ИҲТга раислик Ўзбекистондан Озарбойжонга ўтмоқда
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 26-йиғилишида аъзо давлатлар ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари бошчилигидаги делегациялар иштирок этгани тарихий аҳамиятга эга бўлди. Бу ҳақда ИҲТ Бош котиби Хусрав Нозирий йиғилиш якунлари бўйича ўтказилган брифинг чоғида айтиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё”.
“Бу ҳар доим ҳам бўлавермайди. Мен буни ташкилотимизни янада ривожлантириш, унинг самарадорлиги ва халқаро платформада эътироф этилишига мамлакатларнинг катта қизиқиш билдираётгани, шунингдек, Ўзбекистоннинг ИҲТ фаолиятидаги роли ортиб бораётганининг эътирофи, деб биламан”, деди Хусрав Нозирий.
Шунингдек, у Ўзбекистон Президенти таклифига биноан, 2022 йил ИҲТ минтақасида “Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинганини эътироф этар экан, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши томонидан бу ташаббусга юксак баҳо берилганини таъкидлади.
2023 йилда ИҲТга раислик Озарбойжонга ўтади ва жорий йилни “Яшил» ўтиш ва ўзаро боғлиқлик йили”, деб эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Унинг доирасида атроф-муҳит ва энергетика соҳасидаги саъй-ҳаракатлар ва ҳамкорликни фаоллаштиришга эътиборни кучайтириш режалаштирилган.
26-йиғилиш якунида Ўзбекистон раҳбарининг 2021 йил 28 ноябрь куни Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТ 15-саммитида илгари сурган ташаббуси ижроси доирасида яқинда ташкил қилинган Юқори даражадаги қўмитанинг ИҲТ минтақасида ҳамкорлик истиқболлари бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадига қаратилган йиғилишларини мунтазам тарзда ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ашхободдаги ИҲТ саммитида халқаро эколог олимлар ва экспертлар иштирокида юқори даражадаги доимий Мулоқот кенгашини тузишни таклиф этган эди. Йиғилиш якунида ушбу мулоқот платформасини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ташкилот доирасида янги тузилма – ИҲТ табиий офатлар хавфини бошқариш бўйича минтақавий маркази ташкил этилди. Қароргоҳи Эронда жойлашадиган мазкур тузилма табиий офатлар хавфини пасайтириш йўлидаги минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди.
Бундан ташқари, энергетика хавфсизлиги ва барқарор энергетика бўйича минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилмоқда. Шу мақсадда Бокуда ИҲТ Тоза энергия маркази очилади.
Мавзуга оид
10:44 / 14.12.2024
ГФРда ХДИ/ХСИнинг икки аъзоси Озарбойжонга пора эвазига ёрдам берганликда айбланмоқда
14:22 / 08.12.2024
Озарбойжонда мушкул вазиятда қолган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди
00:59 / 21.11.2024
Озарбойжон 2025 йилги мудофаа харажатларини оширади
14:26 / 13.11.2024