўқилади

Красноярск губернаторининг ўғли АҚШ сўрови билан қўлга олинди

Сабаби - ҳарбий технологиялар ва Венесуэла нефти.

Фото: ARTYOM LENTS/TASS

АҚШ прокуратураси Россиянинг беш нафар фуқаросига санкциялар режимини бузиш ва бошқа жиноятлар бўйича айблов эълон қилди. Улардан бири - Красноярск губернаторининг ўғли Артём Усс. У Италияда қўлга олинган ва ҳозирда АҚШ унинг экстрадицияси устида ишламоқда. Губернаторнинг ўзи айбловга «сиёсий тус берилгани» ҳақида айтди.

Артём Уссдан ташқари суд Юрий Орехов, Светлана Кузургашева, Тимофей Телегин ва Сергей Туляков, шунингдек Венесуэладан бўлган икки нефт трейдерини айблаган. Прокуратура хабарига кўра, Ореховни Германияда қўлга олишган.

«Айбланувчилар олигархларга уларнинг жиноий фаолиятида ёрдам беришган, Америка ҳарбий технологияларини ва Венесуэланинг санкциялар остидаги нефтини катта миқдордаги транзакциялар орқали ноқонуний қўлга киритиш учун мураккаб схемалар тузишган, бунда сохта компаниялар ва криптовалюталардан фойдаланилган», деган Шарқий округ федерал прокурори Бреон Пис.

Судланувчилар айбдор деб топилса, 30 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Красноярск ўлкаси губернатори Александр Усс телеграм-каналида ўзининг ўғлига нисбатан илгари сурилган айбловга «сиёсий тус берилгани» ҳақида айтди. «Бутун дунё бўйлаб эркин сотиладиган ва сотиб олинадиган нефт маҳсулотлари, умумфойдаланишдаги жиҳозлар ва техник воситалар бирданига Америка ҳукумати томонидан ноқонуний деб эълон қилинди. Нима учун? Шунчаки булар Россия манфаати учун қилингани туфайли. Бу айбловларга сиёсий тус берилаётгани яққол кўриниб турибди», деган у.

Бу бир кун ичида таниқли россиялик амалдорлар фарзанди қўлга олиниши билан боғлиқ иккинчи хабар бўлди - бунгача Россия темирйўлларининг собиқ раҳбарининг ўғли Норвегияда ушланганди.

Улар нимада айбланмоқда?

Айблов хулосасига кўра, Орехов офиси Ҳамбургда жойлашган, саноат ускуналари ва хомашё савдоси билан шуғулланувчи Nord-Deutsche Industrieanlagenbau GmbH (NDA GmbH) хусусий компанияси таъсисчиси ва директорларидан бири ҳисобланади.

Компаниянинг яна бир ҳиссадори Красноярск ўлкаси губернаторининг ўғли Артём Александрович Уссдир. «Коммерсант» маълумотига кўра, у Сибир федерал университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган, Россияда ҳам, хорижда ҳам бир қанча компанияларга эгалик қилган. ОАВ маълумотига кўра, кичик Усс Сардинияда иккита меҳмонхонага эгалик қилади.

Кузургашева эса жиноий схемаларда номи кўриниб турадиган «бир кунлик компания»лардан бирини бошқарган, шунингдек Ҳамбургдаги компанияда Ореховнинг қўл остида ишлаган. 

Америкалик прокурорлар фикрича, Орехов ва Кузургашева GmdH’дан ниқоб сифатида фойдаланиб, Америка томонидан ишлаб чиқарилган ҳарбий ёки икки мақсадли ускуналарни, жумладан қирувчи самолётлар, ракета тизимлари, юқори аниқликда ҳаракатланувчи ўқ-дорилар, радарлар ва сунъий йўлдошларда қўлланадиган илғор яримўтказгичлар ва микропроцессорларни топишган ва қўлга киритишган.

