Иқтисодиёт | 11:35 / 04.11.2022
44380
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Грузия долларлашувни қандай камайтиряпти?

Иқтисодиётда долларлашув, яъни доллар миқдори ошиб кетишининг олдини олиш учун марказий банклар монетар чоралар қўллайди. Ўзбекистон иқтисодий форумида Қозоғистон ва Грузия Марказий банклари раислари долларлашувни қандай камайтиргани ҳақида гапирди. Kun.uz мухбири форум доирасида Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуродовдан бу борада қандай йўл тутилаётгани ҳақида сўради.

Грузия Марказий банки раиси Коба Гвенетадзе Грузия долларлашувни камайтириш учун юмшоқ куч воситаларини қўллагани, бунинг учун тартибга солувчи ҳужжатлар қабул қилиниб, стимул яратилганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, 7 йил олдин кредит долларлашуви 70 фоизни ташкил қилган бўлса, ҳозир 45 фоиз. Гвенетадзе долларлашувни пасайтиришда паст инфляция ва макромувозанатни таъминлаш зарурлигини, бу инвесторлар учун ҳам муҳимлигини таъкидлади.

Қозоғистон Марказий банки раиси Галимжан Пирматов эса Қозоғистон долларлашувни камайтиришга эмас, инфляцияни пасайтиришга асосий эътиборини қаратганини айтди. Натижада, унинг таъкидлашича, мамлакат ўз тарихидаги энг паст инфляция кўрсаткичига эришиш орқали долларлашувни тўхтата олган.

Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуродов форум доирасида Kun.uz мухбирининг долларлашув ҳақидаги саволига жавоб берди. Унинг сўзларига кўра, мажбурий резервларнинг 18 фоизга кўтарилиши ва миллий валютадаги депозитлар бўйича фоиз ставкасининг хорижий валютадагига қараганда жозибадорлиги табиий равишда Ўзбекистонда долларлашув даражасини камайтириб боряпти.

“Охирги 10 ой якунлари бўйича депозит таркибларини ўрганганимда сезиларли пасайиш бор – 27,5 фоиз депозитлар хорижий валютада. Айтмоқчи бўлганим, биз ҳам долларлашув даражаси ошиб кетмаслиги учун инструментлардан фойдаланамиз, энди буни ҳар доим сизга ўхшаб сўрашмайди, айтиб ўтирмаймиз, аммо бу нарса доимий назоратимизда”, – деди Нурмуродов.

Регулятор раҳбари Марказий банкларнинг долларлашувга нисбатан “юмшоқ куч” сиёсатига таъриф бераркан, бу чеклов ва тақиқларсиз доллар миқдорини камайтириш сиёсати эканини айтди.

“Миллий валютадаги депозитлар жозибадорлиги ўз-ўзидан хорижий валютадагига қараганда депозитларни сўмда қўйишга ундайди. Бизда 4 ой олдин шу нарса кузатилди, яъни доллар депозитларидан миллий валютадаги депозитларга ўтиш жараёни. Бу ҳозир ҳам давом этяпти. Бу сўм жозибадорлиги ошгани ва сўмимиз нисбатан барқарорлиги билан изоҳланади”.

Kun.uz мухбирининг 2022 йил февралда бошланган уруш, геосиёсий вазият чигаллашуви ортидан Ўзбекистонда долларлашув ошдими дея берган саволига Нурмуродов қуйидагича жавоб берди:

“Бизда долларлашув кредит қўйилмалари таркибида ҳам, депозитларда ҳам секин-аста пасаймоқда. Хорижий валютада четдан маблағ олиб келишга имконият ва шароитлар енгил бўлганида четдан арзон пуллар олиб кириш мумкин бўлди. Худди шу пайтда банклар ҳам, мижозлар ҳам хорижий валютани кўпайтирди. Бу ўз-ўзидан бизда доллар ҳажмини оширди. Ҳозир шароит шундайки, ҳар қандай банк ҳам валюта олиб кела олмайди, маълум шартлар бор. Шу каби сабаблар таъсирида долларлашув секин-секин камайиб боради”.

Қўшимча қилиш жоиз, Нурмуродов ҳозир тижорат банклари учун валюта олиб келишда маълум шартлар борлигини айтганида, Америка федерал резерв тизимининг шартларини назарда тутди.

Россия Украинага уруш бошлашидан олдин, тижорат банклари нақд валютани Россия банкларидан олиб келар эди. Вазият ўзгариши билан рус банкларига доллар ва евро бериш тўхтатилди. Шундан сўнг Ўзбекистон Марказий банки АҚШнинг Федерал резерв тизимига боғланиб, банкларга нақд доллар етказиб бера бошлади. Аммо федерал резервнинг доллар бериш борасида маълум қоидалари бор, бу – Ўзбекистондаги тижорат банклари нақд доллар олишида қийинчилик туғдирди ва шунинг ортидан бир неча бор банкларда нақд доллар тақчиллиги кузатилди.

Мавзуга оид