Жаҳон | 16:28 / 06.01.2023
28692
10 дақиқада ўқилади

Урушнинг энг қайноқ нуқтасидаги ҳаёт. Бахмутдан репортаж

Иккинчи Вердун ёки Бахмут гўшт майдалагичи дея айтилаётган Украинанинг Бахмут шаҳри учун жанглар урушнинг энг қайноқ нуқтасига айланди. Ҳар икки томон бу ерга ўзининг асосий кучларини ташлаган. Шиддатли тўқнашувлар ҳеч кимга муваффақият келтиргани йўқ. BBC журналистлари урушнинг энг кескин нуқтасидан репортаж тайёрлашга муваффақ бўлган.

Фото: BBC

«Бу мен қатнашган энг қийин операция. Душман Бахмутга бутун кучини ташлади. Биз ҳали бунақасини кўрмаган эдик», дейди украиналик командир.

«Қоя» псевдонимли украиналик зобит Донбасс шарқидаги Бахмут шаҳри мудофаасини кўз илғамас кўчадаги ерости бункеридан туриб бошқаради. Ушбу бункер шаҳарда Украина ҳарбийлари томонидан ташкил этилган асосий қўмондонлик марказларидан бири бўлиб, жуда кам журналистлар бу ерда бўлган.

Узун бўйли, кўзлари чақнаб турган, гавдали одам хонанинг ўртасида жойлашган катта экранда шаҳарнинг шарқий чеккасида учаётган дрон трансляциясини кузатмоқда.

Бўлинмалардан бири Бахмутни ҳимоя қилиш учун олдинга силжиган бошқа бўлинмага ёрдам бериш учун рус позициялари жойлашувини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

Россия қуролли кучларидан ташқари, «Вагнер»нинг минглаб ёлланма аскарлари ҳам Бахмут атрофидаги фронтнинг олдинги чизиғига жўнатилган.

Фото: BBC

«Вагнерчилар бизнинг шиддатли ўққа тутишимизга қарамай очиқчасига олдинга қараб юради. Ҳатто ер уларнинг жасадлари билан қопланганда, взводдаги 60 аскардан фақат 20 нафари қолганда ҳам улар олдинга силжишни тўхтатмайди. Бундай босимга дош бериш жуда қийин. Биз бунга тайёр эмас эдик ва энди ўрганяпмиз», дейди «Қоя».

«Бир неча ҳафта олдин биз шаҳарнинг шарқий чеккасидаги позицияни йўқотдик, чунки душман бизга тинмай ҳужум қилди. Биз аскарларимизни қутқариш учун иккинчи мудофаа чизиғига ўтдик. Биз ақл билан ҳаракат қилиб, бу позицияларни қайтариб олишга уринмоқдамиз. Баъзан душманга бевосита ҳужум қилиш учун орқага чекинишингиз керак бўлади», — дея қўшимча қилади у.

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) асосчиси ва раҳбари Евгений Пригожиннинг айтишича, украиналиклар Бахмутнинг ҳар бир уйини қалъага айлантирган ва ҳозирда шаҳарда «500 та мудофаа чизиғи» мавжуд.

Россия армияси сўнгги ойларда Херсон ва Харков вилоятларидан қувиб чиқарилиб, ўз позицияларини йўқотгач, эндиликда Бахмутни эгаллаш учун бор кучини ишга солмоқда. Бахмутнинг эгалланиши Россияни оммавий равишда ўз олдига қўйган мақсади — Донбасснинг бутун ҳудудини назорат қилишга яқинлаштиради.

Фото: BBC

BBC журналистларининг «Қоя» билан суҳбати давомида юқоридан бўғиқ портлаш товушлари эшитилиб турган. Улар кўчага чиқиши билан эса бу товушлар шунчалик баланд эшитилганки, юраклар қинидан чиқиб кетаёзган. Учаётган снарядларнинг даҳшатли ҳуштак овозлари ва уларнинг изидан қулоқни кар қилувчи портлаш товушлари Бахмут учун доимий ҳол.

