Ҳозирги кунда “Навоийуран” давлат корхонаси мамлакатимиздаги барқарор ва жадал ривожланаётган субъект бўлиб, ўз маҳсулотини 100 фоиз экспортга йўналтираётган йирик саноат корхоналаридан бири ҳисобланади. Корхонанинг асосий ишлаб чиқариш маҳсулоти табиий уран бўлиб, “Зафаробод” кон бошқармаси, “Учқудуқ” ва “Нуробод” ишлаб чиқариш майдонларида жойлашган 6 та геотехнологик конларда қазиб олинади. Навоий шаҳридаги Уран ишлаб чиқариш заводида эса уран чала оксиди (табиий уран) кўринишига келтирилади.



Сир эмас, республика уран саноати тармоғи тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. 2022 йил 14 июлдаги “2022-2030 йилларда “Навоийуран” давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори корхонанинг истиқболдаги фаолиятини белгилаб берувчи муҳим тарихий ҳужжат бўлди. Мазкур қарорда Франциянинг “Orano Mining” компанияси экспертларини жалб қилган ҳолда, “Навоийуран” давлат корхонаси фаолиятини молиявий, техник, юридик ва ишлаб-чиқариш қувватларини комплекс ўрганиш ҳамда ривожланиш стратегияси, операцион самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш ва автоматлаштириш ҳисобига ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш вазифалари ҳам белгиланган.



Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 21-22 ноябрь кунлари Франция Республикасига расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (ҳозирги Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги), “Навоийуран” давлат корхонаси ҳамда Франциянинг “Orano Mining” компанияси ўртасида уран қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича уч томонлама стратегик ҳамкорлик келишуви имзоланди.



















