Жаҳон | 11:34 / 13.02.2023
8959
3 дақиқада ўқилади

Французлар пенсия ислоҳотига қарши оммавий норозилик билдирди

Францияда президент Макроннинг пенсия тизимини ислоҳ қилиш режаларига қарши навбатдаги умуммиллий норозилик намойиши бўлиб ўтди. Парижда намойишлар тартибсизликлар ва полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди.

Фото: DW

Франциянинг Париж, Ниццеа, Марсел, Тулуза, Нант ва бошқа шаҳарларида 960 мингдан ортиқ одам президент Эммануэл Макроннинг пенсия тизимини ислоҳ қилиш режаларига қарши норозилик намойишига чиқди. Бундай рақамлар 11 февраль, шанба куни Франция Ички ишлар вазирлиги томонидан келтирилди.

Пойтахтда расмийлар 93 000 га яқин иштирокчини санади, бу январь ойида бошланган норозилик намойишларидаги бери энг кўп рақам. Намойишларга иш кунларида ўтказилганда намойишчиларни қўллаб-қувватлай олмаган талабалар ва аҳолининг бошқа гуруҳлари ҳам қўшилди.

«Биз хавотирланиш учун жуда ёш эканлигимизни тез-тез эшитяпмиз, лекин инфляция ва электр нархининг ўсиши шароитида бу ислоҳот бизнинг оилаларимизга таъсир қилади», - дейди 18 ёшли намойишчи Элиза Ҳаддод.

Акциялар авиадиспетчерларнинг эълон қилинмаган иш ташлаши билан бирга бўлди, бу эса Франция пойтахтидаги иккинчи йирик аэропорт - Париж-Орли ҳаво бандаргоҳидан парвозларнинг ярми бекор қилинишига олиб келди.

Намойишлар тартибсизликларнинг авж олиши билан кечди. Парижнинг марказий хиёбонларидан бирида битта машина ва бир нечта чиқинди қутилари ёқиб юборилди. Полиция намойишчиларни кўздан ёш оқизувчи газ билан тарқатди ва саккиз кишини ноқонуний ўқотар қурол сақлашдан тортиб вандализмгача бўлган жиноятларда айблаб ҳибсга олганини айтди.

Навбатдаги акция 16 февралга белгиланган.

Пенсия тизимини ислоҳ қилиш Франция президенти Эммануэл Макроннинг сайловолди кампаниясидаги асосий ваъдаларидан биридир. Ислоҳотнинг асосий бандлари Франция бош вазири Элизабет Борн томонидан санаб ўтилган. Пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшга, ходимларнинг пенсия жамғармасига тўлов тўлашининг энг кам муддатини 43 йилга ошириш режалаштирилган. Шу билан бирга, энг кам пенсия миқдори ойига 1200 еврогача ошади, дея ишонтирмоқда ҳукумат.

Борннинг сўзларига кўра, ислоҳотдан мақсад 2030 йилга бориб 20 миллиард еврога етиши мумкин бўлган Франция пенсия жамғармаси тақчиллигининг олдини олишдир. Касаба уюшмалари, ўнг қанот популистик Миллий митинг партияси ва сўл сиёсатчилар ҳукумат режаларини кераксиз деб ҳисоблаяпти. Касаба уюшмалари раҳбарлари ислоҳот барча французларни, айниқса, эрта иш бошлаган ва умр кўриш давомийлиги мамлакатдаги ўртача кўрсаткичдан паст бўлганларни қамраб олишини билдирмоқда.

Агар пенсия ислоҳоти парламентда кўпчилик овозга эга бўлмаса, бош вазир конституциянинг 49.3-бандидан фойдаланиши мумкин, бу эса қонунни овоз беришсиз қабул қилиш имконини беради - агар ҳукуматга ишончсизлик вотуми қабул қилинмаса.

Мавзуга оид