Жаҳон | 14:11 / 28.11.2022
5993
3 дақиқада ўқилади

Хитойда коронавирус чекловларига қарши норозилик намойишлари давом этмоқда

Расмийлари коронавирусга нисбатан ноль тоқат сиёсатини олиб бораётган Хитойда локдаунларга қарши оммавий норозилик намойишлари тўхтамаяпти.

Фото: AFP

Хитой пойтахти Пекин ва бошқа кўплаб шаҳарларда 28 ноябрь, душанбага ўтар кечаси мамлакат расмийлари томонидан SARS-CoV-2 коронавирусига қарши курашга қаратилгани билан изоҳланган кескин чеклов чораларига қарши оммавий норозилик намойишлари давом этди

Пекинда намойишчилар дипломатик квартал яқинидаги кўчаларга чиқди, уларнинг кўпчилиги мамлакатдаги цензурага қарши норозилик рамзи сифатида оқ қоғозларни ушлаб туришди, дея хабар беради dpa ахборот агентлиги. Одамлар: «Карантинни олиб ташланг» ва «Биз ПЗР-тестларни хоҳламаймиз, биз эркинликни хоҳлаймиз» деб ҳайқиришди. Полиция жалб қилинган, ҳибсга олинганларнинг аниқ сони номаълум.

Хитойнинг бошқа шаҳарларида ҳам норозилик юришлари бўлиб ўтди: Шанҳай, Ченгду, Чонгинг, Уҳан ва Нанкинда. Университетларда ҳам норозилик кучаймоқда, ижтимоий тармоқлар цензура томонидан тезда олиб ташланган видеоларга тўлиб кетган, деб ёзади dpa. 

Булар Хитойда 4 июнда ҳарбийлар томонидан шафқатсизларча бостирилган ва «Тянанмен қирғини» номи билан машҳур бўлган 1989 йилдаги демократик ҳаракатдан кейинги энг йирик норозилик намойишларидир», — дейилади агентлик хабарида. 

BBC мухбири Эд Лоуренс Шанҳайдаги норозилик намойишларини ёритар экан, полиция томонидан ҳибсга олинган ва калтакланган, дея хабар берди корпорация. Унинг маълумотига кўра, журналист калтакланган. Бундан ташқари, Лоуренс қўлига кишан солинган ва қўйиб юборилгунга қадар бир неча соат ушлаб турилган, дея хабар беради BBC.

Расмий Пекин воқеа ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермади, деб таъкидлади хизмат. Полиция журналистни оломон орасида коронавирус юқтирмаслик учун ҳибсга олганини айтди. «Биз буни ишончли тушунтириш деб ҳисобламаймиз», — дейилади BBC баёнотида. 

Хитой ҳукумати коронавирусга нисбатан «ноль тоқатлик» сиёсатини олиб бормоқда: шаҳарларда бутун мавзелар тўсиб қўйилган, касаллар билан алоқада бўлган одамлар мажбурий карантинга олинган, касаллар касалхоналарда изоляция қилинган, мамлакат чегаралари амалда ёпиқлигича қолмоқда. 

Намойишлар Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор вилоятининг Урумчи шаҳридаги турар жой биносида содир бўлган ёнғиндан кейин бошланган. 24 ноябрь оқшомида содир бўлган ёнғин оқибатида камида ўн киши ҳалок бўлган, яна тўққиз киши жароҳатланган. Гувоҳларнинг қайд этишича, одамлар локдаун туфайли хонадонларнинг эшиклари тўсиб қўйилгани ва чеклов чоралари қутқарувчиларнинг ишига халақит бергани сабаб ёнғиндан қочиб қутула олмаган. Хитой ҳукумати бу маълумотни рад этади. 

Мавзуга оид