Шаҳарда яшовчиларнинг бири буни «охирзамон» ибораси билан тасвирлаган — баъзи ҳолатларда бу ер ҳақиқатан ҳам шундай кўринади.

Бахмутдаги турар жой бинолари снаряд ўқларидан шикастланган, иншоотлар фасади бузилиб кетган, кўчаларнинг четларида воронкалар қалашиб ётган. Бахмутда бутун деразани топиш қийин. Ер шиша синиқлари ва қолдиқлари билан қопланган.

Бир пайтлар бу ер газланган винолари билан машҳур бўлган Украинанинг шарқидаги сокин шаҳар эди. Энди у Украинадаги уруш ва қаршилик рамзига айланди.

Бахмут муҳим йўл чорраҳасида жойлашган, аммо сўнгги ойларда шаҳар мудофааси кўпроқ рамзий маънога эга бўлди. Декабрь ойида Бахмутга ташриф буюрган Украина президенти Владимир Зеленский шаҳарни украиналиклар учун «жанговар руҳ қўрғони» деб атади.

Урушгача Бахмутда 70 мингдан кўпроқ одам яшаган. Ҳозир эса бу ерда аҳолининг атиги ўндан бир қисми қолган. Улар асосан кексалар ва камбағаллар.

Кўчалар деярли бўм-бўш бўлса-да, «бузилмас пункт» деб аталган ёрдам марказида ўнлаб одамларни кўриш мумкин. Бу ерда электр ва Starlink сунъий йўлдош терминали томонидан тарқатиладиган Wi-Fi мавжуд. Шунингдек, марказда кўнгиллилар озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур нарсалардан иборат кичик пакетларни тарқатади. Марказдаги ўтинли печь хонани иссиқ ушлаб туради.

Бу жой Бахмут аҳолиси учун қутқарув баллони.

Фото: BBC

Кўпчилик телефонларини қувватлаш учун электр розеткалари атрофида ўтиради.

Ажабланарлиси, снарядлар марказдан атиги бир неча юз метр нарироққа тушганда ҳам, одамлар ваҳимага тушмайди. Гўёки, улар ҳар куни зарбалардан қочавериб, чарчагандек.

Бироқ уларнинг кўпчилигининг юзидан улар олган руҳий жароҳат сезилади.

BBC журналистлари марказда овқат учун навбатда турган Анатолий Сушченкодан нега у шаҳардан кетмаётганини сўраган.

«Борадиган жойим йўқ, ёлғизман. 86 ёшли чол кимга керак? Бу ерда ҳеч бўлмаса аскарлар баъзида овқат ва шўрва ташлаб кетади, мен топаман ва ейман. Марказда бепул нон беришади. Бутун умрим давомида мен ҳеч қачон бунақасини кўрмаганман. Менинг уйимдаги ҳамма ойналар синган, дарвоза бузилиб кетган», дея жавоб берган Анатолий.

Одамлар турли сабабларга кўра Бахмутда қолмоқда. Журналистлар 13 ёшли қизи Диана билан бирга Бахмутда қолаётган Ольга Тупикова билан ҳам суҳбатлашган.

«Менимча, бутун Украина бир хил даражада хавфли. Бизнинг баъзи қўшнилар кўчиб кетишди ва бошқа жойда ҳалок бўлишди. Бу ерда бизнинг уйимиз бор. Бизнинг мушук ва кучукларимиз ҳам бор. Биз уларни ташлаб кета олмаймиз», деган Олга.

«Томимизда 21 та, гаражда эса тўққизта тешик бор. Мен ҳар сафар уларни тузатаман, деразаларни ҳам таъмирлашга ҳаракат қиламан. Одатда тешиклар снарядлар осколкалари сабаб пайдо бўларди, лекин охирга вақтларда тошлар учиб келмоқда. Улардан қолган тешикларнинг ҳажми инсон бошидек келади», дея қўшимча қилади у.

