Ўзбекистон | 20:41 / 26.12.2022
44421
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда «Док-1 МАКС» препаратини ичган 18 бола вафот этгани айтилди

Ўрганиш давомида мутахассислар «Док-1 МАКС» препаратини 2 ёшдан қўллаш мумкинлиги кўрсатилгани, лекин шундай таркибли бошқа компаниялар препаратларини асосан 12 ёшдан кейин қўллашга рухсат берилганига эътибор қаратган.

Самарқанддаги болалар шифохонасида «Док-1 МАКС» препарати сабаб 15 нафар бола вафот этгани ҳақида маълумот тарқалганди.

Фото: Болалар омбудсмани ахборот хизмати

24 декабр куни Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова ҳамда бола ҳуқуқларини таъминлаш сектори вакиллари Самарқанд вилояти болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти мудири, вилоят прокурори биринчи ўринбосари, Самарқанд шаҳар прокуратураси ходимлари, вилоят ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази раҳбари ва вилоят ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармаси бош педиатри иштирокида юқоридаги ҳолат бўйича ўрганиш ўтказилди.

Ўрганишлар кўра, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида сентябр–декабр ойларида 21 нафар бемор ўткир буйрак зарарланиши билан текширилган, даволанган. Беморлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятидан бўлган. 3 нафар бемор соғломлаштирилиб уйига жавоб берилган ва 18 нафари вафот этган. Беморларнинг барчаси 6 ёшгача бўлган болалар. Уларнинг 15 нафари 3 ёшгача бўлган болалар.

Фото: Болалар омбудсмани ахборот хизмати

Беморлар яқинларидан уларнинг касалланиш сабаблари суриштирилганда уларда шамоллаш аломатлари бўлгани ва даволаш мақсадида «Док-1 МАКС» препарати қабул қилишганидан сўнг аҳволи оғирлашганини айтишган.

«Док-1 МАКС» препаратининг ҳар 10 млда парацетамол – 500 мг, гвайфенезин – 200 мг, фенилэфрина гидрохлорид – 10 мг мавжуд. Мутахассислар «Док-1 МАКС» препаратни 2 ёшдан қўллаш мумкинлиги кўрсатилгани, лекин шундай таркибли бошқа компаниялар препаратларини асосан 12 ёшдан кейин қўллашга рухсат берилганини таъкидлашди.

«Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонунининг 40-моддасида патологик-анатомик тадқиқотлар соғлиқни сақлаш муассасаларида одам ҳаётлигида ҳамда ўлганидан сўнг ташхис қўйиш (биопсия ва аутопсия), шунингдек, клиник шароитда ташхис қўйиш ва касалликни даволаш ишлари тўғри олиб борилганини назорат қилиш, ўлим сабаблари ҳақида аниқ маълумотлар олиш мақсадида ўтказилиши белгиланган.

Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан тасдиқланган «Патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомга (22.02.2019 йил рўйхат рақами 3138) кўра даволаш-профилактика муассасаларида вафот этган шахсларнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш белгиланган, лекин вафот этган беморларнинг бирортаси ҳам патологик-анатомик тадқиқотдан ўтказилмаган.

Ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳи ўз ўрганишларини давом эттирмоқда. Самарқанд шаҳар прокуратураси ҳар бир ўлим ҳолати бўйича суриштирув-тергов олиб бормоқда.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Самарқанд вилояти прокурори биринчи ўринбосаридан ҳолат бўйича чуқур ўрганиш олиб боришларини ва ҳар бир ҳолатда айбдорлар жазосиз қолмаслиги, қонун устуворлиги таъминланиши шартлигини сўради. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан ҳолат тўлиқ назоратга олинган.

Мавзуга оид