Жаҳон | 14:26 / 28.11.2022
11356
3 дақиқада ўқилади

Эронда мамлакат етакчиси Али Хоманаийнинг жияни ҳибсга олинди

Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг қариндоши Фариде Морадхоний дунё ҳамжамиятига Эрон ҳукумати билан алоқаларни узишга чақирган видеомурожаатини ёзганидан сўнг ҳибсга олинди. Бу ҳақда унинг укаси маълум қилди.

Фото: CNN

Эроннинг олий раҳбари ва етакчиси оятуллоҳ Али Хоманаийнинг жияни Фариде Морадхоний жаҳон ҳамжамиятини мамлакат расмийлари билан барча алоқаларни узишга чақирганидан сўнг ҳибсга олинди. Бу ҳақда 27 ноябрь, якшанба куни Американинг CNN телеканали ҳамда Reuters ва AFP агентликлари Морадхонийнинг укасига таяниб хабар берди. 

Францияда яшовчи эркакнинг сўзларига кўра, у ўз синглиси қамоққа олинганидан кейин у олдиндан ёзиб олган видеони эълон қилган. Морадхоний ўз мурожаатида Эрон ҳукуматини «қонли ва гўдакларни ўлдирадиган режим» деб атади ва одамларни ҳукуматларидан у билан барча алоқаларни узишни талаб қилишга чақирди. 

«Озод одамлар, биз билан бўлинг ва ҳукуматларингизга айтинг, бу қонли ва гўдакларни ўлдирадиган режимни қўллаб-қувватлашни тўхтатиш керак. Бу режим ўзининг ҳеч бир диний тамойилларига содиқ эмас ва куч ишлатишдан бошқа қонун ва қоидаларни билмайди ҳамда ҳар қандай йўл билан ўз ҳокимиятини сақлаб қолади». - деди Морадхоний. Мурожаатда видео айнан қачон ёзиб олингани аниқ эмас. 

Маҳмуд Морадхонийнинг сўзларига кўра, унинг синглиси 23 ноябрь куни прокуратурага чақирилганда ҳибсга олинган. Фариде ва Маҳмуд Морадхоний олий етакчи Бадри Ҳусайний Хоманаийнинг синглисига турмушга уйланган уламо ва мухолифатчи Али Теҳронийнинг фарзандларидир. Теҳроний октябрь ойида вафот этган. 

Эронда оммавий норозилик намойишлари сентябр охиридан бери давом этмоқда. Уларнинг бошланишига полиция томонидан қўлга олинган 22 ёшли Маҳса Аминийнинг ўлими сабаб бўлди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, қиз полиция машинасида калтакланган, шундан сўнг у комага тушган ва вафот этган. 

Эрон расмийларига кўра, Аминий «тўсатдан юраги тўхтаб қолишидан» вафот этган. Қариндошлари қизнинг соғлом бўлганини ва юрагида ҳеч қандай муаммо бўлмаганини таъкидламоқда. 

Маҳсанинг вафотидан кейин бутун мамлакат бўйлаб режимга қарши ҳаракатлар бошланди. Эрон ҳукумати уларни қаттиқ бостирди. Iran Human Rights (IHR) ташкилоти маълумотларига кўра, намойишлар пайтида камида 378 киши, жумладан 47 бола ҳалок бўлган. Hengaw инсон ҳуқуқлари гуруҳининг даъво қилишича, сўнгги кунларда Эрон хавфсизлик кучлари «намойишчиларга қарши ҳужумларда ҳалокатли қуроллардан фойдаланишни сезиларли даражада оширган».   

Кўчага чиққан одамларни Қатарда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатининг биринчи ўйинида миллий мадҳияни куйламаган Эрон футбол жамоаси ҳам қўллаб-қувватлади. 

Мавзуга оид