Kun.uz мухбири ўзбек тилининг бугунги оғриқли масалалари атрофида филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Менглиев, педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев ҳамда Маънавият ва давлат тили масалаларини ривожлантириш департаменти масъул ходими Ғофур Ҳамро билан интервью ўтказди.

Ғофур ака, икки йил давомида ўзбекистонлик олимлар, зиёлилар «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири устида жиддий ишлашди. Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, у дастлаб Вазирлар Маҳкамаси, Парламент палаталари муҳокамасидан ўтди, аммо кейинчалик қонуннинг кейинги тақдири ҳақида халқимизга бирор маълумот берилмади. Бутун миллат тақдирига оид бутун бошли қонун йўқолиб қолди.

Хўш, нега йўқолди, қаерга йўқолди ва ким йўқотди?

Ғофур Ҳамро:

– Аввало, «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирда ишланиши, унинг таҳрирланган қисмлари устидаги ўзгаришлар Вазирлар Маҳкамасида ҳам, кейинги босқичларда ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу қонун муҳокамага қўйилди. Кейин кўриб чиқиш учун қайтарилган ва ҳозир кўриб чиқилмоқда.

Бу таҳрир устида олимлар узоқ вақт ишлаган эди. Шунча иш бажарилгач, яна нимаси ишланиши керак?

– Қонун лойиҳаси тайёрлангач, уни Вазирлар Маҳкамаси кўриб чиқади. Ўз вазифасини бажаргач, кейинги босқичга муҳокама учун чиқаради.

– Хўш, ҳозир бу қонун қаерда?

– Бу саволни бошқаларга ҳам бергансиз-ку.

– Ғофур ака, тўғрисини айтганда, бу қонун икки муҳокамадан «тишлари синдирилган» ҳолда кейинги босқичга ўтган эди. У қайтадан қабул қилиш учун кўриляптими ва бу сафар “тишли” бўладими?

Бу масала, албатта, қайта кўриб чиқилади.

– Қанча вақтда қонун қабул қилиниб, кўриб чиқилиши мумкин?

– Бу масаланинг ўзининг белгиланган регламенти бор. Шунга кўра кўриб чиқилади ва маълумот бериб борилади.