07:37 / 03.11.2022
4801

Германия энергия ташувчилар учун «нарх тормози» бўйича келишиб олди

Германия ҳукумати қочқинларни қабул қилиш муносабати билан федерал ҳудудларга кўп миллиардлик ёрдам ваъда қилди. Аввалроқ Бундестаг нархларнинг кескин ошишига қарши курашиш учун 200 миллиард евро миқдорида кредит ажратишни маъқуллаган эди.

Фото: globeecho.com

Германиянинг федерал ва ҳудуд органлари энергия ташувчилар учун «нарх тормози» ва 49 евролик чиптани жорий этишга келишиб олди. Бу масалалар 2 ноябрь, чоршанба куни Берлинда бўлиб ўтган йиғилишда муҳокама қилинди.

Эксперт комиссияси таклифига кўра, 2023 йилнинг март ойидан газга «нарх тормози» жорий этилиши керак. Тахминларга кўра, у 2024 йил апрелигача амал қилади, аммо 1 февралгача уни бекор қилиш имкониятини таъминлашга ҳаракат қилинади, дейилади якуний ҳужжатда. 2023 йил январидан саноат тармоғи учун газ нархини «тормозлаш» жорий этилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, аҳоли ва корхоналар учун электр энергияси нархини чеклаш кучга кириши керак.

Якка тартибдаги истеъмолчилар ва кичик корхоналар учун газ нархи бир кВт/соат учун 12 цент, электр энергияси учун – 40 цент этиб белгиланди. Нарх тўсиғи марказий иситиш тизими учун ҳам ўрнатилади: кВт/соат учун 9,5 центдан кўп эмас. Қўллаб-қувватлаш чоралари йиллик истеъмолнинг 80 фоизини қоплайди.

Федерал ва ҳудудий органлар яқин келажакда 49 евролик йўл чиптасини жорий этишга келишиб олдилар, деди Германия транспорт вазири Волкер Виссинг. У шу йил охиригача мамлакат аҳолисига тақдим этилиши кутилмоқда.

Германия канцлери Олаф Шольц ҳам ҳудудлар ва муниципалитетларга қочқинларни қабул қилиш муносабати билан кўп миллиардлик ёрдам ваъда қилди. Йиғилишда Қуйи Саксония ҳудуди бош вазири Стефан Вайл қишда Украинадаги уруш фонида Германиядаги муҳожирлар сони сезиларли даражада ошиши ҳақида фикр билдирди. Федерал ҳукумат бу йил ва кейинги йил қочқинларга ёрдам бериш учун қўшимча 1,5 миллиард евро ажратишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, 2023 йилдан Германия ҳукумати Украинадан ташқаридан келган қочқинларни қўллаб-қувватлаш учун ҳар бирига 1,25 миллиард евро тўлашга ваъда берди.

Октябр ойи охирида Германия Бундестаги энергия нархларининг кескин ўсишини чеклаш ва бизнесга ёрдам бериш учун махсус Иқтисодий барқарорлик жамғармасидан (Wirtschaftsstabilisierungsfond) 200 миллиард евро миқдорида кредит ажратишни маъқуллади.

Ҳукумат режаларига кўра, ажратилган кредитлар 2024 йилгача етарли бўлиши керак. Бу таклиф Германия парламентида ерларнинг манфаатларини ифодаловчи Бундесрат томонидан кўриб чиқилиши лозим.

Top