Бугун давлат томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга тўланаётган пуллар нарх-наволарга нисбат олинганда жуда арзимас туюлади. Айниқса болаликдан ногирон бўлганлар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга берилаётган нафақа миқдори анча кам.

Агар бундай инсонлар оилали ва бир неча нафар фарзанди бўлса, унда уларнинг рўзғор тебратиши янада қийин кечади. Бундай оилалар ҳатто фарзандларига тўланадиган нафақаларни қўшиб ҳисобласа ҳам улар оладиган пулга яшаш қийин.

Жорий йил февралда Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан ун ва ун маҳсулотлари ҳамда ўсимлик ёғи нархининг кескин ошиб кетди. Буғдой ва ун савдосининг эркин бозорга қўйиб юборилиши ортидан Ўзбекистонда етиштирилган буғдойдан ишлаб чиқарилган ун ҳамда пахта ёғи нархи кескин кўтарилди.

Шунингдек, кундалик рационга керак бўладиган бошқа озиқ-овқат маҳсулотларнинг нархлари ҳам арзон эмас. Бундай шароитда нафақат ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларнинг, балки кам даромад кўрувчи бошқаларнинг ҳам «қора қозон»ини қайнатиши осон бўлмаяпти.

Асосий егуликлар нархи бир баравар ошиб кетган ҳозирги ҳолатда меҳнатга лаёқатсиз ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори (ҳозир бундай тоифа инсонлар ойига 698 000 сўм олади) кескин оширилиши керак. Зеро, кимдир ногирон бўлиб туғилгани ёки меҳнатга лаёқатсиз бўлгани учун айбдор эмас.

Жилла қурса бундай тоифадаги одамлар оила қуриб, фарзандли бўлганидан кейин кўпроқ миқдорда нафақа олиши лозим. Вояга етиб оилали ва фарзандли бўлган ногирон шахс ва ногирон болага бир хил миқдорда нафақа тўланиши адолатдан бўлмаяпти.

Қуйида ногиронлар ва улар билан турмуш қурганларнинг кишини ўйлашга мажбур қиладиган ҳаётий ҳикоялари келтирилади.

«Тирикчилик осон бўлмаяпти»

«Менга совчилар келганда йигитнинг болаликдан ногирон эканини айтишган. Унинг суяклари эгри туғилган экан. Шундай бўлса ҳам рози бўлдим. Тўйдан кейин турмуш ўртоғимда тутқаноқ касали ҳам борлигини билдим.

Эрим 19 ёшида йиқилиб боши лат еган ва нерв томирларидан бирига зарар етган. Тутқаноқ касалига шунда чалинган экан. Шифокорлар тавсияси билан ҳар доим тинчлантирувчи дорилар ичиб юраркан.

Турмуш қурган кезимизда ҳам у ҳар куни нархи анча қиммат бўлган 2-3та дори ичиб юрарди. Агар ўша дорилардан бирини ичмаса ҳам касали қўзиб, бир неча минут ўзини билмай қоларди.