Москва суди Москва Ҳелсинки гуруҳини тугатишга қарор қилди
Инсон ҳуқуқлари ташкилотини тугатиш учун судга 20 дақиқадан камроқ вақт керак бўлди. Ёпилишнинг расмий сабаби - МҲГ аъзоларининг «ўз минтақасидан ташқарида», яъни Москвадан ташқарида тадбирларда иштирок этиши.
Москва шаҳар суди 25 январь, чоршанба куни Россиядаги энг қадимги инсон ҳуқуқлари ташкилоти - Москва Ҳелсинки гуруҳини (МҲГ) тугатишга қарор қилди. Тугатиш тўғрисидаги даъво бўйича қарор қабул қилиш учун моҳиятан фақат битта мажлис ва 20 дақиқадан камроқ вақт керак бўлди.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотининг ёпилишига расмий сабаб прокуратура талаби билан ноябрь ойида ўтказилган режадан ташқари текширув натижалари бўлган. Россия Адлия вазирлигининг даъволари МҲГ вакилларининг мамлакатнинг бошқа минтақаларида, Москвадан ташқарида бўлиб ўтган тадбирларда иштирок этиши ва шу билан «ҳудудий фаолият чегараларини» бузганлигида эди.
Адлия вазирлиги «резонансли суд жараёнларидаги кузатувлар, вилоят ҳокимиятларига мурожаатлар, шунингдек, ташкилот ҳамкорларининг тадбирларида, жумладан, онлайн тарзда иштирок этиши» юзасидан шикоят қилган. Мисол тариқасида, 2020 йилда МҲГ аъзоларининг Ярославлда 1-сонли колонияда қийноқлар бўйича суд мажлисида ва Подолскда Москва вилояти Серпухов тумани собиқ раҳбари Александр Шестун иши бўйича бир неча суд мажлисида кузатувчи сифатида иштирок этиши келтирилган. Адлия вазирлиги даъвосида жами 11 та «қоидабузарлик» эпизодлари кўрсатилган.
Москва Ҳелсинки гуруҳи ҳамраиси Валерий Боршчов суднинг хатти-ҳаракатларига норозилик билдириб, шундай деди: «Сиз катта гуноҳ қиляпсиз. Инсон ҳуқуқлари ҳаракатини йўқ қиляпсиз, уни йўқ қиляпсиз! Сиз бизнинг тақдиримизни осонлик билан ҳал қиляпсиз, Бу мени ҳайратга соляпти. Қандай қилиб ўнлаб йиллар давомида қурилган нарсаларни шу қадар осонлик билан бузиш мумкин!»
Суд мажлисида МҲГ вакиллари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотнинг «режадан ташқари текшируви»ни ноқонуний деб топишни талаб қилди, бироқ суд аризани қаноатлантиришни рад этди. Ҳимоя тарафидан судга гувоҳларни чақириш ҳам тақиқланган.
Ўз навбатида, Адлия вазирлиги вакиллари МҲГ текширув давомида керакли ҳужжатлар тўпламини тўлиқ тақдим этмаганини, ташкилот устави эса «қонуннинг амалдаги талабларига жавоб бермаслигини» таъкидлади. Идора қонунбузарликларни «қонун билан бартараф этиб бўлмайдиган» деб ҳисоблади ва МҲГни тугатиш, Россияда унинг фаолиятини тақиқлашни талаб қилди.
Москва Ҳелсинки гуруҳи Россияда 1976 йил май ойидан бери мавжуд. МҲГ асосчиси ва биринчи раҳбари совет физиги ва ҳуқуқ ҳимоячиси Юрий Орлов эди. 1996 йилдан умрининг охиригача (2018 йил) Москва Ҳелсинки гуруҳига ҳуқуқ ҳимоячиси Людмила Алексеева раислик қилди.
Мавзуга оид
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024
Фарғонада танишини ўлдириб, уйига ўт қўйган аёлга ҳукм ўқилди
08:48 / 09.11.2024
Кўп квартирали уйларни бошқариш органи қарзни судда ундиришда олдиндан давлат божини тўлашдан озод қилинди
19:12 / 31.10.2024