Фото: BBC

«Биз сичқонлар каби яшаймиз. Нон учун югурамиз, уйга қайтиш учун турли йўлларни танлаймиз. Тонг отиши олдидан мен ёғоч тахта ва бревналар (уйни таъмирлаш учун) қидираман. Кечқурун эса сув ахтараман, чунки шаҳарда водопровод ишлагани йўқ», дея ўз ҳаётини тасвирлайди Олга.

«Албатта қўрқинчли. Лекин ҳозир биз худди армиядагидек, аскарлардекмиз. Шеф-поварлар биз билан солиштирганда ошпазликда ҳеч нимани билмайди деб ҳазиллашамиз. Биз хоҳлаган нарсадан оловда, ҳатто шамда ҳам овқат пиширишимиз мумкин», дейди у кулимсираб.

Маҳаллий маъмурият одамларни кетишга кўндиришга ҳаракат қилмоқда.

BBC журналистлари хавфсизлик нуқтаи назаридан номини ошкор этиб бўлмайдиган шаҳар туманларидан бирида охирги 33 йилдан бери Бахмут шаҳри ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Алексей Рева билан учрашган.

«Шаҳарда асосан пули йўқлар ва номаълум жойга кетишни истамаётганлар қолмоқда. Лекин биз бу ҳақда одамлар билан гаплашяпмиз. Энг муҳими — хавфсизлик, хавфсизлик ва тинчлик», дейди Рева.

Журналистлар ҳокимдан нега ўзи шаҳардан кетмаётганини сўраган.

«Бу менинг ҳаётим, менинг ишим, менинг тақдирим. Мен шу ерда туғилдим ва ўсдим. Ота-онам шу ерга дафн этилган. Виждоним халқимни ташлаб кетишимга йўл бермайди. Ва менинг ишончим комилки, ҳарбийларимиз Бахмутнинг қулашига йўл қўймайди», деган у.

Шаҳар ташқарисидаги далаларда Бахмутни сақлаб қолиш учун нималар қилинаётганини кўриш мумкин.

BBC журналистлари учратган Украина артиллерия бўлинмаси пиёда аскарларнинг олдинга силжишига ёрдам бериш учун Россия позицияларини аниқлашга ва уларни Совет типидаги Д-30 гаубицалари билан ўққа тутишга ҳаракат қилаётган эди. Аммо деярли ҳеч қандай олдинга силжиш кузатилмаётганди.

«Қуроллар эскирган. Улар яхши ишлайди ва вазифаларни бажаради, лекин улар янада яхшироқ бўлиши мумкин эди. Қолаверса, биз снарядларни тежашимиз, ўқ-дориларимиз тугаб қолмаслиги учун нишонларни жуда аниқ уришимиз керак. Агар бизда кўпроқ техника ва замонавий қуроллар бўлса, биз кўпроқ нишонларни йўқ қилишимиз ва бу орқали пиёда аскарларимиз вазифасини сезиларли даражада осонлаштиришимиз мумкин», дейди артиллериячи Валентин.

Қиш ҳам вазиятни мураккаблаштирмоқда. Аскарларнинг айтишича, қуроллар совуқда ёмонроқ ишлай бошлайди.

Фото: BBC

«Биз чидашимиз, бу даврни енгиб ўтишимиз ва кейин қарши ҳужумга ўтиб, жангга киришимиз керак», дейди Ярослав.

Ҳар икки томон бир-бирини чарчатишга ҳаракат қилмоқда. Бу ирода, чидамлилик курашидир.

Украиналик аскар Ярослав BBC журналистининг «Сиз қандай қилиб ҳар куни ўзингизда куч топасиз?» саволига қуйидагича жавоб берган:

«Бизнинг ҳаммамизда қайтиб боришни хоҳлайдиган оиламиз бор. Валентин яқиндагина ота бўлди, бироқ унинг оиласи Германияда. У ўғлини ҳали кўргани йўқ. Унинг мотивацияси жуда катта».

Валентин хижолатлик билан жилмайиб қўйган.

Мавзуга оид