Жаҳон | 21:00 / 02.01.2023
14113
2 дақиқада ўқилади

NASA раҳбари АҚШ ва Хитой ўртасида коинот пойгаси бошланганини эълон қилди 

Икки давлат Ойга эгалик қилиш учун курашади. 

АҚШ ва Хитой ўртасидаги Ой учун пойга кескинлашмоқда. Бу жангда ғолиб эса яқин икки йил ичида аниқланади. Бу ҳақда NASA раҳбари Билл Нелсон баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, Пекин Ойда ўз ўрнини эгаллаш, ресурсларни ўзлаштириш ва ҳатто Вашингтоннинг у ерга боришига тўсқинлик қилиш имкониятига эга. 

«Бу ҳақиқат, биз коинот пойгасидамиз», деди Нелсон. «Илмий тадқиқот ниқоби остида улар Ойнинг қандайдир қисмини эгаллаб олиши, бу жойдан узоқ туринг, бу бизнинг ҳудудимиз, дейиши ҳам мумкин». 

NASA раҳбарининг баёноти Артемида II лойиҳаси доирасида экипажсиз Орион космик капсуласи Ер сунъий йўлдоши атрофини айланиб ўтганидан кейин содир бўлди. Ушбу миссия аллақачон энг муваффақиятлиларидан бири сифатида тан олинган. Бу NASA астронавтларининг мунтазам равишда Ойга қўндириш режаларидаги биринчи қадам бўлиши кутилмоқда.  Бу 2025 йилда содир бўлиши мумкин. 

Ўз навбатида, октябр ойи охирида Пекин орбитада Тянгун космик станциясини йиғишни якунлади. Бир ой ўтгач, тайконавтлар космосга учирилди. Декабр ойи ўрталарида эса Хитой 20 йилларнинг охирига бориб, ўз астронавтларини Ойга қўндирмоқчи эканини эълон қилди. Пекин бу билан тўхтаб қолмайди ва коинотда тўлақонли инфратузилма яратишни кўзламоқда. 

Ноябр ойида Хитойнинг «Шэнчжоу-15» космик миссияси учирилганидан сўнг, АҚШ Космик кучлари генерал-лейтенанти Нина Арманьо: «Улар бизни қувиб ўтиши мумкин», деб тан олди. «Улар эришган тараққиёт ҳайратланарли даражада тездир». 

Пентагон Конгрессга берган ҳисоботида Хитойнинг нафақат Ойнинг орқа томонига қўнишга имкон берадиган, балки сунъий йўлдош ёрдамида Ер ва Ой ўртасида алоқа трансляциясини ўрнатиш имконини берувчи технологияга эга эканини маълум қилган эди. 

Мавзуга оид