Планшетга “кўчган” кўрик, ўтиш осонлашган чегара ва рақамлашаётган тизим
Жорий йилда йўлга қўйиладиган “Экспорт уч қадамда” лойиҳаси билан 9 босқичли божхона расмийлаштируви 3 баробарга қисқартирилади. Бунинг натижасида миллиардлаб маблағлар тадбиркорларнинг чўнтагида қолиши кутиляпти.
Маррани катта олган тадбиркор борки, маҳсулотини жаҳон бозорида сотишни мақсад қилади. Яқин вақтгача экспортга товар чиқаришдан аввал маблағнинг келиб тушишини талаб этиш, экспортдан тушган валютани давлатга мажбурий сотиш, рухсат бериш тусидаги ҳужжатларни олишда бир нечта вазирлик ва идораларда эшикма эшик юриш ортиқча харажатларга олиб келарди. Қолаверса, маҳсулот юк машинасига ортилиб, чегарадан чиқиб кетгунча бўлган жараёнда бир неча босқич инсон омили билан амалга оширилгани коррупция хавфини юзага келтирган.
Кейинги йилларда божхона тизими буткул ўзгарди, соҳа рақамлаштирилди. Бунинг натижасида экспорт қилиш жараёни ҳам анча соддалашди. Авваллари қўл билан бажарилган аксарият жараёнлар ҳозирда электрон кўринишда амалга оширилмоқда. Экспорт-импорт жараёнида ноқонуний ҳаракатларга йўл қўймаган, “ўтмиши тоза” бўлган тадбиркорлик субъектларига қўшимча енгилликлар бериляпти: уларнинг товарлари “Хавфни бошқариш тизими” томонидан “яшил” ва “сариқ” йўлакларга йўналтирилади.
Шунингдек, экспорт божхона юк декларацияларини тўлдириш тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилмоқда.
“Корхонамизда маҳаллий ва хорижий бозорлар учун электрод маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Хомашёни импорт ва маҳсулотимизни экспорт қилишда ҳам божхонага декларацияларни электрон шаклда топширамиз. Яъни божхона ходимлари билан тўғридан тўғри мулоқот қилмаймиз. Олдин бу жараён бироз кўп вақт олган. Айниқса, экспорт маҳсулотимизга сертификат олишда кўп вақт йўқотардик. Ҳозирда сертификатларни ҳам “Ягона дарча” ахборот тизими орқали оламиз. Бу биз учун жуда қулай”, — дейди “Monolith Asia” МЧЖ божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиси Фарангиз Қамбарова.
Мазкур корхона томонидан 2022 йилда чет давлатга 238 партияда электрод маҳсулоти экпорт қилинган. Шундан 227 партия юк “яшил йўлак”ка йўналтирилган. Бу корхона ташқи иқтисодий фаолиятини амалга оширишда божхона органлари ишончини оқлаганини билдиради.
Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати бош инспектори Ҳусан Тангриевнинг таъкидлашича, эндиликда экспорт операциялари 9 босқичдан 3 босқичга ўтказилади:
“Мазкур корхона бугунги кунда божхонада тадбиркорлар учун, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун жорий қилинаётган енгилликлар ва қулайликлардан энг самарали фойдаланиб келаётган корхоналардан бири ҳисобланади. Корхона 2022 йилда қарийб 11 млн долларлик 5 минг тоннага яқин маҳсулот экспорт қилган. Ва мана шу экспорт жараёнида барча юклар соддалаштирилган тартибда божхона назорати ҳамда расмийлаштирувдан ўтказилган. Яъни бу корхонанинг юклари “Хавфни бошқариш тизими”да асосан “яшил” ва “сариқ” йўлакларга тушган.
