Ғарб давлатлари АЭХАнинг Эрон бўйича ҳисоботига муносабат билдирди
Уранни бойитиш центрифугаларининг эълон қилинмаган модификацияси Эроннинг ЯҚТШ бўйича мажбуриятларига мос келмайди, деб маълум қилди Германия, Франция, Буюк Британия ва АҚШ.
Ғарб давлатлари Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА)нинг Эрон ташкилотни олдиндан огоҳлантирмасдан, Теҳрон жанубидаги Фордо уран бойитиш заводида баъзи центрифугалар конфигурациясига жиддий ўзгаришлар киритгани ҳақидаги ҳисоботига муносабат билдирди. Бу ҳақда Франция, Германия, Буюк Британия ва АҚШнинг қўшма баёнотида айтилади. Ҳужжат 3 февраль, жума куни Германия Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинди.
АЭХА томонидан таъкидланганидек, центрифугаларнинг эълон қилинмаган ўзгариши Ислом Республикасининг Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома (ЯҚТШ) бўйича кенг қамровли кафолатлар тўғрисидаги битим мажбуриятларига мос келмайди.
Центрифугалар қурол даражасига яқин уран ишлаб чиқариш учун ишлатилади. Теҳрон ҳисобот бериш мажбуриятларини бажариши ва АЭХА зарур деб ҳисоблаган мониторинг шартларини қабул қилиши керак, дейилади мамлакатлар мурожаатида.
Ҳужжат муаллифлари: «Эроннинг бу ҳаракатлар нотўғри қабул қилингани ҳақидаги баёнотлари адекват эмас», дея ишонч билдирмоқда. Франция, Германия, Буюк Британия ва Қўшма Штатлар Эрон ҳаракатларини Теҳроннинг тахминий ниятлари эмас, балки «АЭХАнинг холис ҳисоботлари» асосида баҳолашларини таъкидладилар.
Эрон хатти-ҳаракатлари «кўпроқ ташвиш уйғотяпти», чунки у 2015 йилда Эрон ва «олтилик» (АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция ва Германия) ўртасида тузилган Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси (JCPOA) бўйича ўз мажбуриятларини ва қўшимча протоколни деярли икки йил давомида бажаришни тўхтатди, дейди ҳужжат муаллифлари.
Ғарб Фордодаги завод ишининг шаффофлиги бўйича Эрондан самарали кафолатлар кутмоқда.
2022 йил 22 ноябрда Эроннинг ISNA ахборот агентлиги Теҳрон Фордодаги ерости заводида уранни 60 фоизгача бойитишни бошлагани ҳақида хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, Фордо ва Нетанзедаги объектларга қўшимча центрифугалар ўрнатилган. Эрон бошқа атом заводида уранни аллақачон 60 фоизгача бойитмоқда. 2015 йилги халқаро ядровий келишув шартларига кўра, Эрон уранни 3,67 фоиздан ортиқ бойитиш ҳуқуқига эга эмас. Ядро қуролини ишлаб чиқариш учун уни 90 фоизгача бойитиш зарур.
Халқаро ядровий битим ўша пайтда президентлик лавозимида Доналд Трамп бўлган Қўшма Штатлар ундан бир томонлама чиқиб кетганидан кейин амал қилишни тўхтатди.