Transparency International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзининг 2022 йилга мўлжалланган Коррупцияни қабул қилиш индексида нисбатан янги ҳодисага – авторитар мамлакатлар ўзларининг стратегик ташқи сиёсат мақсадларига эришиш учун коррупциядан фойдаланишининг кучайишига алоҳида эътибор қаратди. 

31 январда эълон қилинган индекс экспертлар ва ишбилармон доиралар ўртасида ўтказилган сўровлар асосида 180 та давлатда коррупцияни қабул қилиш даражасини баҳолайди. Рўйхатдаги тартиб баллар сони билан белгиланади, бу ерда ноль балл - коррупциянинг максимал кўрсаткичи, 100 балл - унинг тўлиқ йўқлиги. 

Рўйхатда ўтган йиллардагидек демократик тузилмалари, қонун устуворлиги мустаҳкам давлатлар етакчилик қилмоқда. 90 балл ва биринчи ўринни Дания, иккинчи ўринни Финландия ва Янги Зеландия, тўртинчи ўринни Норвегия, бешинчи ўринни Сингапур эгаллади. Германия 9-ўринда. Сўровда қатнашган экспертлар унга 79 балл, яъни 2021 йилдагидан битта кам балл қўйган. 

Коррупцияни қабул қилиш индексининг қуйи қисмида қуролли можаролар авж олган ва давлат тузилмалари таназзулга учраган давлатлар – Ливия, Яман, Сурия, Жанубий Судан ва Сомали жойлашган. 

Сўнгги 10 йил ичида энг кўп балл йўқотган давлатлар (минус 13 тадан) Туркия ва Венгриядир. Transparency International ҳолатни ушбу мамлакатлар ҳукумати томонидан суд тизими, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти тузилмаларининг мустақиллигини чеклаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар контекстида кўриб чиқмоқда, бу эса ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, коррупция ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашни қийинлаштиради. 

Барча постсовет мамлакатлари ичида энг яхши вазият Эстонияда, у 74 балл билан Индексда 14-ўринни эгаллаган. Рўйхатнинг биринчи қисмида ундан ташқари Литва ва Латвия, шунингдек, Грузия (56 балл ва 41-ўрин) жойлашган. 

Арманистон (63-ўрин) ўтган йили 2021 йилга нисбатан уч балл кам, аммо 10 йил аввалгидан 12 балл кўп олган. Беларусдаги вазият ҳам бир хил (91-ўрин) - ўтган йилгидан ёмонроқ, лекин 2012 йилга қараганда яхшироқ. 

Украина (116-ўрин) ҳам бир йил (плюс 1 балл), ҳам 10 йил ичидаги (плюс 7 балл) рейтингини яхшилаган. Россия деярли ўзгаришсиз қолди. У Парагвай ва Мали билан 137-ўринни бўлишиб, 10 йил олдинги каби 28 баллга эга. Коррупция Тожикистон, Озарбойжон ва Туркманистонда янада кескинроқ муаммо сифатида қабул қилиняпти. 

Россия, шунингдек, Қатар ва Марокаш Transparency International ҳисоботида стратегик ташқи сиёсат мақсадларига эришиш учун ҳукумати коррупциядан фойдаланадиган давлатлар экани қайд этилган.