Бундай анжомлар Россиядаги якуний истеъмолчиларга, жумладан Телегин ва Туляков назоратидаги Россия мудофаа секторига хизмат қилувчи ва санкциялар остида бўлган «Радиоавтоматика», «Радиоэкспорт» ва «Абтроникс» каби компанияларга жўнатилган.

«Агентство» божхона декларацияларининг энг йирик агрегатори маълумотларига асосланиб хабар беришича, Усс ва Ореховнинг  компанияси икки йил ичида Россияга камида 5 млн евролик ускуналар етказиб берган. Гап хусусан 2018 йилга қадар «Радиоэкспорт» номи билан фаолият кўрсатган «Сетевые технологии» компаниясига етказмалар ҳақида кетмоқда.

Бруклиндаги федерал прокурорларнинг сўзларига кўра, Россия фуқаролари Юрий Орехов ва Светлана Кузургашева томонидан қўлга киритилган айрим электрон компонентлар россияликларнинг Украинадаги жанг майдонида ўлжа қилиб олинган қуроллари таркибида аниқланган.

2019 йилда Орехов Россиянинг «Сухой» компанияси ишлаб чиқарган қирувчи самолётлар ва Американинг F-22 Raptor қирувчилари учун фойдаланиладиган эҳтиёт қисмлар харид қилиш учун АҚШга йўл олган.

Америка прокуратураси ҳисоблашича, Орехов ва Усс GmbG компаниясидан Венесуэладан миллионлаб баррел нефтни россиялик ва хитойлик харидорлар учун, жумладан санкцияга тушган россиялик олигарх томонидан назорат қилинадиган Россия алюминий компанияси ва Пекинда жойлашган дунёдаги энг йирик нефт ва газни қайта ишловчи ҳамда нефт-кимё конгломератига контрабанда йўли билан ташиб келиш учун ҳам фойдаланган.

Айбланаётган венесуэлликлар Хуан Фернандо Серрано Понсе ва Хуан Карлос Сото гўёки Венесуэла давлат нефтгаз компанияси ва NDA GmbH ўртасида миллионлаб долларларга баҳоланган битим тузишда воситачилик қилишган. Бу келишув сохта компаниялар ва банк ҳисобларининг чигал лабиринти орқали амалга оширилган.

Агар прокурорларга ишонилса, Орехов Серрано Понсега санкцияларга тушган россиялик олигархлар номидан ҳаракатланаётганини очиқчасига тан олган.

Операция Венесуэла нефтининг келиб чиқишини яшириш учун супертанкерларда сохта йўл варақаларидан фойдаланиш ва GPS-навигаторни ўчириб қўйишни ҳам ўз ичига олган.

Орехов ва Усснинг Ҳамбургдаги компаниясининг хизматлари учун тўловлар кўпинча Америка банклари ва вакиллик ҳисоблари орқали долларда амалга оширилган - шу туфайли ушбу россияликларга Қўшма Штатларда пул ювиш бўйича модда ҳам қўйилади. Прокурорларнинг сўзларига кўра, айбланувчилар Россия ва Лотин Америкасида нақд пулларни ташиш учун курьерлардан фойдаланган, шунингдек криптовалютада кўп миллионли пул ўтказмаларини амалга оширишган.

Суд ҳужжатларида тўғридан тўғри иқтибослар кўплигига қараганда, тергов органлари, катта эҳтимол билан фигурантларнинг ўзаро суҳбатлари ва ёзишмаларини кузатиш имконига эга бўлишган, бу эса бруклинлик прокурорларнинг далиллар базасини сезиларли даражада бойитган.

«Сен Россиядан кетишга қарор қилдингми?» - дея сўрайди Орехов 2022 йил мартида кичик Уссдан. «Сен халқаро қидирувдан яширинишни истамайсанми?» - дея унга ҳазиломуз жавоб қайтаради Усс.

Мавзуга оид