«Халқаро мемориал» бошқаруви аъзоси, тарихчи Ирина Шчербакова ўтган йил охирида, Россия ҳуқуқбонлик жамияти Нобел мукофотини олганда Европанинг бир қатор депутатлари ва амалдорлари билан учрашган. У Европарламентда Путин даврида тарихни қайта англаш ва архивларни махфийлик грифидан озод қилиш ишлари бас қилингани, совет мифи ўрнида янги тажовузкор мафкура вужудга келганини сўзлаб берган.

Қуйида Ирина Шчербакованинг чиқишларидан парчалар келтирилади.

Муқобилсиз империализм

Бугун биз абсурд тарихий нуқтада бўлиб турибмиз, бунда Россия ҳокимияти босқинчилик урушини нафақат «буюк» геосиёсий ўтмиш билан хаспўшламоқда, аҳолига ҳам шу империалистик ўтмишдан бошқа ҳеч нарса йўқлигини мудом сингдирмоқда. Ўтмишни тасвирлаш учун Путин ўз мақолалари ва чиқишларида «тарих» деб атовчи фантастик тўплардан фойдаланилмоқда. Бу тўплам энг ёлғон ва энг заҳарли тарихий мифлар, айниган файласуфларнинг иқтибослари, фитна назариялари ва ҳоказолардан иборат.

Таассуфки, бу псевдотарихий мифлар Россия аҳолисига ўз таъсирини ўтказмоқда, Украинага қарши урушни маъқуллаш ва оқлашга хизмат қилмоқда.

Кўпинча Россия совет даврига қайтмоқда, деган гапларни эшитиб қоламиз — гарчи бугун «совет даври» фақат айрим нарсалардагина намоён бўлмоқда ва кўпроқ совет даврига пародиядек туюлмоқда. Аслида, бунда «маромига етказилмаган» тарих билан боғлиқ анчайин чуқур жараёнлар рол ўйнамоқда.

Архив инқилоби

1980-йиллар охирида, «Мемориал» тузилганида коммунистик ўтмиш рефлексидан қутула олинмаган, ундан тўлиқ воз кечилмаган эди. Бу йилларнинг муҳим шиори жамиятга сиёсий қатағонлар борасидаги ҳақиқатларни очиш талаби, ниҳоят, қурбонларга ёдгорликлар ўрнатишдан иборат эди. Натижада жамоатчилик саъй-ҳаракати ва «Мемориал»нинг аралашуви билан 90-йиллар бошида давлатнинг қатағон қурбонларига муносабатини ойдинлаштирувчи, махфийлаштирилган улкан ҳужжатлар тўпламига йўл очувчи иккита муҳим қонун қабул қилинди. Ўшанда бу етарлича баҳоланмаган тарих устида иш олиб бориш бўйича изчил жараённинг дастлабки қадамлари эканлигига ишонилган эди.

Дастлаб «Сиёсий қатағонлар қурбонларини реабилитация қилиш тўғрисида»ги қонун (1991 йил октябри) қабул қилинган ва у 1917 йилдан буён қатағонларга дучор қилинганларга нисбатан адолатни тиклай бошлади. Иккинчи муҳим қадам Борис Елцин 1992 йил 23 июнида имзоланган «Оммавий қатағонлар ва инсон ҳуқуқларига дахл қилиш учун асос бўлган қонунчилик ва бошқа ҳужжатлардан чекловчи грифларни олиб ташлаш тўғрисида»ги фармон бўлди. Бунда 1917 йилдан 1991 йилгача советлар бошқарувининг ҳужжатлари махфийлик грифидан озод қилинди.