Андижондаги мактабда 119 нафар 2-синф ўқувчиси 1-синфни қайта ўқийди. Нега бундай бўлган?
Андижон шаҳридаги мактабда 2-синфда ўқиётган 119 нафар бола 1-синфни қайта ўқишга мажбурланмоқда. Ҳолат ўтган ўқув йилида 1-синфга 6 ёшли болалар ўқишга қабул қилингани билан боғлиқ. Мактаб раҳбариятининг бу ҳаракати болаларнинг руҳиятига салбий таъсир қилиш баробарида, миллионлаб бюджет маблағларининг ортиқча сарфланишига ҳам сабаб бўлган.
2021-2022 ўқув йилида Андижон шаҳридаги 2-умумтаълим мактабига 2015 йилда туғилган, яъни 2021 йил 31 декабрга қадар 7 ёшга тўлмайдиган болалар ўқишга қабул қилинган. Улар 1-синфни тўлиқ ўқишган. Жорий ўқув йилининг учинчи чораги бошланган бир пайтда 2-синфда таҳсил олаётган бу ўқувчилар 1-синфга тушириб юборилмоқда. Айрим ота-оналар бу ҳолатдан норози бўлишяпти.
Kun.uz фарзанди синфидан қолдирилган баъзи ота-оналар билан суҳбатлашди. Уларнинг айтишича, муаммо болаларнинг маълумотлари ERP базасига киритилмагани туфайли келиб чиққан.
“Қизим 2021 йилда мактабга қабул қилинганди. 1-синфни тугатиб, ҳозирда 2-синфда ўқияпти. Аммо уни қайта 1-синфга тушириб юборишди. Бундай ҳолатга тушаётган фақат менинг фарзандим эмас. Тушунарсиз ҳолат, нега 1-синфни тамомлаган бола яна 1-синфда ўқиши керак? Бунинг сабабини ўрганиб кўрсак, болалар ҳақидаги маълумотлар бугунги кунгача ERP базасига киритилмаган экан. Мактаб маъмурияти фарзандингизни 6 ёшда мактабга бергансиз, дея ота-оналарни айбдор қиляпти.
Болаларнинг барчасига ўтган ўқув йилида президент совғаси сифатида ўқув қуроллари берилган, улар 1-синфни тўлиқ ўқиб тугатишди. 2-синфда ўқиётган бир пайтда синфдошларидан айрилиб, қайта 1-синфга тушириб юборилиши қизимнинг руҳиятига салбий таъсир қилмоқда”, — дейди Муҳаммадхон Аҳмедхўжаев.
ERP базаси ўзи нима? Бу ҳар бир мактаб маълумотларини битта тизимда сақлаш ва бошқаришни автоматлаштиришга ёрдам берадиган тизим. Яъни ERP ёрдамида барча муҳим маълумотлар ягона хавфсиз маълумотлар омборида бирлаштирилади. Мазкур базага ўқувчининг маълумотлари киритилаётганда унинг ёши сўралади. Масалан, 1-синф ўқувчиси 7 ёш, 2-синф ўқувчиси 8 ёш сифатида киритилмаса, база маълумотни қабул қилмайди.
Юқоридаги муаммо шу туфайли юзага келган: мактаб раҳбариятининг қонунга зид ҳаракати туфайли болалар 2021 йилда, 6 ёшлигида мактабга қабул қилинган. Ҳозирда улар 2-синфда ўқияпти. ERP базаси эса 7 ёшли болани 1-синф деб “тушунади”. Яъни уларни 2-синф ўқувчилари сифатида ERP базасига киритиб бўлмайди.
“Фарзандимизни 1-синфга ўтказиб қўйишди, ўзимизни эса синфнинг Telegram тармоғидаги ота-оналар гуруҳларидан чиқариб юборишди: гўёки ҳеч нарса бўлмагандек. Ахир боламиз 1-синфни тўлиқ ўқиб бўлди. Уларнинг kundalik.com тизимидаги баҳолари ҳам ўчирилиб ташланди”, — дейди яна бир ота Беҳзодбек Муродов.
