Украина худкуш-қайиқлар флоти учун пул йиғмоқда. Улар ўзи нима ва қандай имкониятларга эга?
Украина дунёдаги илк экипажсиз катерлар флотини қуриш учун пул йиғишни бошлади. Ушбу кампания президент Володимир Зеленскийнинг Телеграм каналида эълон қилинди. Украинадаги уруш рамзларидан бирига айланган оддий ва худкуш дронлардан сўнг, эндиликда бу технология ҳарбий-денгиз соҳасига ҳам кириб келмоқда. Бу турдаги қурилмалар сувда қанчалик фойдали бўлади?
Президент Зеленскийнинг сўзларига кўра, денгиз дронлари Украинага денгиз сувлари ва тинч аҳоли яшовчи шаҳарларни рус кемаларидан отилувчи ракеталардан ҳимоя қилиш учун керак.
Бундан ташқари, Зеленскийнинг ёзишича, Украина қуролли кучлари ушбу катерлардан Украина портларидан дон олиб кетаётган фуқаролик кемаларига қўйилган блокадани олиб ташлашда ҳам фойдаланади.
Қайиқлар учун маблағ тўпланаётган UNITED24 сайти денгиз дронининг тактик-техник хусусиятлари, шунингдек, унинг баъзи деталлари ва ташқи кўриниши акс эттирилган видеони эълон қилди.
UNITED24 – Украина ҳукумати томонидан мамлакатга ёрдам бериш учун маблағ тўплаш мақсадида ташкил қилинган лойиҳа. Сайтнинг бош саҳифасида айтилишича, сайт президент Володимир Зеленский томонидан очилган.
Автоном қурилма
UNITED24 сайтида дроннинг тактик ва техник хусусиятлари эълон қилинди. Гап ўз-ўзини портлатиш йўли билан нишонга зарар етказувчи унча катта бўлмаган қурилма ҳақида бормоқда. Бундай аппаратлар кўпинча «камикадзе» (худкуш) деб аталади.
Камикадзе қайиқнинг узунлиги 5,5 метр, сузиш масофаси – 800 километргача, давомийлиги – 60 соат, максимал тезлиги – соатига 80 километр, жанговар каллак сиғими эса – 200 килограмм.
Таққослаш учун, Harpoon ракетаси жанговар каллагининг массаси 225 килограммни ташкил қилади, Украинанинг Neptun қанотли ракетасининг жанговар каллаги эса 150 килограммни.
Тактик-техник хусусиятларига кўра, дрон-қайиқ учта видеоканал орқали бошқарилади. Бундан ташқари, у сунъий йўлдош навигация тизими ва инерциал навигация (ташқи омилларга боғлиқ бўлмаган навигация) — автопилот билан ҳам жиҳозланган.
Автопилот мавжудлиги бундай қурилманинг автоном, хусусан радиоэлектрон кураш тизимларининг ишлаши шароитида ҳам ҳаракат қилишга қодир эканини англатади, аммо бу аниқликни сезиларли даражада пасайтиради. Автопилот қайиқни нишонга олиб бориши мумкин, аммо бошқарув визуал тарзда амалга оширилиши керак ёки бошқарув тизимларидан фойдаланиш лозим. Бу борада хабарда ҳеч қандай маълумот берилмаган.
UNITED24 сайтида айтилишича, кўп мақсадли экипажсиз сув усти худкуш-қайиқлари Украинанинг ўзига хос ишланмасидир.
«Бизнинг биринчи вазифамиз – 100 та шундай кемадан иборат флот йиғиш. Улар денгизларимиз сувларини ҳимоя қилади, рус кемаларининг кўрфазлардан ракета билан чиқишини тўхтатади, савдо кемаларини ҳимоя қилади ва бошқа махфий топшириқларни бажаради», – дейилади сайтда.
Бундан ташқари, эълон қилинган маълумотларга кўра, дрон-кемалар разведка, кузатув, ҳарбий-денгиз кучлари кемаларига ҳамроҳлик қилиш, савдо кемаларини қўриқлаш, нишонни белгилаш ва қирғоқни диверсия гуруҳларидан ҳимоя қилиш каби имкониятларига ҳам эга бўлади.
