30 ноябр куни Тошкентда Ўзбекистон-Буюк Британия Савдо ва саноат кенгашининг (UBTIC) 26-сессияси бўлиб ўтди.
Мазкур сессия Буюк Британия ва Ўзбекистоннинг ҳукумат вакиллари ва бизнес раҳбарларини алоқа ўрнатиш ва икки томонлама савдо муносабатларини муҳокама қилиш учун бирлаштиради.
Форум 1994 йилда Буюк Британия ва Ўзбекистон ҳукуматлари томонидан ташкил этилган бўлиб, икки томонлама савдо ва инвестицияларни ошириш имкониятларини муҳокама қилиш учун ҳар йили ўтказилади. Бу йили ушбу тадбир пандемия билан боғлиқ узилишдан кейин Тошкент шаҳрида жонли форматда бўлиб ўтди.
уюк Британиянинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича савдо комиссари Кенан Полеонинг айтишича, икки давлат савдо алоқалари икки баробарга ошган:

“Муносабатларимизнинг муваффақиятини 2021 йил ноябрда Ўзбекистон билан имтиёзли савдо шартномасини имзолаганимиздан кейин, мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама савдо ҳажми 128 фоизга ўсгани намоён қилади. Шу боис, мен мамлакатларимиз орасидаги иқтисодий алоқаларнинг келажакда янада ўсишига ишонаман.
Бугун мен жуда хурсандман, чунки ушбу тадбиримизда молиявий ва профессионал хизматлар, шунингдек, инфратузилма ва қурилиш, таълим соҳасида иш олиб борадиган корхоналар бор. Улар биргаликда янги лойиҳалар, хизматлар, дунё бозори учун янги маҳсулотлар ишлаб чиқиш учун қандай ҳамкорлик қилиш имкониятларини ўрганиб чиқмоқчилар. Ўйлашимча булар жуда муҳим соҳалар”.
Шунингдек, Буюк Британия халқаро савдо департаменти бош директори Эндрю Митчел юртимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар уларни қизиқтираётганини айтди:
““Мамлакатларимиз орасидаги масофа узоқ, лекин муносабатлар кучли ва ўсиб бормоқда. Биз бундан жуда мамнунмиз, чунки ўзаро савдо ҳажми йил давомида икки баравар ошди. Шунинг учун бизни савдо алоқаларимизни ривожлантириш истаги бирлаштиради деб ўйлайман. Бизнинг катта режаларимиз бор. Биз бугун Ўзбекистон бошлаган ислоҳотлар дастури бу ерда фаолият юритаётган Британия корхоналари учун шароитларни яхшилашига ишонамиз. Биз савдонинг иккала йўналишда ҳам ўсиб боришини хоҳлаймиз. Бизни чиндан ҳам бирлаштирадиган нарса бу алоқаларимизни ривожлантириш истаги”.














