Урушни давом эттираётган Россия учун асосий муаммолардан бири бу ташқи савдо ҳисоб-китобларини қандай ҳал қилиш масаласидир. Россиянинг йирик банклари SWIFT тизимидан узиб қўйилди, трансчегаравий операциялар учун каналлар сони кескин камайди, доллар ва еврода валюта операцияларини амалга ошириш анча қийинлашди. Ҳукумат экспорт учун пул олиш ва импорт учун тўловни амалга оширишнинг янги схемалари ва ечимларини излашга мажбур бўлди.

Агар 2022 йил баҳорида уруш узоқ давом этмаслиги ва аввалги тартибларга қайтиш мумкинлиги ҳақида ҳали ҳам кичик умид бўлган бўлса, ҳозир вазият жуда чигал. Кремль айни вақтда ҳатто Эронда кенг тарқалган «ҳавала» тўлов тизимидан фойдаланиш масаласини муҳокама қилишга ҳам тайёр, бу тизим пул ювишга қарши қонунлар туфайли кўплаб мамлакатларда ноқонуний ҳисобланади.

Ҳукумат ва бизнес миллий валютада операциялар амалга ошириш, бартер, нақд тўловлар ва бошқа схемаларга ўтишга ҳаракат қилди, бироқ 2022 йил учун тизимли ечим топилмади. Аммо ушбу қидирувлар давомида аллақачон аниқ тренд шаклланди: асосий эътибор криптовалюталарга ва тўловларни юанлаштиришга қаратилди. Бу эса, ўз навбатида Россия иқтисодиётининг барча хавфлар билан бирга Хитой валютасига қарамлигини тез суръатлар билан ошириб боряпти.

Доллардан юанга

Иқтисодий мустақиллик Владимир Путин дунёқарашига кўра, суверенитет асосларидан биридир. Ғарб молиявий санкцияларни қўллаш орқали Россиянинг ушбу соҳадаги заифлигини кўрсатди, яъни Россия ҳукумати учун ҳозирда асосий вазифа долларни четлаб ўтган ҳолда (яъни Америка банкларидаги вакиллик ҳисобларисиз), бошқа давлатлар билан ҳисоб-китоб қилиш имконини берадиган янги ечим яратишдир.

Агар ҳисоб-китоб механизми, қоида тариқасида, молиявий маълумотларни узатишнинг анъанавий каналларидан мустақил бўлса бу янада яхши хабар. Чунки бундай тизим сабаб санкциялар, журналистларнинг эътибори ва бошқа ёқимсиз нарсалардан қўрқишга ҳожат қолмайди.

Бироқ Кремль доллардан мустақиллик ҳақида хаёл сураётган бир пайтда, реалликда муқобил вариантлар йўқлиги Россия фирмаларини рубль ва Хитой юанидаги операцияларни амалга оширишга мажбур қилмоқда.

Урушдан олдин ҳам Россия банки Россия молия секторининг Москвага қарши санкциялар қўллаган Ғарб давлатлари валюталарига, биринчи навбатда, АҚШ долларига боғлиқлигини камайтириш йўлидан бораётганди.