Севастопол рейди
UNITED24 сайтидаги дрон-қайиқ ташқи кўриниш жиҳатдан сентябр ойида россиялик блогерлар Севастопол яқинидан ўтганини айтган дронга жуда ўхшаш. Ўша пайтда бу қурилманинг кимга тегишли экани номаълумлигича қолганди.
Бундан ташқари, веб-сайтдаги тақдимотда 2022 йил 29 октябр куни Севастопол бандаргоҳида Россия Қора денгиз флоти кемаларига қилинган ҳужумлардан кейин интернетда пайдо бўлган кадрлардан ҳам фойдаланилган.
Ўшанда, Россия мудофаа вазирлиги бу ҳужум оқибатида фақатгина денгиз мина тозаловчи кемаси бўлган «Иван Голубец» шикастланганини маълум қилди. Бироқ баъзи хорижий экспертлар видеотасвирларга асосланиб, дрон-қайиқлар «Калибр» ракеталари билан қуролланган Қора денгиз флотининг «Адмирал Григорович» фрегатига ҳам ҳужум қилганини тахмин қилди.
Украина ҳозиргача бу ҳужумларга ўзининг экипажсиз ҳарбий-денгиз қайиқлари алоқадорлигини расман тасдиқламади ва Қрим қирғоғида бу турдаги қайиқлар пайдо бўлишига ҳам изоҳ бермади.
Эндиликда сайт Украинанинг дрон-қайиқлари Севастополдаги Россия кемаларига зарба берганини деярли очиқчасига айтмоқда.
«Украинанинг бу (Севастополдаги) кемаларга қаршилик қиладиган ҳеч нарсаси йўқ эди, чунки 2014 йилда Қрим босиб олинганидан кейин Украина флоти ўз кемаларининг 80 фоизини йўқотди. 2022 йилнинг 29 октябр куни денгиз дронларининг Россия кемаларига берган зарбалари фақатгина экипажсиз қайиқлар томонидан амалга оширилди», –дейилади қўшимча матнда.
Унда айтилишича, ҳужум натижасида учта рус кемаси, шу жумладан Россия Қора денгиз флотининг янги флагмани «Адмирал Макаров» ҳам шикастланган.
Украинанинг ўз ихтироси ёки ҳамкорлар ёрдами?
UNITED24 сайти маълумотларига кўра, қайиқлар «Украинанинг ноёб ишланмаси». Ушбу сўзлар исботи сифатида видеода қайиқларни ишлаб чиқариш жараёни – металлни кесиш, йиғиш ва электрон тизимларни ўрнатиш кўрсатилган.
Шу билан бирга, 2022 йил май ойида АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдами рўйхатларидан бирида «қирғоқни қўриқловчи экипажсиз қайиқлар» номи ҳам қайд этилган. Рўйхатда ушбу қайиқларнинг тури ва сони очиқланмаган.
Очиқ манбаларга кўра, АҚШда экипажсиз автоном кемаларнинг бир неча турлари ишлаб чиқилмоқда. Улар орасида сув усти экипажсиз кемаларининг йирик (Large Unmanned Surface Vehicles – LUSV) ва ўрта (Medium Unmanned Surface Vehicles – MUSV) ҳамда жуда катта сувости (Extra-Large Unmanned Undersea) кемалари турлари мавжуд.
Бироқ, бу кемаларнинг барчаси Украинанинг худкуш дрон-қайиқларидан фарқ қилади.
Украина уларни ишлаб чиқаришда Ғарб технологиясидан фойдаланган бўлиши мумкин.
Хусусан, видеотақдимот кадрларида қуруқлик, ҳаво ва денгиз қурилмалари учун двигателлар ишлаб чиқарувчи Австриянинг Rotax компанияси двигатели акс этган.
Дронлар флоти
Сўнгги йилларда Украина ҳарбий-ҳаво ва ҳарбий-денгиз кучларида учувчисиз тизимларни фаол равишда жорий қилди, аммо бу биринчи навбатда ҳавода сезилди. Кузатувчилар Bayraktar TB2 учувчисиз дронларига кўпроқ эътибор қаратди.
Бироқ, Украина ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони, контр-адмирал Алексей Неижпапа 2021 йил май ойида таъкидлаганидек, денгиз флотини ҳам экипажсиз қурилмалар билан жиҳозлаш режалаштирилган эди. Бу ҳақда у «Украина 30. Мамлакат хавфсизлиги» форумида, ҳарбий-денгиз кучларини ривожлантириш концепциясини тақдим этиш жараёнида айтиб ўтганди.
