Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги “Онлайн маҳалла” ахборот тизимини яратиш учун 8,4 млрд сўм ажратгани муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Kun.uz бу ҳақда 24 ноябр куни мақола эълон қилишидан аввал агентлик матбуот хизмати билан боғланиб изоҳ сўраган, агентлик вакили бу борада муносабат тайёрланаётганини айтиб, саволларга жавоб бермаганди. Бироқ ҳалигача (29 ноябр ҳолатига) агентлик расмий саҳифаларида бу борада ҳеч қандай муносабат эълон қилинмади. 

Kun.uz Маҳаллабай ишлаш агентлигида бўлиб, агентликнинг интерактив хизматларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шерзод Отажоновга саволлар билан юзланди.

– “Online Mahalla” ахборот тизимини ишлаб чиқиш учун агентлик ва “Realsoft” МЧЖ ўртасида тендер ўтказмасдан шартнома тузилган. Нима сабабдан қонун талабларига риоя этилмади?

– Қонун талабларига риоя этилмади деб айтиш нотўғри, биринчидан, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 71-моддасига асосан, айрим ҳолатлар бор, тендер ўтказмаслик керак. Улар ҳукумат қарорлари, ҳукумат томонидан чиқарилган “фармойиш”, “қарор” “фармон”лар – мана шу 3 параметрда чиққан қонунчилик ҳужжатлари учун тендер ўтказмаслик мумкин. Чунки тўғридан тўғри (шартнома) тузилиши мумкин бўлади. Шуни тушуниш керак, бирламчи текширув органи бор – бу бизда Молия вазирлиги, унинг алоҳида текширув дастури бор. Дастур доирасида агар биз нотўғри ҳужжатлар киритган бўлсак, ёки нотўғри иш юритган бўлсак, у бизнинг пулимизни ҳам, тўғридан тўғри шартномамизни ҳам ўтказмайди.

“Online Mahalla” бўйича қизиқтирган саволлар юзасидан алоҳида брифинг ташкил қилинади, унда барча мутасадди ташкилотлар, зарур ҳолда “Realsoft” МЧЖнинг масъуллари ҳам иштирок этади.

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги интерактив хизматларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шерзод Отажонов. Фото: Kun.uz