Украинада урушнинг 325-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
Россия Украина шаҳарларига яна ракета зарбалари йўллади. Харкив, Лвив, Ивано-Франковск, Запорижжя, Винница ва Киев областларида энергетика объектлари шикастланган, Днипрода тўққиз қаватли уйнинг икки подъезди қулаб тушди;
Украина қуролли кучлари бош штаби Соледар учун жанглар давом этаётганини маълум қилди. Бунгача Россия мудофаа вазирлиги шаҳар россиялик ҳарбийлар назоратига ўтганини хабар қилганди;
Буюк Британия бош вазири Риши Сунак Володимир Зеленский билан телефон мулоқоти чоғида Лондон Украинага Challenger 2 танкларини бермоқчи эканини тасдиқлади;
Актёр Дмитрий Назаров ва унинг рафиқаси Ольг Васильева урушга қарши чиқишгани учун Чехов номидаги театрдан ишдан бўшатилди;
Ҳарбий прокуратура РФ ҳудудида БМТ расмий сайтини блоклашни талаб қилди.
Куннинг асосий воқеаси. Россиянинг Днипродаги уйга ракета зарбаси
Украина шаҳарларига навбатдаги зарбалар чоғида Россия ракеталаридан бири Днипродаги тўққиз қаватли уйга келиб тушди. 15 январ тонгидаги маълумотларга кўра, камида 21 киши ҳалок бўлган, 70 дан ортиқ киши яраланган. Яна 40 га яқин кишининг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Воқеа жойида қутқарув ишлари давом этмоқда.
Ҳарбий медиклар украиналик ярадор аскарни қутқаришга уринишди. Аммо у ҳалок бўлди
Бу фотосуратлар муаллифи, украиналик фотограф Константин Либеров ўз кадрларини бутун уруш давридаги «энг оғриқлиси» деб атади. Журналист Луҳанск областида, туташув чизиғидан икки километр масофада жойлашган тиббиёт пунктида яшаб, ишламоқда. Либеровнинг айтишича, шу куни ҳарбий медиклар бошига осколка теккан аскарга ёрдам бериш учун йўл олишган. У россияликлар вертолёти йўллаган зарбалар оқибатида яраланган. Машинада врач 15 дақиқа давомида уни ҳаётга қайтаришга уринган, аммо уни сақлаб қололмаган.
Луҳанск областидаги жанглар
Ҳозирда асосий эътибор Соледарга жалб этилганига қарамай, фронтнинг бошқа участкаларида, жумладан Луҳанск областининг россияликлар босиб олган Креминна райони ҳудудида ҳам жанглар олиб борилмоқда. Қуйида Луҳанск областида 12 ва 13 январ кунлари туширилган суратлар.
Украинларнинг Беларус билан чегарадаги истеҳкомлари
13 январ куни Украина мудофаа вазири Алексей Резников Россия армияси яна Беларус ҳудудидан ҳужум қилиши мумкинлиги тўғрисидаги версияни рад этди. Резниковнинг ҳисоблашича, бундай амалиётга тайёргарлик кўриш учун ҳозирда Россия армиясида вақт ҳам, ресурслар ҳам йўқ. Шунга қарамай, Украина мамлакат шимолидаги мудофаа чизиқларини мустаҳкамламоқда. 12 январ куни Беларус билан чегарадош Ровен области раҳбари Виталий Ковал регион аҳоли яшаш манзилларини мудофаа қилишга тайёргарлик кўришда давом этаётганини айтди.
Лвивда блэкаут
Октябр ойидан буён Украинанинг муҳим инфратузилмаларига ракета зарбалари бериб келинмоқда. Бунинг оқибатида мамлакатда енгилмас пунктлар очилган — энергия узоқ вақт ўчган вақтда одамлар бу ерларга келиб исиниши ва токдан фойдаланиши мумкин. Киевдаги Шевченко паркида 12 январ куни «енгилмас ўтов» пайдо бўлди. Бу иш билан маҳаллий қозоқ диаспораси кўнгиллари шуғулланишган. Улар Украинанинг яна олти шаҳрида, жумладан Лвивда ҳам шу каби ўтолар очишни мўлжаллаган. Ҳозирда бу шаҳарда ҳар куни соат 8 дан 16 га қадар ток ўчирилмоқда — график Украина энергия тизимидаги вазиятга боғлиқ.