Жамият | 19:13 / 26.01.2023
37406
7 дақиқада ўқилади

Миллионлаб одамлар ҳаётини сақлаб қолиш: Трансёғлардан нега воз кечиш керак?

Кўпчилик севиб истеъмол қиладиган фаст-фуд ва турли ширинликлар сабаб ҳар йили дунё бўйича ярим миллион одам юрак-қон томир касалликларига чалинишини биласизми? Чунки бу маҳсулотларни тайёрлашда саноат йўли билан ишлаб чиқариладиган трансёғлардан фойдаланилади.

Фото: Unsplash

Йилига ярим миллион одамнинг юрак-қон томир касалликлари оқибатида ҳаётдан эрта кўз юмишига айнан шундай зарарли ингредиентлар сабаб бўлмоқда. Бу ҳақида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари маълум қилди.

2018 йилда ташкилот экспертлари 2023 йилгача таркибида трансёғлари бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бутунлай тўхтатиш бўйича глобал чақириқ билан чиққанди. Бироқ бу мақсадга 5 йил ичида эришилмади.

Хўш, ўзи трансёғ нима, у нимаси билан хавфли? Нега ундан воз кечишимиз керак?

Трансёғ нима?

Трансёғларнинг иккита асосий манбайи бор: табиий манбалар (сигир ва қўй каби кавш қайтарувчи ҳайвонларнинг сут маҳсулотлари ва гўштида) ва саноатда ишлаб чиқарилган манбалар (қисман водородланган ёғлар).

Қисман водородланган ёғлар биринчи марта XX асрнинг бошларида сариёғ алмашинуви сифатида озиқ-овқат таъминотига киритилган. 1950-1970 йилларда тўйинган ёғли кислоталарнинг соғлиққа салбий таъсири аниқланди.

“Табиий” трансёғлар саноат ёғлари каби зарарли. Шунинг учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 1-1,5 фоиз ёғли сут маҳсулотларини танлашни ва ёғсиз гўшт истеъмол қилишни тавсия қилади.

Қисман водородланган ёғлар биринчи навбатда қовуриш учун ва пиширилган маҳсулотларнинг таркибий қисми сифатида ишлатилади.

Унинг зарари нимада?

Трансёғларнинг хавфлилиги бўйича биринчи тадқиқотлар 1994 йилда пайдо бўлган, гарчи улар XIX аср охиридан бери маҳсулотларда мавжуд бўлса ҳам. Олимлар трансёғларни истеъмол қилиш натижасида қонда холестерин миқдори кўтарилиб, бир қатор касалликларнинг ривожланишига олиб келишини аниқладилар.

Тиббиёт ҳамжамияти трансёғларни юрак касалликлари, диабет, алцгеймер, семириш, жигар касалликлари ва ҳатто депрессия билан боғлайди.

ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, саноат трансёғларини истеъмол қилиш ҳар йили дунёда юрак-қон томир касалликларидан 500 мингга яқин ўлимга олиб келади, ўлим хавфини 34 фоизга оширади. Улардан ҳар куни олинадиган ҳар бир қўшимча 1 фоиз энергия юрак-қон томир касалликлари оқибатида келиб чиқадиган ўлимни 12 фоизга оширади.

Шунингдек, илмий маълумотлар трансизомерларнинг репродуктив функцияга салбий таъсирини кўрсатади. Охирги тадқиқотлардан маълум бўлишича, бу моддалар қон томирларини шикастлаш орқали СOVID-19'нинг кечишини оғирлаштиради.

Нега трансёғдан батамом воз кечилмайди?

Озиқ-овқат саноати қаттиқ ёғларга жуда муҳтож. Айнан улардан фойдаланиш орқали истеъмолчи кутган тайёр маҳсулотнинг технологик хусусиятларига эришиш ва аҳоли орасида айниқса машҳур бўлган қандолат ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш мумкин.

Қаттиқ ёғлар конфет пломбаларини оптимал қаттиқлик билан тайёрлашга имкон беради. Ширинликларга юмшоқлик бериш ва бошқа кўплаб технологик вазифаларни бажаради.

Бироқ қисман гидрогенизация ёғ кислоталари тузилишининг ўзгаришига олиб келади, бунинг натижасида маҳсулотда 50-60 фоизгача трансёғлар ҳосил бўлади.

Дунёда трансёғларга қарши кураш

Озиқ-овқат саноати қисман водородланган ёғлардан узоқлашиш учун узоқ йўлни босиб ўтди, бу нафақат ўсимлик мойларини қайта ишлаш технологияларини ўзгартиришни, балки хомашёни алмаштиришни ҳам талаб қилди.

Кўп жиҳатдан, бу суюқ ўсимлик мойларидан тропикларга ўтиш орқали мумкин бўлди. Аввало, ярим қаттиқ мустаҳкамликка эга пальма ёғига.

