10:34 / 21.05.2024
4370

Россия Ходорковскийнинг ҳисобрақамларидан 1,4 млрд рублни мусодара қилмоқчи

Бош прокуратура хулосасига кўра, мусодара қилиниши керак бўлган маблағларнинг умумий миқдори 1,413 миллиард рублни ташкил этади. Прокуратура қизиқаётган пул маблағлари «Траст» банкида очилган ҳисобларда сақланади.

Фото: ТАСС/APE/OLIVIER HOSLET

Россия Бош прокуратураси ЮКОС нефт концернининг собиқ раҳбари Михаил Ходорковский, унинг бизнес шериги - «Менатеп» собиқ раҳбари Платон Лебедев ва «Сибирская лизинговая компания»га нисбатан 986 миллион рубл ва 1,8 миллион долларни қайтариб беришни талаб қилган ҳолда судга мурожаат этди. Пул маблағлари Ходорковский ва Лебедевнинг ҳисобларида жойлашгани ҳақида 20 май, душанба куни «Интерфакс», ТАСС ҳамда РИА «Новости» ахборот агентликлари хабар берди.

Манбаларга кўра, Бош прокуратура хулосаси билан мусодара қилиниши керак бўлган маблағларнинг умумий миқдори 1,413 миллиард рублни ташкил этади. Прокуратура қизиқаётган бўлган пул маблағлари «Траст» банкида тўққизта компания - «Эвойл» МЧЖ, «Ратибор» МЧЖ, «Шарқий Сибир сервис компанияси» МЧЖ, «Рентли» МЧЖ, «Сатурн XXV» МЧЖ, «Фаргойл» МЧЖ, «Сибирская лизинговая компания» МЧЖ, «Спецавтотранс» ЁАЖ ва «Менатеп лимитед» ҳисобрақамларида сақланади.

«Россия манфаатлари учун» даъво 

ТАСС хабарига кўра, даъво аризаси «суд томонидан илгари белгиланган солиқ жиноятлари натижасида етказилган зарар учун 17,4 миллиард рубл миқдорида товон тўланмагани муносабати билан» берилган. Россия Бош прокуратураси 8 май куни Москванинг Мешчанский судига даъво аризаси билан чиқди. Хабар қилинишича, Ходорковский, Лебедев ва «Сибирская лизинговая компания»га қарши даъво «Россия Федерацияси манфаатлари учун» қўзғатилган, аммо даъволарнинг моҳияти ошкор этилмаган. Суд 27 май куни даъвони кўриб чиқишни бошлайди. Айбланувчилар прокурорнинг даъволарига изоҳ беришмади. 

Россия судлари 2005 ва 2010 йилларда Ходорковский ва Лебедевни «ЮКОС иши» бўйича фирибгарлик, пул ювиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айблаб, узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилган. Уларга тегишли бўлган нефт компанияси банкротлик жараёнидан ўтди ва миллийлаштирилди. Россия президенти Владимир Путин 2013 йилда Михаил Ходорковскийни афв этган, шундан сўнг тадбиркор Россияни тарк этган. Платон Лебедев 2014 йилда озодликка чиқарилган.

Top