20:00 / 11.11.2022
8803

АҚШ Орол денгизининг Ўзбекистон қисми тубини ободонлаштириш учун маблағ ажратди 

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Орол денгизининг қуриган тубида экотизимни тиклаш бўйича иккинчи лойиҳа – ERAS II ишга туширилганини эълон қилди. 

Фото: uz.usembassy.gov

«USAID Оролбўйи минтақасидаги чўлланишнинг салбий оқибатларига қарши курашиш учун қарийб 1,6 миллион доллар ажратади, бу ҳаво сифати ва яшаш шароитларини яхшилаш, шунингдек, иқлим ўзгаришларига чидамлиликни оширишга олиб келади», — дейилади ҳисоботда. 

Биринчи ERAS лойиҳаси 2021 йилдан буён Орол денгизининг Қозоғистон қисмида амалга оширилмоқда. Иккинчи лойиҳа – ERAS II – Орол денгизининг Ўзбекистондаги қисмида ўсимликлар экишга қаратилади. 

Бундан ташқари, USAID шўрланишга чидамли экинларни экиш ва суғориш бўйича инновацион технологияларни тадқиқ этиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлайди. 

Қозоғистон ва Ўзбекистон тажриба алмашиш ва Орол фожиасининг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга ваъда бермоқда. 

ERAS II дастури USAID сув ресурслари ва атроф-муҳит бўйича Минтақавий лойиҳа томонидан Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Оролбўйи халқаро инновацион маркази, академик ва илмий-тадқиқот муассасалари, Мўйноқ тумани ҳокимлиги, шунингдек, Қозоғистон Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади. 

Орол денгизи сатҳи 1960-йиллардан бошлаб пасая бошлади. 1989 йилда денгиз иккита алоҳида сув ҳавзасига - Шимолий (Қозоғистонда) ва Жанубий (Ўзбекистонда) Орол денгизига бўлинди. Денгизнинг қуриши бутун Марказий Осиё учун экологик ҳалокатга айланди ва минтақа давлатларига жиддий ижтимоий-иқтисодий зарар етказди. 

Top