Жаҳон | 19:43 / 25.11.2022
13129
14 дақиқада ўқилади

Исроил ултрамиллатчилар қўлида: Нетаняҳу бурчакка қисилганми ёки унда бирор режа бор?

Исроилда коалицион ҳукумат шакллантириш жараёни кетмоқда.

Ҳокимият тепасида қолиш учун Бенямин Нетаняҳу арабларга нисбатан муросасиз муносабатлари билан танилган ҳомофоб ултрамиллатчилар билан битим тузишга тайёр. Агар кутилмаган бирор кор-ҳол рўй бермаса, мамлакат ўз тарихидаги энг ултраўнг ҳукуматга эга бўлади.

«Ликуд» партияси етакчиси Бенямин Нетаняҳу. Фото: Reuters

Ўртага Исроилнинг дунёвий келажаги, Яқин Шарқдаги осойишталик ва АҚШ билан муносабатлар тикилган.

Одатга кўра, ўнглар ва ўнг марказчилар Исроилнинг ташқи хавфсизлигини доимо яхшироқ таъминлаб келишган, деб ҳисобланарди.

АҚШ республикачиларидан фарқли ўлароқ, Яҳудийлар давлатини кўп ҳам қаттиқ қўлламайдиган демократлар Оқ уйда ҳукмронлик қилаётган даврда, яқиндан Эрон ва Россиянинг ҳарбий иттифоқчилиги фонида Исроил учун келиб чиқадиган оқибатлар эҳтимолидан исроилликлар ташқи хавфсизликни ўйлаб, ўз танловларини амалга оширган.

Ҳозир Биби Нетаянҳу бошчилик «Ликуд»нинг ҳамкорлари бир пайтлардагидек ўнг марказчилар эмас, ҳаттоки сўнгги вақтлардагидек ултраўнглар ҳам эмас, айнан ултрамиллатчилар бўлади.

BBC мамлакат ва бутун минтақа бу аҳволга қандай қилиб тушиб қолганини таҳлил қилди.

Ҳозир нималар содир бўлмоқда?

13 ноябр куни Исроил президенти Исҳоқ Ҳерцог сўнгги сайловларда ғалаба қозонган Бенямин Нетаняҳуга коалицион ҳукумат тузиш вазифасини топширди.

Биби 13 декабргача белгиланган муддатда бунга улгуриши керак. Агар улгурмаса унга яна икки ҳафта муҳлат берилади. Қайта муваффақиятсизликка учралган тақдирда, коалиция шакллантиришга мандат партия раҳбариятидаги бошқа киши қўлига ўтади ва Нетаняҳу бош вазир бўла олмайди.

Бироқ бу барча мавжуд эҳтимоллар ичида энг ақл бовар қилмайдиганидир. Қайтанга, ҳукумат белгиланган муддатдан ҳам аввалроқ ишга киришиши кутилмоқда, чунки партиялар ўртасида асосий келишувлар сайловгача ҳал қилиб бўлинган.

Ҳозирча Исроилнинг янги ҳукумати қай кўринишда бўлишини айтишга бироз эрта, лекин барча аломатлар «Ликуд»нинг иттифоқчилари иккита ултраортодоксал партиялар ШАС ва UTJ («Бирлашган таврот иттифоқи) ҳамда «Диний сионизм» ултрамиллатчилик блоки бўлишини кўрсатмоқда.

Улар жами бўлиб Кнессетдаги 120 ўриндан 64 тасини эгаллашади. Албатта, бу аксар қисм бўлмаса-да, етарли даражада барқарор парламент кўпчилигидир. Айниқса, бор-йўғи биргина овоз устунлиги бўлган сўнгги чақириқдаги парламентлар фонида.

Исроил сиёсатининг янги сиймолари

Янги ҳукуматнинг потенциал аъзолари сифатида икки шахс айниқса кўпроқ тилга олинмоқда — «Диний сионизм» блоки етакчиси Бецалел Смотрич ва бу блок таркибидаги «Оцма Яҳудит» партияси етакчиси Итамар Бен-Гвир.

Итамар Бен-Гвир (чапда) ва Бецалел Смотрич Исроил сиёсатининг ултрамиллатчи қанотини тамсил этади. Фото: timesofisrael.com

Смотрич туғуруқхоналарда яҳудий ва араб аёлларини сегрегация (ирққа кўра ажратиш) қилиш, арабларга уй сотишни тақиқлаш ҳамда ҳомофобик фикрлари билан боғлиқ жанжалли чиқишлари билан машҳур.