«Албатта, ҳарбий-денгиз флоти, қуролли кучларнинг бошқа турлари ва тармоқлари ва умуман, бутун цивилизациялашган дунё каби, экипажсиз технологияларга ўтмоқда. Бу олдинга ташланган қадамдир», – деган Алексей Неижпапа.
Унинг сўзларига кўра, Украина миналарга қарши дрон тизимларини сотиб олишни ҳам ният қилган.
Бироқ, Алексей Неижпапа бу ҳақда гапирар экан, унинг орқасидаги экранда тақдимот слайдни кўрсатилди ва унда нафақат Bayraktar дрони ва минага қарши сув ости кемалари, балки экипажсиз қайиқ ва масофадан бошқарилувчи кичик сув усти аппарати ҳам намойиш этилди.
Тўғри, ўша тақдимотда украиналиклар ҳозир пул йиғаётган катерга ўхшаш ҳеч нима кўрсатилмаганди.
Денгиз дронлари қанчалик самарали бўлади?
Бундай турдаги қурилмаларнинг ҳарбий кемаларга қарши самарадорлиги, масалан, Иккинчи жаҳон уруши пайтидагига қараганда анча юқори бўлиши мумкин.
Замонавий ҳарбий кемалар зарба берувчи қуроллар: ракета, снаряд ва торпедалардан нисбатан камроқ ҳимояланган. Замонавий фрегатдан кўра, эски жанговар линкорга денгиз дрони билан жиддий зарба бериш қийинроқ.
Гап шундаки, Иккинчи жаҳон уруши даврида кеманинг омон қолиши ва жанговар қобилиятини таъминловчи муҳим тизимлар кўпинча автоном бўлган ва шунинг учун уларни зирҳ билан ҳимоя қилиш осонроқ бўлган. Бошқа қисмлар эса нисбатан камроқ иҳоталанган. Масалан, электр тизими, артиллерия ўқ-дорилари омбори ёки қўмондонлик пункти кеманинг муҳимроқ қисми ҳисобланган ва яхши мудофааланган.
Бундан ташқари, автономия туфайли йўқотиш, масалан, артиллерия минораларидан бирининг ишдан чиқиши кема ҳалокатига олиб келмаган. Кема бирор нуқтага зарба қабул қилиб ҳам жанг қилиш қобилиятини сақлаб қолиши мумкин эди.
Замонавий ҳарбий кемалар эса шу қадар мураккабки, уларнинг деярли ҳар қандай қисмда муҳим компонентлар мавжуд бўлиб, уларнинг йўқ қилиниши кемани жанговар қобилиятидан маҳрум қилади.
Бундан ташқари, бугунги кунда денгиз жанглари масофаси ҳам ўн баравар ошди. Эндиликда кемалар ўзларини артиллерия снарядларидан эмас, балки кемаларга қарши ракеталардан ҳимоя қилиши керак. Айнан шу сабаб ҳозирда ҳарбий кемалар ракетага қарши мудофаа тизимлари билан жиҳозланмоқда.
Замонавий кемаларнинг қанчалик заиф эканлигини АҚШнинг Coul эсминецига қилинган ҳужум мисолида ҳам кўриш мумкин. 2000 йил 12 октябрда Яманнинг Адан портида, ёнилғи қуйиш чоғида кемага 225 килограммлик портловчи моддалар билан тўлдирилган моторли қайиқ келиб урилганди.
Ўшанда кемага урилган қайиқда иккита худкуш-террорчи бўлган, аммо уларни масофадан бошқариш пульти билан алмаштирилиш мумкин эди. Шунда бу қайиқ экипажсиз денгиз дронига айланган бўларди.
Портлаш натижасида 17 нафар денгизчи ҳалок бўлган, 40 нафари эса яраланган. Кеманинг ўзи эса жиддий шикастланади ва уни бир неча ой давомида таъмирлашади.
Мавзуга оид
15:05
Дума Украинада жанг қилаётганларнинг қарзидан кечиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди
13:31
Зеленский Радага Украинанинг «матона режаси»ни тақдим этди
12:57
АҚШ президенти Украинага пиёдаларга қарши миналар етказиб берилишини маъқуллади
08:31