Kun.uz мухбири мактаб директори Наталья Рудова билан боғланди.
“Ҳозирда ҳеч қандай муаммо йўқ: 2 та қўшимча 1-синф ташкил қилдик, 50 нафар бола ўқияпти. Ота-оналарга вазиятни тушунтирдик, аксарияти тўғри қабул қилди.
Бу ўқувчилар ҳақидаги маълумотлар ERP базасига киритилади. Фақат ҳозир база ёпиқ экан. Унга кириш учун фақат вазирликда “доступ” бор, бизда йўқ. ERP сайти доимий очиқ бўлмайди, фақатгина белгиланган муддатларда, яъни сентябр, феврал ва май ойларида очилади. Бу махсус дастур: 1-синфга 7 ёшли, 2-синфга 8 ёшли болаларни киритади, бошқача бўлиши мумкин эмас”, – дейди мактаб директори.
Наталья Рудова 50 нафар бола ҳақида гапирмоқда, Kun.uz суҳбатлашган ота-оналар эса уларнинг сони 200 нафарга яқинлигини таъкидлаяпти. Вилоят Халқ таълими бошқармаси матбуот хизматига кўра, мактабда 2-синфдан 1-синфга ўтказилган ўқувчилар сони 119 нафар.
Бу вазиятнинг юзага келишида мактаб маъмуриятининг “ҳиссаси” катта. Чунки, “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасига асосан, мактабларнинг 1-синфига болалар 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилинади. Мактаб маъмурияти 6 ёшли болаларни 1-синфга қабул қилган ва улар тўғрисидаги маълумотларни ERP базасига киритмаган. Сабаби, ERP базасига киритиш учун бола 7 ёшли бўлиши керак. Демак, мактаб масъуллари бу ўринда ноқонуний йўл тутишган.
Қолаверса, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги болалар 1-синфга 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилиниши ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. Вазирлик матбуот хизматига кўра, республиканинг бошқа ҳудудларида бу каби ҳолат кузатилмаган.
Андижон вилояти ХТБ матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳолат бўйича маълумотлар тўпланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган. Уларнинг хулосаси асосида мактаб директорининг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилади.
119 нафар бола эса 1-синфга ўтказилган ҳамда уларнинг маълумотлари яқин кунларда ERP базасига киритилади. Яъни 2-синфда таҳсил олаётган ўқувчилар 1-синфга ўтказилади.
1-синфни ўқиган бола яна 1 йил вақтини йўққа чиқариб, қайта ўқиши мантиққа тўғри келмайди. Бу ўринда ота-оналарнинг эътирози ўринли. Аммо уларни 2-синф сифатида базага киритиш ҳам имконсизлиги айтилмоқда. Қолаверса, мактаб раҳбариятининг бу ноқонуний ҳаракати туфайли ўтган ўқув йилида бу болаларни ўқитиш учун бюджет маблағлари сарф қилинганини ҳам таъкидлаш керак. Айбдорлар-ку жазо олиши тайин. Лекин вазирлик болаларнинг руҳиятини ҳам ўйлаган ҳолда юзага келган муаммога “сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган” шаклда ечим топиши зарур.
Руслан Сабуров, журналист
Мавзуга оид
11:09 / 08.11.2024
Андижонда коттежлар қуриш учун ер ҳужжатини расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар талаб қилган шахс ушланди
14:41 / 06.11.2024
5 сотих ерни фуқарога расмийлаштириб бермоқчи бўлган экология бўлими бош инспектори 20 минг доллар билан ушланди
16:17 / 02.11.2024
Андижонда ишчидан алиментдан қарзини ушлаб қолмаган фермер жаримага тортилди
11:52 / 02.11.2024