2005 йилда у Ғазо бўлгасида яҳудий манзилгоҳларни кўчириб, ажратиш режасига қарши норозилик намойишлари уюштиргани учун Исроил махсус хизматлари томонидан ҳибсга олинган ва уч ҳафта қамоқда ўтирган.

2006 йилда «Ҳайвонлар ҳақиқати» ташкилотига Исроил ЛГБТ ҳамжамиятига қарши акция уюштиришда кўмаклашган. Тўғри, кейинчалик омма олдида бу иши учун афсусда эканлигини айтган.

Итамар Бен-Гвир эса адвокат. Унинг асосий иши — Исроил радикалларини мамлакат судларида ҳимоя қилиш.

У 1995 йилда жамоатчиликка танилди. Ўшанда у бир гуруҳ маслакдошлари билан машҳур «Ослодаги келишув»ни имзолаган Исроил бош вазири Исҳоқ Рабиннинг кадиллакидан эмблемани ўғирлаб кетган. «Ослодаги келишув» — Исроил ва Фаластин озодлик ташкилоти ўртасида тузилган илк икки томонлама битим эди.

«Бизнинг қўлимиз унинг машинасигача етди, ҳали ўзига ҳам етади», — деганди ўшанда ёш ултраўнг активист Бен-Гвир.

Икки ҳафта ўтгач Исҳоқ Рабин ултраўнг қанотдаги бошқа бир радикал томонидан ўлдирилди.

Бугунга келиб етук сиёсатчига айланган Бен-Гвир Исроилга хайрихоҳ бўлмаган арабларни депортация қилишга даъват этиб келади.

Улар нима исташмоқда ва оқибат нима бўлади?

Бенямин Нетаняҳунинг ҳукуматида Бен-Гвир Исроил жамоатчилик хавфсизлиги вазири портфелини кўзламоқда. Бу вазирлик Исроил полицияси, қамоқхона тизими ва фавқулодда хизматларни бошқаради.

«Партиянгиз имижи кўпчиликда ҳадик уйғотмоқда, жумладан мамлакатимизда ва минтақамизда арабларга нисбатан муносабатлар борасида ҳам. Жаҳон етакчилари менга шу саволларни беришмоқда», — деган Бен-Гвирга Исроил президенти Исҳоқ Ҳерцог 10 ноябр кунги учрашувда.

Исроил ҳокимияти ва жамоатчилигини Фаластин-Исроил муносабатларидаги энг баҳсли масала бўлган шарқий Қуддусдаги Масжидул Ақсо атрофидаги маддалаб турган вазият хавотирга солмоқда.

Исроилликлар янги ҳукуматнинг Масжидул Ақсонинг статусини ўзгартириш борасидаги радикал хатти-ҳаракатлари учинчи Фаластин интифозасига олиб келади деган хавотирда

Исломдаги учинчи муқаддас ибодатгоҳ — Масжидул Ақсо жойлашган Топиниш тепалиги яҳудийлар учун ҳам муқаддас даргоҳ ҳисобланади. Айни пайтда у ерга яҳудийлар кириши чекланган, яҳудийларнинг диний маросимларини ўтказиш эса тўлиқ тақиқланган.

Исроилликлар ва фаластинликлар ўртасидаги энг оммавий ва қонли тўқнашувлар айлан Топиниш тепалигида бўлиб ўтган.

Итамар Бен-Гвир тенгликка ишонишини, яҳудийларга ўз муқаддас қадамжоларига киришга тақиқ заруриятини кўрмаётганини бот-бот такрорлаб келади.

Полиция устидан назорат қилишни истаётган инсоннинг бундай ёндашуви ҳам мамлакат ичида, ҳам халқаро майдонда фалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин.

«Бен-Гвир жамоатчилик хавфсизлиги вазири этиб тайинланиши — Ку-клукс-клан раҳбарини АҚШ Бош прокурори этиб тайинлаш билан тенг», — деган яқинда АҚШдаги яҳудий жамиятида энг таъсир доираси кенг бўлган америкалик раввин Рик Жейкобс.

Бецалел Смотрич эса хайрихоҳлиги эвазига мудофаа вазири портфелини ўзига беришларини сўрамоқда.

Смотрич Фаластин давлати тузилишига қарши, фаластинликларга тегишли ҳудудларда яҳудий манзилгоҳларини янада кенгайтириш, ҳаттоки Ўрдун дарёсининг ғарбий қирғоғини бутунлай аннексия қилиш борасида чиқиш қилиб келади.

Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилида истиқомат қилувчи араблар Исроил байроғини ёқишмоқда. Фото: AFP

Унинг қарашлари — Исроилдан Вашингтонда кутилаётганининг ғирт тескариси, Бенямин Нетаняҳу эса сўнгги дақиқаларгача савдо қилишга мажбур.

Ҳали сайловларгача у ўз ҳамкорларини учта асосий вазирлик портфеллари — молия, мудофаа ва ташқи ишлар вазирликлари «Ликуд»да қолиши борасида огоҳлантирган.

Бироқ «Диний сионизм» ва унинг Кнессетдаги 14 та ўрнисиз коалицияга эришиб бўлмайди, Смотрич ҳам буни яхши тушунади ва камида молия вазири портфели учун кураш олиб боради.

«Диний сионизм» партиясидан парламент депутати Орит Строк блок уларга Ғарбий соҳилда яҳудий манзилгоҳларини ривожлантириш устидан реал назорат бермайдиган бирорта таклифни қабул қилмаслигини таъкидлади.

«Ликуд»дагилар янги ҳамкорлари ҳақида

«Ликуд» ичидаги кайфиятлар анча ғамгин. Кўпчилик ултраўнглар етакчилари портфеллар учун савдо қилиш билангина тўхтаб қолмаслигига амин. Агар масала у ёки бу йўл билан ечиладиган бўлса ҳам, улар кейинги сиёсатни белгилаб беришда давом этаверишади.

«Ликуд» партиясининг кўплаб аъзолари коалициядаги янги ҳамкорлар уларни бурчакка қисаётганини таъкидлашмоқда. Фото: Sopa Images

«Мен Смотрични яхши биламан. Бу фақат коалицион музокаралар билан якун топмайди. Бу ҳукуматда ҳар қандай қонун лойиҳаси билан доимий муаммолар вужудга кела бошлайди, вазирлар ва депутатлар ҳар бири ўз хоҳиши амалга ошишини талаб қилади», — дейди Кнессетнинг «Ликуд»дан сайланган депутати Давид Битан.

Унинг сўзларига кўра, Биби партиясида танлов қолмаган: «Биз деярли ҳамма нарсани топшириб, эвазига ҳеч нарса олмаймиз. «Ликуд» ютқазади».

Ҳозирча депутатларнинг оммавий тарзда «Ликуд» сафини тарк этиши ҳақида гап бормаяпти. Бунақаси 2021 йилнинг мартида ўтган сайловлардан аввал бўлган эди. Ўшанда Нетаняҳунинг бош вазирлигига нуқта қўйиш учун унинг энг яқин маслакдошлари партияни тарк этганди.

Ҳозир қўшимча йўқотишлар Нетаняҳуни ўта ожиз аҳволга солиб қўяди.

Исроилликлар нима кутсин?

Ултраўнг томондан илк қалдирғочлар оммавий жойларда инсонларни жинсига кўра сегрегация (ажратиш) тўғрисидаги диний партиялар чақириғи кўринишида Нетаняҳу ҳузурига учиб келишга улгурди. Масалан, давлат мактаблари ва олий ўқув юртларида ўғиллар ва қизлар учун алоҳида синфлар ташкил этиш таклиф қилинмоқда.

Ортодокслар театр, концерт ва кино залларини ҳам секторларга бўлишни талаб қилишмоқда.

Исроилнинг ортодоксал муҳитида жинсга кўра қатъий сегрегация мавжуд, ҳаттоки жамоат транспортига чиқишда ҳам.

Бир неча кун аввал ултраортодокслар (уларнинг ўзи ҳарбий хизматга бормайди) армияда хизмат қилаётган тақводорларни қизлар бўлган ҳарбий қисмларда хизмат қилишдан бош тортишга чақирди.

Ҳарбийларга кўра, бундай қарашлар армияга кириб келиши ўз ҳарбий тузилмаларининг барқарор ва профессионал ишлашига боғлиқ мамлакат учун жуда хавфли.

Диний партиялар шунингдек ЛГБТ ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминловчи қонунларни бекор қилишга эришиш ниятида эканини яширишмаяпти.

«Биз Эрон эмасмиз», — деган ултраўнгларнинг таклифларига жавобан бош вазир лавозимидан кетаётган Яир Лапид.

Исроил ташқи сиёсати ва Ғарб билан алоқалар

Исроил ташқи сиёсатини «Ликуд»дагилар ва Нетаняҳунинг ўзи эски алоқаларига таяниб юритишга ҳаракат қилади, бироқ қўшнилар ва Ғарб билан алоқалар аввалгидек бўлиб қолмайди.

