Беларус расмийлари ҳали ҳам мамлакатда сафарбарлик чоралари кўрилмаганини, гап фақат ҳарбий хизматга мажбур бўлганлар ҳақидаги маълумотларни режалаштирилган текшируви ҳақида кетаётганини таъкидламоқда. Улар бу жараённи 1 декабргача якунлашга ваъда берган, бироқ энди бу 2022 йил охиригача давом этиши маълум бўлди.
Ўтган куздан бошлаб, Россияда эълон қилинган «қисман сафарбарлик»дан сўнг, минглаб Беларус фуқаролари ўз мамлакатларининг ҳарбий рўйхатга олиш идораларига чақириқ ола бошлади. Маҳаллий ҳокимият вакиллари ва комиссарликларнинг ўзи ғайритабиий нарса юз бермаётганини таъкидлади: чақирув қоғозларини етказиб бериш одатий ҳол бўлиб, Украина ҳудудидаги ҳарбий операцияларга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Айни пайтда, 30 ноябрь куни Беларус Мудофаа вазирлиги мамлакатда «ҳарбий хизматга мажбур бўлган шахсларнинг маълумотлари режали текшируви»нинг иккинчи босқичи бошлангани ҳақида хабар берди. Ҳарбий идора маълумотларига кўра, биринчи босқич корхоналарга тааллуқли бўлса, энди у тўғридан тўғри ҳарбий хизматга қабул қилиш комиссиялари ва қишлоқ кенгашларида бўлиб ўтади. Вазирлик маълумотларига кўра, ҳарбий хизматга мажбур бўлганларнинг 70 фоизи аллақачон «маълумотларни солиштириш» тадбирларида иштирок этган.
Мудофаа вазири Виктор Хренин Беларус давлат матбуотига берган интервьюсида асосий ишларни 2022 йил охиригача якунлаш режалаштирилганини айтди. «Аммо, шуни айтишим мумкинки, бир миллиондан ортиқ одам текширилди ва фуқаролар бунга мутлақо хотиржам муносабатда бўлишяпти: улар комиссарликларга келиб, маълумотларини текширувдан ўтказяпти», деди Хренин. У Беларусда бу жараённи ташкил қилишда Украинадаги қуролли можаро фонида Россиянинг «қисман сафарбарлик» тажрибасидан келиб чиққан ҳолда хулосалар чиқарилганини инкор этмади.
Бироқ, Беларус вилоятларидан келган маълумотлар шуни кўрсатадики, ҳарбий рўйхатга олиш идораларида ҳозирги «маълумотлар солиштирилиши»ни одатий ҳодиса деб аташ қийин. Агар илгари ҳарбий хизматга мажбур бўлганлар чақирув қоғози ёки СМС хабарлар орқали чақирилган бўлса, эндиликда маҳаллий газеталарда уларни чақирувни кутмаслик, ҳарбий комиссарликларга мустақил келишга ундовчи мақолалар чиқа бошлади.
«Маҳаллий газетада чақирув қоғози олмаган бўлсангиз ҳам, ҳарбий комиссарликка боришингиз кераклиги ҳақида ўқиш ҳайратланарли бўлди: бу қандайдир тарзда ҳарбий хизматга мажбур бўлганларнинг маълумотларини солиштириш жараёнига тўғри келмайди. Бу режа бўйича кетмоқда», - дейди Баранович шаҳрида яшовчи Руслан. Унинг ўзини октябр ойида ҳарбий хизматга чақиришди, ўшанда йигит катта ажиотажни кузатмаган: «Улар иш жойини ўзгартирдими, рўйхатда турган жойда яшайманми, деб сўрашди, оила таркибини текширишди».

















