“Ўзбекистондаги барча нефт-газ конларига оид эксклюзив ҳуқуқ Россияга берилгани ёлғон” — вазир
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва “Ўзбекнефтгаз” раиси Меҳриддин Абдуллаев журналистлар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашиб, нефт-газ соҳаси бўйича “Озодлик” радиоси эълон қилган суриштирувга оид саволларга жавоб берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Учрашувда Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон барча нефт ва газ конларига тегишли эксклюзив ҳуқуқ Россияга берилгани ҳақидаги маълумотни рад этди.
“Бу – умуман асоссиз, ёлғон, нотўғри талқин қилинган маълумот. Эксплуатациядаги конларнинг асосий қисми “Ўзбекнефтгаз” компаниясида”, – деди вазир.
Унинг сўзларига кўра, 35 йиллик эксклюзив ҳуқуқ фақатгина Сурхондарёнинг Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” номли конга тааллуқли.
“Ўзбекистонда ҳозирги кунда 250 дан ортиқ нефт ва газ конлари бўлса, бу – шу конлардан биттаси. Ҳозирги кунда инвесторлар томонидан тўлиқ ўзларининг ҳисобидан – бюджетдан харажат ёки давлат кафолати йўқ – юз фоиз инвесторлар ҳисобидан амалий ишлар олиб бориляпти”, – деди Мирзамаҳмудов.
Вазирнинг айтишича, кондан олинган фойдани инвестор ва давлат ўзаро 50/50 нисбатда тақсимлашга келишган. Битим кучга кирганидан бошлаб 35 йил давомида амал қилади.
“Нимага 35 йил деган савол туғилиши мумкин. Биздаги маҳсулотни тақсимлаш битимларидан 5 тасининг муддати 25 йилдан 42 йилгача. Масалан, Қандимдаги кон бўйича “Лукойл” билан битим муддати – 42 йил, сабаби бунинг 8 йили геологик қидирув ишларини ўз ичига олади.
“Мустақилликнинг 25 йиллиги” (аввалги номи “Гаджак”) кони бўйича шартнома 35 йилга тузилган, шундан 8 йили – геологик қидирув ишлари”, – деди у.
Энергетика вазирлиги раҳбари келишув нусхасини кўрсатар экан, тақдим этилган эксклюзив ҳуқуқ фақатгина шартномада белгиланган лойиҳа ҳудудига тааллуқли бўлиши ҳақидаги бандни келтириб ўтди. 2017 йил апрелдаги келишувга Ўзбекистон Республикаси номидан собиқ бош вазир ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов имзо қўйган.
“Мустақилликнинг 25 йиллиги” конини ўзлаштириш ва ундан маҳсулот қазиб олиш лойиҳаси 2017 йилда бошланган. Бунда Ўзбекистон Республикаси бир томондан, инвесторлар консорциуми иккинчи томондан шартнома имзолаган.
Консорциум учта компаниядан иборат: “Gas Project Development Central Asia AG” (Швейцария), “Altmax Holding Ltd” (Кипр) ва “Узнефтегаздобича” АЖ (Ўзбекистон, давлат корхонаси).
Учрашувда маълум қилинишича, бу кон Сурхондарёнинг ноқулай рельефга эга Бойсун тоғларида жойлашган. У 1960 йилларда аниқланган бўлса-да, мураккаблиги боис узоқ вақт давомида ўзлаштиришнинг имкони бўлмай келган.
2006 йилда Малайзиянинг Petronas ва Саудия Арабистонининг Delta Oil компаниялари конни ўрганишга киришган. Лекин коннинг мураккаб геологик тузилиши, газ таркибида олтингугурт ва углеводород оксиди миқдори юқорилиги сабаб 2013 йилда лойиҳадан чиққан.
Қўшимча қилинишича, 2017 йилдаги келишув асосида бошланган газ ва газ конденсати қазиб олишга тайёргарлик жараёни 8-10 йил давом этиши мумкин.
Мавзуга оид
13:54 / 19.12.2024
Пойтахт ИИББ Отабек Бакиров устидан жиноят иши қўзғатишни рад этди
15:08 / 13.12.2024
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иқтисодчи Отабек Бакиров устидан ҳуқуқ органларига ариза берди
09:35 / 10.12.2024
Биржа савдоларига чиқарилаётган кунлик автобензин ҳажми икки баробар оширилади
08:10 / 07.12.2024