Сўнгги йилларда Доналд Трамп маъмурияти саъй-ҳаракатлари билан Исроил араб дунёсининг кўплаб давлатлари билан муносабатларини тиклаб, минтақавий яккамохов ўрнини Эронга бўшатиб берганди.

Бироқ Бен-Гвир ва Смотрич талаб қилаётган нарсалар — фаластинликларга нисбатан сиёсатни қатъийлаштириш ва «икки халқ учун икки давлат» концепциясидан воз кечиш — Исроил эгаллаган позицияларини йўқотишига олиб келади.

Ҳаттоки Исроилнинг азалий иттифоқчилари Иордания ва Миср ҳам агар Ғарбий соҳил аннексия қилинадиган бўлса, яҳудий давлати билан тинчлик шартномаларидан воз кечиши ҳақида огоҳлантиришди.

Ҳаммасидан қийини АҚШга бўлади. Улар нафақат ўз ҳамкорининг минтақавий сиёсати оғирлашишига, шунингдек, АҚШдаги яҳудий лоббиси, ЛГБТ ҳамжамияти ва дунёвий жамияти босимига ҳам реакция билдиришга мажбур бўлади.

Жо Байден ва Бенямин Нетаняҳу. Агар Исроил сиёсатининг янги курси борасидаги тахминлар рўёбга чиқса, АҚШ қийин вазиятда қолади. Фото: POOL

Айрим маълумотларга кўра, Ғарбнинг бир қатор давлатлари, жумладан, АҚШ Нетаняҳуга нома жўнатиб, агар Бен-Гвир ва Смотрич Исроил сиёсатининг биринчи планига кўтариладиган бўлса, уларнинг бу инсонлар билан алоқалари ниҳоятда чекланган бўлиши ҳақида огоҳлантиришган.

BBC’нинг Қуддус ва Вашингтондаги манбалари маълумотларига кўра, Оқ уй Исроил ташқи ишлар вазири лавозимида Исроилнинг АҚШдаги собиқ элчиси (2013–2021) Рон Дермерни кўрмоқчи.

«Бизнинг Дермер билан ихтилофли вазиятларимиз бўлган, бироқ биз уни келгуси ҳукумат таркибида кўриш ва у билан бирга ишлашдан мамнун бўлар эдик. Биз уни яхши биламиз ва аминмизки, у айни пайтда стол устига қўйилган сиёсий ва дипломатик муаммоларни яхши тушунади», — деган Оқ уйдаги манба.

Нетаняҳу тергов остида — энди нима бўлади?

Исроилда бош вазирлик лавозимида ўтириш бўйича рекордчи (жами 15 йил, шундан 12 йил мунтазам) Бенямин Нетаняҳу ҳамон фирибгарликда, коррупцияда ва ишончни суиистеъмол қилишда айбланмоқда. У 2017 йилдан буён тергов бермоқда, 2019 йилда расмий айбловлар илгари сурилган.

Гарчи Нетаняҳу барча айбловларни рад этаётган бўлса-да, мабодо суд уни коррупцияда айбдор деб топса, у 10 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Бошқа пунктлар бўйича максимал жазо сифатида 3 йил қамоқ жазо белгиланиши мумкин.

Бибининг икки йўли бор: ё ўз айбсизлигини тасдиқловчи рад этиб бўлмас далиллар тақдим этиши — у бир неча йилдан бери буни қилолгани йўқ, ёки Олий суд қарорларини парламент орқали бекор қилдириши керак. Бу унга жиноий таъқибдан батамом қутулиш учун иммунитет тақдим этади.

Бундай қонун қабул қилиниши ва Фаластин давлати яратилиши ғоясига рози бўлмаслик — Нетаняҳуни янги гумашталари билан бирлаштириб турувчи ягона манфаат. Ултрамиллатчиларнинг кун тартибидаги бошқа бирор нарса дунёвий давлат тарафдори бўлган Бибига яқин эмас.

Кўплаб таҳлилчилар фикрича, ўз ташаббуслари Олий суд томонидан блок қилинишига халақит беришда Бибидан ҳам кўпроқ манфаатдор бўлган ортодокслар Нетаняҳуга керакли қонунни ўтказиб олишда ёрдам қўлини чўзиб юборгач, Бенямин Нетаянҳу улардан қутулиш йўлини топади ва Исроилни аввалги релсларга тушириб олади.

Мавзуга оид