Битта жиҳатга эътибор қаратиш керак: ҳозирги ҳолатда экспорт операциялари 9 босқичдан иборат бўляпти. Эндиликда бу 3 та босқичга ўтади. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, айниқса экспортни энди бошлаётган тадбиркорлар кўпинча божхона декларациясини тўлдиришда мазкур турдаги хизматни кўрсатадиган брокерларга мурожаат қилишади. “Экспорт уч қадамда” лойиҳаси ишга туширилгач, декларациянинг ўзи автоматик равишда тўлдирилади. Тадбиркорларнинг брокерларга ажратаётган маблағлари эса ўзларига қолади”.
“Қизил йўлак”ка йўналтирилган товарлар божхона кўригидан ўтказилади. Олдин бу жараёнда ҳам коррупция хавфи юқори бўлган: ходим божхона кўригини амалга оширган, кейин божхона постига бориб, кўрик натижаларини тегишли ахборот тизимига қўлда киритган. Бу вақтда эса тадбиркор кутиб туришга мажбур бўларди. Бугунги кунда ҳар бир ходимга махсус дастур ўрнатилган планшетлар тарқатилган. Божхона кўриги хулосаси мазкур планшет ёрдамида жойида расмийлаштирилди ҳамда бармоқ изи билан тасдиқланади. Олдин ҳар бир божхона кўригига 3 соат вақт сарфланган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич узоғи билан 1 соат 30 дақиқани ташкил қилмоқда.
2022 йил божхона органлари томонидан 220 мингдан ортиқ экспорт божхона юк декларациялари расмийлаштирилган. Уларнинг 124 мингдан ортиғи брокер хизматидан фойдаланилган ҳолда, қолганлари эса бевосита тадбиркорларнинг ўзлари томонидан тақдим этилган. Мазкур декларациялар асосидан экспортга йўналтирилган товарларнинг 90 фоизи соддалаштирилган тартибда, яъни божхона кўригисиз, хавф даражаси паст бўлган экспорт божхона юк декларацияларининг 80 фоизи эса мавжуд ахборот тизимлари орқали автоматик, инсон омилисиз расмийлаштирилган. Содда қилиб айтганда, ушбу жараёнларда божхона ходими ва тадбиркорнинг ўзаро мулоқотга киришишига ёки юзма-юз кўришишига умуман эҳтиёж туғилмаган.
Божхона юк декларациялари электрон кўринишда амалга оширилгач, юк машинаси маҳсулот ортилган корхонадан тўғри чегара постига боради. Бугунги кунда божхона чегара постларида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Яллама” чегара божхона пости тўлиқ реконтрукция қилиниб, қулайликлар яратилган. Ҳозирда бу ерда автотранспорт воситаларининг чегара-божхона постидан ўтишга сарфлайдиган вақти 30 дақиқага ҳам бормайди. 5-6 йил аввал бу рақам 65 дақиқани ташкил қилган.
Божхона тизимида бу каби ўзгаришлар давом эттирилмоқда. Жорий йилда “Экспорт уч қадамда” лойиҳаси амалга оширилади ва 9 та босқичли божхона расмийлаштируви 3 баробарга қисқартирилади. Лойиҳаамалиётга жорий этилгач тадбиркорлик субъектларнинг божхона брокерларига сарфлаётган йиллик 74-75 млрд сўмлик маблағлари ўз чўнтагида қолади.
Шунингдек, ҳозирда қоғоз кўринишида қўлланаётган инвойс ва транспорт ҳужжатлари бевосита тизим орқали шакллантирилади ва тўлиқ электрон кўринишга ўтади. Бунинг натижада, расмийлаштирув вақти ҳам 2 - 3 соатдан 5-10 дақиқагача қисқаради.
Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.
Мавзуга оид
17:02 / 22.11.2024
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
17:40 / 14.11.2024
Бухоро амирлиги даврига тегишли қадимий тангаларни олиб чиқиб кетишга уринган шахс тўхтатиб қолинди
23:41 / 13.11.2024
Ўзбекистонга 245 млн сўмлик қўл соатлар ва заргарлик буюмларини яширинча олиб ўтишга уринган шахслар тўхтатилди
17:56 / 06.11.2024