19:15 / 02.02.2023
36982

“Ҳой болакай, обакидандон ейсанми?” Машҳур филм қаҳрамони бўлган “ҳиндулар саркардаси”нинг аянчли тақдири

“Унгача Канада чегараларига етиб оламиз”, “Болакай, ҳой болакай, обакидандон ейсанми?”, “Нега бурнингиз шолғомга ўхшайди?”: Мазкур жумлаларнинг барчаси бундан 60 йил муқаддам суратга олинган “Ишбилармон одамлар” фильмида янграйди ва улар бизга ёд бўлиб кетган. Фильмда роль ўйнаган шўх болакай шу пайтгача бирор марта суратга тушмаганига қарамай Георгий Вицин ва Алексей Смирнов каби машҳур актёрлар олдида ўзини кўрсата олган.

О.Генри қаламига мансуб бу асар 1962 йилда экран юзини кўради. Фильмда ўзи бор-йўғи тўрт нафар актёр ўйнаган ва уларнинг уч нафари иттифоқ миқёсида жуда машҳур эди. Ўғрилар, Вицин ва Смирновдан ташқари болакайнинг отаси ролини ижро этган Георгий Милляр (уни филмлардаги ялмоғиз роли орқали танишади) ҳам бор эди. Лекин бу машҳур учликни биринчи марта суратга тушишидаёқ ҳаммани ҳайратлантирган сепкилли болакайнинг маҳорати қойил қолдирди.

Жонни Дорсетга қадар

Фильмдаги болакайнинг исми Жонни бўлиб, у бадавлат Эбенезер Дорсетнинг ягона ўғли эди. Бола ўғрилари катта ўлжа дея баҳолаб уни олиб қочишади. У ёғини филмни томоша қилганлар жуда яхши билишади.

Жоннини гавдалантирган Сергей Тихонов 1950 йилнинг 25 декабрида Москвада туғилган. Бошқалардан кўп ҳам фарқ қилмайдиган болакай ҳали ўзи ҳам машҳур бўлиб улгурмаган Леонид Гайдайнинг эътиборига тушгани ҳам қизиқ.

Гайдай дастлаб Жонни ролига 32 ёшли Надежда Румянцевани мўлжаллаганди. Ёш омили таъсир қилдими ёки 12 ёшли Серёжа режиссёрни ҳайрон қолдирдими, хуллас бу роль Тихоновга насиб қилади. Сергей ўз ролига шу қадар киришиб кетадики, ҳеч ким суратга олиш майдонида қийналмайди. Яна болакайнинг ўзига хос қиёфаси ва қилиқларига кўра фильм янги кадрлар билан бойийди ва якуний шаклга киради. Фильм экранларга чиққач, жуда катта шуҳрат қозонади, Сeрёжа Тихонов эса бутуниттифоқ ёқимтойига айланади.

Навбатдаги роллар

“Ишбилармон одамлар” фильмидан кейин икки йил ўтиб режиссёр Евгений Шерстобитов Серёжага яна бир шўх болакай ролини берди. Мафкуравий мақсадлар кўзланган фильмдаги бу образ ҳам муваффақиятли чиқди.

У 1967 йилда “Дубравка” номли фильмда суратга тушади ва унда “Дазмол” лақабли безори ўсмир образини экранга олиб чиқади. Бу фильм ҳам етарлича муваффақият қозонади ва энди Тихонов катта кино сари қадам қўйиши учун барча асослар бордек эди. Афсуски, Сергей Тихоновнинг учинчи роли охиргиси бўлди.

Омадсизлик

Серёжа Тихинов мактабни битирганидан кейин кино санъати институтида ўқишига ва машҳур актёр бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмаётганди. Чиндан ҳам Сергей ўз ҳужжатларини Бутуниттифоқ кинематография институтига топширади. “Ҳиндулар саркардаси” бўлган болакайнинг биринчи уринишдаёқ қабул қилинишига ҳамма амин бўлиб турган бир пайтда имтиҳон олаётган Сергей Герасимов ва Тамара Макаровалар Серёжани йиқитадилар.

Тихонов ҳарбий хизматга кетади ва икки йиллик армиядан сўнг Москвага қайтади. Унда яна институтга ҳужжат топшириш, ҳеч бўлмаганда фильмлардаги синовларда иштирок этиш имконияти бор эди. Аммо барчанинг ёқимтойи бўлган болакай ҳаётда ўз ўрнини топа олмади.

Қимор ва ҳалокат

Заводда ишлади, от пойгаларига пул тика бошлади, топган арзимас маошини қиморга бой беришни одат қилди. Аянчли кунларнинг бирида у трамвайнинг остида қолиб, ҳалок бўлди. Унинг ўлими билан боғлиқ турли миш-мишлар тарқалди. Кимдир уни қарзлари туфайли ўз жонига қасд қилган, деса, яна кимдир қиморбозлар трамвай тагига ташлаб ўлдириб юборишган, деган тахминларни илгари сурди.

Шундай қилиб қобилиятли актёрнинг умри 21 ёшида якун топди. У Москванинг Химки қабристонига дафн этилган. Ярим асрдан ортиқ вақт ўтибдики, унинг қабрига ҳануз гул қўйиб кетувчилар бор. Чунки ҳалигача сепкилли болакай экранларда пайдо бўлиши билан ҳамманинг юзига табассум югуради.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Top