Каспий денгизининг Доғистонга яқин қисмида 2500 та ўлик тюлен топилди
Доғистоннинг Каспий денгизи қирғоқлари яқинидаги турли ҳудудларида 2500 та ўлик тюленнинг жасади топилган. Маҳаллий Табиий ресурслар вазирлиги уларнинг ўлими сабабини «табиий омиллар» деб атади.
Доғистон экологик тузилмалари мутахассислари Каспий денгизи қирғоқлари бўйлаб республиканинг турли ҳудудларида икки мингдан ортиқ Каспий нерпаси (тюленлар оиласига мансуб сутэмизувчи ҳайвон)нинг жасадларини топди. Соҳилда номаълум сабабга кўра ўлган ҳайвонлар ҳақида хабарлар декабрь ойи бошидан бери пайдо бўлишда давом этмоқда. 4 декабрь, якшанба куни олинган маълумотларга кўра, Доғистон Табиий ресурслар вазирлиги ўзининг Telegram-каналида минтақада 2500 та тюлен жасади топилганини билдирган.
Идора маълумотларига кўра, «айниқса кўп сонли» ўлик ҳайвонлар Сулак ва Шураўзен (Шуринка) дарёлари ирмоқлари орасидаги денгиз соҳилида топилган.
3 декабрь куни топилган нерпалар жасадлари ҳақидаги ҳисоботда Доғистон Табиий ресурслар вазирлиги атиги 600 та тюленнинг ўлимини тан олган - идора ҳайвонлар ўлимининг асосий версияси «табиий омиллар оқибатида деб тан олинганини» билдирди ҳамда ҳайвонларнинг «оғир металлар ёки пестицидлар» билан заҳарлангани ҳақидаги тахминни рад этди. Бироқ, оммавий ахборот воситаларида ҳайвонларнинг ўлими ҳақидаги бир қатор изоҳлари ва Каспий экологик марказининг топилган нерпалар жасадлари сонининг кўпайиши ҳақидаги баёнотидан сўнг, Табиий ресурслар вазирлиги вакиллари ўлим сабаблари «ҳайвонларнинг патологик материалини лаборатория текширувидан ўтказгандан сўнг белгиланади» деб хабар берди.
ТАСС агентлигининг маълум қилишича, бу Каспий нерпасининг сўнгги ўн йилдаги энг оммавий нобуд бўлишидир.
Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш (ИҲК) вазиятни ўз назоратига олиш ниятида. ИҲКнинг Атроф-муҳит ҳуқуқлари бўйича комиссияси Каспий денгизи тюленларининг оммавий ўлими сабабларини текшириш жараёнини кузатиб боради. «Биз «табиий омиллар» ҳақидаги ноаниқ изоҳларга эмас, балки аниқроқ натижага умид қиламиз», — дейилади ҳуқуқ ҳимоячиларининг Telegram-каналида.
Каспий нерпаси йўқолиб кетиш хавфи остида турган тур сифатида Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Қизил китобига киритилган, у Каспий денгизининг муҳим қисмидир. Ҳайвон Россия Қизил китобига фақат 2020 йилда киритилган - «нодир турлар» тоифасига.
Каспий нерпаси мавжудлигининг асосий муаммоларидан бири сифатида ҳайвонлар ҳуқуқлари фаоллари томонидан Каспий денгизининг ифлосланиши, хусусан, Маҳачқалъа туманларидан келувчи тозаланмаган оқова сувлар келтирилган. Шу билан бирга, Доғистон табиий ресурслар вазирлиги Каспий денгизи нерпаларининг оммавий нобуд бўлгани ҳақидаги хабарларида бир неча бор ҳодисалар сабабларини турли табиий омиллар билан боғлаган. Бундан ташқари, идора бундай ҳолатлар «бир неча йилда бир марта» кузатилишини таъкидлаб, баёнотларнинг бирида жасадлари қирғоққа чиқиб қолган ҳайвонларнинг ўлим жойларини «аниқлаш мумкин эмаслиги» ва бу Россия ҳудудий сувларидан ташқарида» содир бўлган бўлиши мумкинлигини билдирди.
Шу билан бирга, Доғистон атроф-муҳит бошқармаси минтақадаги Қизил китобга киритилган тюленларнинг аниқ сонини кўрсатишга қийналмоқда. 3 декабрь куни у бир неча юз ҳайвоннинг ўлими «бу турга жиддий таъсир кўрсата олмайди, чунки сўнгги маълумотларга кўра, Каспий тюленининг сони барқарор ҳамда 270 тадан 300 мингтагача», деб баёнот берди. Бироқ, 2022 йил май ойида идора «Каспий тюленининг сони 100 000 тагача», деб ёзган эди. Шу билан бирга, Каспий атроф-муҳитни муҳофаза қилиш маркази Қизил китобга киритилган ҳайвоннинг сони 70 мингтадан ошмаслигини тахмин қиляпти.
Мавзуга оид
15:25 / 14.11.2024
Қозоғистонда Каспий денгизи соҳилидан мингдан ортиқ ўлик тюленлар топилди
10:22 / 05.07.2021
Каспий денгизида кучли портлаш юз берди. Озарбойжон бунинг сабабини аниқлаштирмоқда
21:23 / 12.08.2019
Эрон Каспий денгизида газ ўтказиш қувури қурилишига қарши чиқди
13:11 / 20.11.2018