Дания 2003 йилда трансёғлардан фойдаланишни чеклаган биринчи давлат эди. Трансизомерсиз маҳсулотларга ўтиш ҳукуматнинг аҳоли саломатлигини яхшилаш учун қилган ягона қадами эмас. Данияликлар, шунингдек, чекишни ташлаш дастурини жорий қилишди, бу биргаликда сўнгги 20 йил ичида юрак муаммоларидан ўлимни 70% га қисқартирди.

Ҳозирги кунда трансёғлар назорати дунёнинг 58 та давлатида жорий қилинган ва 40 дан ортиқ мамлакатларда 2 фоизгача чеклов мавжуд. Дарҳол қатъий чекловларни жорий этган давлатлар 10 йил ичида ўлимни 25 фоизга қисқартиришга муваффақ бўлишди.

ЖССТ экспертлари барча давлатларга трансёғларисиз маҳсулотлар ишлаб чиқариш нафақат ҳаётни сақлаб қолишини, балки пулни тежашни ва тиббиёт муассасаларига катта юкни камайтиришини ҳам қайд этишади.

Британия трансёғларни тақиқлаш 10 йил давомида соғлиқни сақлаш харажатларини 1,5 миллиард фунт стерлинггача тежашини ҳисоблаб чиқди. Қўшма Штатлардан келган экспертларнинг таъкидлашича, чеклов 130 миллион долларга яқин фойда келтиради.

“Трансёғларнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ ва соғлиқ учун катта хавф туғдиради, бу ҳам соғлиқни сақлаш тизимлари учун катта харажатларга олиб келади. Шу билан бирга, трансёғлардан воз кечиш иқтисодий жиҳатдан манфаатли бўлиб, соғлиқ учун катта фойда келтиради”, – дейди ЖССТ раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейесус ва одамларни “ўлдирадиган” бу заҳарли кимёвий моддалар озиқ-овқатда ўз ўрнига эга бўлмаслиги кераклигини, уларни тугатиш вақти келганини таъкидлайди.

ЖССТ барча мамлакатлар томонидан истисносиз кўришни тавсия қиладиган чора-тадбирлар трансёғларининг асосий манбаи бўлган водородланган ёғни ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланишга тўлиқ миллий тақиқни жорий этиш ёки трансёғларидан фойдаланишга чеклов киритишдир.

Ёғларнинг озиқ-овқат таркибидаги миқдори умумий ёғнинг 2 фоизидан ошмаслиги керак.

“Нью-Йорк шаҳри ўн йил олдин саноатда ишлаб чиқарилган трансёғларни Данияга эргашган ҳолда йўқ қилди”, – дейди Доктор Том Фриден. “Трансёғ ўлдирадиган кераксиз заҳарли кимёвий моддадир ва бутун дунё бўйлаб одамларга таъсир қилишда давом этишига ҳеч қандай сабаб йўқ”.

ЖССТнинг юқумли бўлмаган касалликлар ва жароҳатлар бўйича глобал элчиси, “Bloomberg” агентлиги асосчиси Майкл Блумберг шундай дейди: “Нью-Йорк шаҳрида трансёғларини тақиқлаш юрак хуружлари сонини камайтиришга ёрдам берди. Озиқ-овқат нархини пасайтириш ва бутун дунё бўйлаб улардан фойдаланишни йўқ қилиш миллионлаб одамлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Биз юрак-қон томир касалликларига қарши шундай муваффақиятга эришамиз, бу дунёда олдини олиш мумкин бўлган ўлимнинг асосий сабабларидан бири”.

Трансёғлар юрак-қон томир касалликлари хавфи учун яхши қабул қилинган биомаркер бўлган ЛДЛ-холестерин даражасини оширади ва холестеринни артериялардан олиб ташлайдиган ва уни ўтга чиқарадиган жигарга олиб борадиган ҲДЛ-холестерин даражасини пасайтиради.

Бу ёғнинг миқдори юқори бўлган озиқ-овқатлар юрак касалликлари хавфини 21 фоизга ва ўлимни 28 фоизга оширади. Трансёғларни тўйинмаган ёғли кислоталар билан алмаштириш, қисман, трансёғларининг қон липидларига салбий таъсирини яхшилаш орқали юрак касалликлари хавфини камайтиради. Бундан ташқари, трансёғда яллиғланиш ва эндотелиал дисфункцияни кучайтириши мумкин бўлган кўрсаткичлар мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, маргарин, “фаст-фуд”, ярим тайёр егуликлар, нон ва нон маҳсулотлари, қандолатлар ҳамда қовурилган картошка фриси таркибида трансёғлар кўп миқдорда учрайди.

Чарос Маннонова тайёрлади.

Мавзуга оид